Ёшлар ҳар бир миллатнинг келажагидир. Бу эса ёшларга жиддий аҳамият берилиши лозимлигини билдиради. Ҳар бир шахснинг ким бўлишлиги ёшлик пайтидан билина бошлайди. Ёшлик пайтида шаклланиб қолган сифатлар инсонга бутун умри давомида ҳамроҳ бўлади. Шунинг учун жамиятда ёшларнинг одобли, ақлли, ҳалол, тарбияли инсон бўлишлари учун ҳаракат қилинади.
Ёшларнинг тарбиясига таъсир этувчи омиллар ижобий ва салбийга бўлинади. Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати йўлини кўрсатиб берувчи дини — Исломда ёшларнинг тарбиясига оид кўплаб оят ва ҳадислар ворид бўлган. Мана шу оят ҳадисларга оғишмасдан, тўлалигича амал қилинса, Аллоҳнинг тавфиқи билан, ўсиб ўнаётган фарзандлар чиройли хулқли, одобли, тарбияли бўлиб ўсадилар ва умрларининг охиригача шундай яшайдилар. Улардан барча мамнун бўлади, инсонларнинг ҳурматига, муҳаббатига сазовор бўлишади. Ислом дийни ҳеч кимни ҳеч қачон ёмонликка чақирмайди балки доимо яхшилик қилишга, гўзал хулқлар билан хулқланишга, ҳалол яшашга чақиради. Бу тарбиянинг исломий кўриниши. Буни ижобий тарбия дейилади.
Энди салбий тарбия қандай бўлади, нимадан келиб чиқади? Салбий тарбия бу ижобий тарбиянинг акси бўлиб, унинг салбий эканлиги фақатгина таълим орқали билинади. Унинг келиб чиқиши жоҳиллик сабабидан, қайсарлик ва бўйинсунмасликдан, ҳавои нафсга берилиб кетишдан келиб чиқади. Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларида, ёшлар орасида машҳурлик даражасига эришган «Оммавий маданият» деб аталувчи офат ёшларнинг орасига чуқур сингиб кетган бўлса-да, унинг ёшлар тарбиясига салбий таъсирлари мана энди энди муҳокама қилинмоқда. «Оммавий маданият»ни ёшларнинг юриш туришида, саломлашишида, айниқса кийинишида яққол кўзга ташланса-да, кўпчилик бунга оддий ҳолдек ёндошиб, «бу мода, замоннинг талаби шундай» деб баҳона излашади.
Ёшларнинг тарбиясига таъсир этувчи омиллардан яна бири интернетдан ноўрин фойдаланишдир! Дарҳақиқат, интернетнинг имкониятлари чексиз. Агар ундан самарали фойдалинилса катта ютуқларга эришиш мумкин. Бироқ, бугунги глобаллашув даврида ёшларни турли таҳдидлардан асраш, уларда халқаро тармоқ томонидан тақдим этилаётган турли ахборот оқимидан ҳаққоний маълумотларни саралай билиш, тўғри ва мақсадли фойдаланиш маданиятини юксалтириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. Шундай экан ёшларни интернет сайтларга киришида ахборотдан тўғри ва мақсадли фойдаланиш маданиятини юксалтириш зарур.
Муқаддас ислом дийнимизнинг бу борада кўрсатмалари қандай?
“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг…”. (Таҳрим 6). Ояти каримада Аллоҳ таоло инсоннни аввало ўзини тўғрилаб олмоқлигини ва шундан сўнг аҳлига таълим ва одоб беришлигини баён қилмоқда. Шундай экан ўсиб келаётган ёш авлодни, уларнинг онгига таъсир қилувчи ҳар қандай салбий ҳолатлардан ҳимоя қилиш иймонли кишиларнинг бурчи экан.
Ибн Масъуд р.а дан ривоят қилинади : Набий с.а.в дедилар: “Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилиб олгани ва қаерга сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Робби ҳузуридан узилмайди”. Термизий ривоят қилган.
Юртимиз раҳбари ўз нутқида: “Ишонаманки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда сизлар сингари фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз фаол иштирок этиб, муносиб ҳисса қўшадилар”, деди.
Бас, юртимиз ёшлари олдидаги улкан марраларга етишиши учун бугунги вақтни зое қилмасликка, берилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишга, ватанимиз, динимиз учун хизмат қиладиган фидоийлардан бўлишга интилмоғи ва доимо ҳаракатда бўлиши шарт!

Отабек домла Хусанов,
Олтикўл тумани «Жалабек ота»
жоме масжиди имом-хатиби