ЁҚИМЛИ ҲАЁТ

834

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бизлар жаннатмонанд диёрда яшаймиз. Юртимиз озод ва обод бўлиши ўзи катта неъмат, ерларимизнинг унумдорлиги, сувларимизнинг тотли экани, бунинг натижасида меҳнаткаш халқимиз меҳнатлари самараси ўлароқ меваю-сабзавотларимиз бошқа ўлкаларда мисли топилмайдиган даражада таъмга эга эканлигилиги кишини қувонтиради. Аммо, ҳозирги кунда ушбу неъматлар ичида ҳаёт кечирар эканмиз баъзи инсонларнинг яхши ҳаёт излаб ўзини ҳар томонга ураётганлари ҳам сир эмас. Гўёки баъзилар фақатгина моддий ҳаёт тўкислиги учун уринаётгандек, маънавий-руҳий ҳолат ёддан кўтарилгандек. Инсон ҳаёт кечирар экан, ҳаёти мазмунли, ибратли бўлишини орзу қилади. Муқаддас динимизда бу ҳақда яъни, “ҳаёти тоййиба”, (ёқимли ҳаёт) ҳақида қандай гаплар борлигини билишга албатта қизиқамиз. Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 97-оятида:

“Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор бир эзгу иш (солиҳ амал) қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”, марҳамат қилган.

Китобларимизда “ёқимли ҳаёт” (ҳаёти тоййиба) деган сўзга бир қанча шарҳлар айтилган. Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” китобларида бу сўзга Абул Баракот Насафийнинг “Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут –таъвил” номли тафсирларидан қуйидагича иқтибос келтирганлар:

“Чин солиҳ мўмин бу дунёда бой ёки камбағал ҳолда яшамасин, барибир, унинг ҳаёти ўзига ёқимли ва мақбулдир; бой бўлгандаги ҳолати маълум. Борди-ю, у фақирликда яшаётган бўлса ҳам унда яна бир катта бойлик-қаноат борки, у туфайли ғам-ташвиш тортмайди”.

Солиҳ амал, яъни, Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларга айтилади. Аҳли сунна вал жамоа наздида нарсаларга  яхши ва ёмон деб айтилиши Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам ҳадислари асосида бўлиши даркор.

Шамсиддин Қуртубий розияллоҳу аънҳу ўзининг “ал-Жомиъ лиаҳкамил Қуръан” номли тафсирида : “Ҳаёти тоййиба” ҳақида уламолардан бир қанча сўзларни келтирган, жумладан, “Ҳаёти тоййиба”сўзини Ибн Аббос розияллоҳу аънҳу Саъийд ибн Жубайр  ва Ато розияллоҳу аънҳулар “ҳалол ризқ” деб тафсир қилганлар. Бу тафсирга кўра “кимки амали солиҳ қилса дунёдаги мукофот сифатида унинг ризқи ҳалолдан бўлади, Аллоҳ таоло ҳалол ризқ сабабларини осон қилиб қўяди”, дегани бўлади. “Ҳаёти тоййиба” сўзини “қаноат”, дея тафсир қилинган бўлиб, бу гапнинг нисбати Ҳасан Басрий, Зайд ибн Ваҳб розияллоҳу аънҳуларга берилган. “Кимки амали солиҳ қилса дунёдаги мукофот сифатида унга қаноат исмли неъмат берилади. Бу банда Аллоҳ таоло томонидан берилган ризққа қаноат қилувчи бўлади.  “Ҳаёти тоййиба” Заҳҳок р.а. томонидан қуйидагича тафсир қилинган: “Аллоҳ таоло солиҳ амал қилган бандани тоатларга тавфиқли қилиб қўяди, зеро, тоатлар эса инсонни Аллоҳнинг розилигига олиб боради”

Яна “Кимки мўмин холида қийинчилик кунларда ҳам, осончилик кунларда ҳам солиҳ амал қилса унинг ҳаёти  ҳаёти тоййиба бўлади, деб айтганлар.

Мужоҳид, Қатода ва Ибн Зайд роҳматуллоҳи алайҳимлар “ҳаёти тоййиба” бу –жаннат деганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан “Саодат” ҳам дейилган.  Абу Бакр Варроқ роҳматуллоҳи алайҳи эса: “Тоатларга ҳаловат берилиши” деганлар. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий роҳматуллоҳи алайҳидан : “Бандадан тадбир қилишлик олиб қўйилиб, Ҳақ таолога берилиши”, яъни, мазкур банда ишларнинг тадбирини қилишликдек машаққатли ишлардан озод этилиб, унинг ишлари тадбири Аллоҳ таоло томонидан чиройли тадбир қилинади. Жаъфар Содиқ роҳматуллоҳи алайҳи “У Аллоҳни танимоқлик ва Аллоҳ ҳузурида сидқ мақоми берилиши”, деганлар. Шунингдек, “халқдан беҳожат бўлиб, Ҳаққа муҳтож бўлишлик”, “Аллоҳнинг қазосига рози бўлишлик” деган сўзлар ҳам айтилган.

Ушбу ояти карима ҳақида фикр юритсак, солиҳ амал қилишлик нафақат эркаклар учун, балки аёллар учун ҳам бирдек тааллуқли эканини англаймиз. Ва яна солиҳ амалларга ваъда қилинган мукофот эркакларга ҳам аёлларга ҳам бир хилда тегишлидир. “Мўмин бўлган холида”, дейилганидан солиҳ амал қилишлик шарти иймонли бўлган холда қилиниши зарур эканлиги келиб чиқади. Сўфи Аллоҳёр роҳматуллоҳи алайҳи  “Саботул ожизийн” номли асарларида иймон таърифида:

Амалнинг нафъи ҳам иймон биландур,

қачон ёлғуз амал қилғон биландур,  дейдилар.

Бандага амалнинг фойда беришининг шарти ўша амал иймон билан қилинишидир. Аммо, иймонсиз холда амал қилинса харгиз фойда бермайди.

Юқоридаги сўзлар солиҳ амал қилган инсонга бу дунёда ваъда қилинган яхшиликлар эди.  Солиҳ амал қилган мўминларга охиратда бериладиган мукофот  Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек:  “…ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” Наҳл сурасининг 97-ояти:

Юқорида кўриб ўтганимиздек инсон ҳаёти фақатгина эзгу-солиҳ амаллар билан зийнатланиши керак. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов: “Савоб ишни ҳар ким ва ҳар куни қилиш керак”, деганларидек, ҳар бир ёшу-қари ўз имконияти даражасида савоб ишларни қилишлик билан ҳаётни ўтказар экан шу ҳақиқий саодатдир.

Аллоҳим! Бизга ҳаёти тоййиба бергин!

Андижон шаҳар “Шаҳидтепа”

жомеъ масжиди имом-хатиби

Шамсиддинов Исомиддин