Яхши гумон

1284

Бир аёл таксини орқа ўриндиғи бўш бўла туриб, ҳайдовчи ёнига ўтирди. (???)

Чунки ҳайдовчи унинг эри эди.

Соқоли бор бир киши азон айтилган масжид олдидан намоз ўқимай ўтиб кетди. (???)

Чунки у шу масжид яқинидаги масжидда имом эди.

Бир киши поёзд бекатида навбат кутиб ўтирарди. Бир киши унга салом берди. У эса жавоб қайтармади. (???)

Чунки унинг қулоғи эшитмас эди.

Олийгоҳда ўқийдиган бир талаба шериги билан тамаддихонага бирга кирарди. Шериги доим шошилиб туриб кетарди. У нимага бундай қиларди? Кўрганлар уни бахл деб ўйларди. Аслида-чи? Аслида қандай эди? (???)

Чунки унинг отаси машаққат билан ишлаб, бир ойга етарлик пулни базўр жўнатар эди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Дарҳақиқат, кўпинча атрофдаги инсонларга нисбатан унинг ташқи кўринишига қараб фикр юритиб қўямиз. Кўп ҳолларда иш биз ўйлагандан бошқача бўлиб чиқади. Кейин ўзимиз аттанг қилиб қоламиз. Бўлар иш бўлди. Энди афсус қилишнинг фойдаси йўқ. Шу каби ҳолатларда биз яхши гумон сифатини ўзимизда шакллантириб олишимиз керак.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ ۖ

  1. «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир…» Ҳужурот сураси.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “إياكم والظن فإنه أكذب الحديث”. رواه البخاري ومسلم.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Гумондан сақланинг. Чунки у энг ёлғон гапдир». Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган.

أخرج الإمام البيهقي بسنده في شُعَب الإيمان إلى جعفر بن محمد قال: إذا بلغك عن أخيك الشيء تنكره فالتمس له عذرا واحدا إلى سبعين عذرا، فإن أصبته، وإلا، قل لعل له عذرا لا أعرفه.

Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ санади билан Жаъфар ибн Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдандан ривоят қилади:

У зот айтади:

«Агар биродаринг ҳақида сен ёқтирмайдиган нарса етиб келса, бирдан то етмишгача узр ахтар. Агар топа олсанг. Йўқса, балки мен билмаган узр бўлса керак, дегин».

وأخرجه ابن عساكر بسنده الي محمد ابن سيرين قال: إذا بلغك عن أخيك شيء فالتمس له عذرا، فإن لم تجد له عذرا فقل لعل له عذرا.

Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳ санади билан Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилади:

У зот айтади:

«Агар биродаринг ҳақида бирор сўз етиб келса узр ахтар. Агар топа олмасанг, балки мен билмаган узр бўлса керак, дегин».

Солиҳлардан бири айтади:

«Аллоҳга қасамки, бандага ишларида ўзининг ниятини билиш мушкул. Бошқаларнинг ниятларини у қаердан ҳам билсин?!».

Хулоса…

Аллоҳ яхши гумонда бўлишимизни Ўзи осон айласин.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

ходими Искандарбек Закиров