ҚАСИДА

1160

Вужудга келмоқ чун тақдир қилган он

Ўтдингиз нур бўлиб замоналардан.

Ким бор яна бахтлироқ, бўлиб нурафшон

Нурингиз жой олган пешоналардан.

Келганда нур Абдуллоҳга етибон

Тўлин ойдек порлади у бегумон

Насаб олий, барчалари покдомон

Тизилганди тиниқ маржоналардан.

Абдуллоҳга завжа бўлди Омина

Шу тариқа нурга тўлди Омина

Қанчалари доғда қолди, Омина

Буни сўранг ақли ҳайроналардан.

Оминани ташлаб кетди Абдуллоҳ

Кўзларини ёшлаб кетди Абдуллоҳ

Юрагини ғашлаб кетди Абдуллоҳ

Айрилмасин ҳеч ким ҳамхоналардан.

Кўнглингизга алам-ситам йиғилганда

Эслаб қўйинг дард-у ғамдан бўғилганда

Росулуллоҳ етим бўлган туғилганда…

Изланг Ҳақни қалби вайроналардан.

Олти ёшда онасига бўлди ҳамроҳ

Мадинага отландилар бир кун ногоҳ

Отасининг қабрига тушганда нигоҳ…

Сўйланг менга дили ғамхоналардан.

Шунчалар бўлурми ёш гўдак сабри

Бўлди-ку зиёда етимлик жабри

Она ҳам тарк этди, Абвода қабри…

Хабар олиб туринг хилхоналардан.

Кичикликдан намоёндир хулқ-одоб

Гулгун чеҳралари мисоли офтоб

Аминдур лақаби ростгўйлик сабаб

Эмас эди нафс учун гирёналардан.

Қирқ ёшига етганида ул жаноб

Кўрдиларки дунё бўлди қуруқ сароб

Судхўрлик авжида, зино-ю шароб

Ширк ва фасод анқир майхоналардан.

Ошиён қилиб шунда Ҳиро ғорини

Ошиқлар топганидек зебо ёрини

Ҳаққа изҳор қилди дилда борини…

Изланмас ҳақиқат кошоналардан.

Қилардилар ибодат Иброҳимдек

Борардилар уйга гоҳ-гоҳида лек

Буёғига индаманг, эшитинг тек

Кечинг энди бошқа афсоналардан.

Чунки нозил бўлди ҳозир бир калом

Тоғларга юкланса бўларлар тамом

Лек қалби уммон зот алайҳиссалом

Этди қабул, эди мардоналардан.

Шу ондан бошланди Ҳаққа чақириқ

Гарчи эшитдилар озор-бақириқ

Бир зумга тинмади қутлуғ ҳайқириқ

Гар Ислом тарқади бир доналардан.

Бу йўлда чекдилар заҳмат қанчалар

Эшитди бўҳтону туҳмат қанчалар

Ўзимга келмадим анча-анчалар

Бўлсамда амали фисқоналардан.

Шулардан бирини ҳозир эсласам

Тарих сари уловимни тезласам

Демай туринг вақтим олдинг, тўхта сан

Ўзим бўлай сизга парвоналардан.

Тоифга бордингиз Маккадан безиб

Берармикан ёрдам қўлларин чўзиб

Ҳайдадилар мусаффо дилингиз эзиб

Нажот йўқ яқину бегоналардан.

Туриб олиб йўл четига яланг-ёшлар

Тош отишар, ҳақоратлар бу авбошлар

Кавушингиз қонга тўлди тегиб тошлар

Етди зулм ҳатто девоналардан.

Бугунгидек юрганимдан зор-ҳайрон

Яхши эди бўлсам сизга темир қалқон

Гарчи қўлимдадир мустаҳкам арқон

Фарқи йўқман чўлдаги сарсоналардан.

Саҳобалар, сиз эдингиз содиқлар

Пайғамбарга чин кўнгилдан ошиқлар

Чидадингиз қанча ўтди ур-йиқитлар

Завқ олинг жаннатда райҳоналардан.

Гарчи ҳолимиздан қилсакда уят

Биттагина умид бор, қанийди шояд

Қиёматда насиб қилса шафоат

Бўлар эдик ҳуррам-мастоналардан.

Дуо қилинг ҳаққимизга, ё Расул

Ҳадис ривож топсин, илм-у фиқҳ, усул

Илм-у ибодатдан топайлик ҳузур

Масжидлар яшнасин хатмоналардан.

Мадҳингиздан ожиз қолгач қаламлар

Юборурмиз сизга салот-саломлар

Мавлидингиз нишонланган хуш дамлар

Тошкент-у Андижон, Фарғоналардан.

Андижон шаҳар «Имом Аъзам»

жомеъ масжиди имом-хатиби

Жўрабоев Ҳабибулло