Янги йил ҳақида

866

Интернет тармоғи инсониятни оғирини енгил қилиш, узоғини яқин қилиш, бир сўз билан айтганда инсоният манфаатларига хизмат қилиш учун кашф этилган фан-техникани сўнгги ютуқларидан бири ҳисобланади. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, интернет тармоғидан ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланувчи ғараз ниятли шахслар тинч юртларни вайрон қилиш, ёшлар онгига таъсир кўрсатиш, диний таълимотларни бузиб талқин қилиш, жамиятда шаклланган тушунчаларни диний қадриятларга зид холда кўрсатишга уринаётганлари кундан-кунга ортиб бормоқда. Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам ахборот истеъмолига бўлган талабни ортиб бориши, интернетдан фойдаланувчиларнинг сони кескин кўпайиб бораётгани натижасида виртуал оламда тарқатилаётган нотўғри маълумотлар халқимиз соғлом фикрлашига жиддий тарзда ўз таъсирини кўрсатиб келяпти. Мисол тариқасида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари муносабати билан ўтказиладиган мавлид маросимлари ва жумъа куни муносабати билан бўладиган ўзаро табрикларни бидъат, исломга зид деб талқин қилингани каби холатлар ёдга олиш ўринли бўлади. Мазкур воқеалардан келиб чиқиб бу ишларга ўз ўрнида ҳақ ва ботилни ажратиб, соф ислом эътиқоди билан ислом номидан талқин этилаётган мақсадли ташвиқотлар орасидаги фарқни ҳам кўрсатиб бериш зарурати юзага келди. Шу каби зарурий масалалардан бири бутун дунё мамлакатларининг аксар қисмида нишонланаётган милодий сана алмашиши билан боғлиқ бўлган янги йил масаласи ҳисобланади. Янги йил масаласи деганда, аввало янги йил байрами қандай байрам? Янги йилни байрам қилиб нишонлашлик ёки аксинча нишонламаслик шартми? Янги йилни байрам қилиб нишонлаган одам савоб оладими? Янги йилни байрам қилиб нишонлашлик куфрми? каби мавзуларни ўз ичига олади.
Янги йил ўз номи билан йил алмашиши муносабати билан яъни эски йилни кетиши ва ҳаёт мобайнида бўладиган турли воқеа ва ҳодисаларни эслаш, тарихни белгилаш, шунингдек, янги йилни кириб келиши яъни келгажакка боғлиқ бўлган режаларни тузишда қўлланилаётган тақвим ўзгариши, бир сўз билан айтганда йил белгиланиши дегани. Бу йил алмашишини нишонлашлик эса турли юртлар ва турли миллатларда турлича ва расм-русум, одат ва анъаналар билан нишонланади. Масалан, Шотландча янги йил бу биринчи ўринда уй йиғиштиришдан иборат, қолаверса бу байрамда улар “хонадон ўчоғидаги олов ҳеч қачон ўчмасин, дастурхони эса тўкин бўлсин”, деган ниятда мезбонникига кўмир бўлагини олиб боришади. Шунингдек, уларнинг янги йилни нишонлаш одатига кўра йил якунида ҳеч бир иш тугалланмасдан қолмаслиги керак. Соатнинг биринчи бонги билан уй каттаси эшикни ланг очади ва охирги бонгигача ушлаб туради, шу тариқа у эски йилни чиқариб, янги йилни киритган бўлади. Буюк Британияда эса “янги йилни киритиш” номли маросим мавжуд бўлиб, янги йилни нишонлаш ушбу маросимни амалга ошириш билан бажарилади. Бу маросим шундан иборатки, улар соат тунги 12 да бонг уришни бошлаганда орқа эшикни эски йил чиқиб кетиши учун очадилар ва охирги бонгида асосий эшик очилиб, гўёки янги йил киритилади. Японияда 1 январь миллий байрам кунидир. Байрам куни давомида ибодатхоналарига покланиш маросимида иштирок этиш учун тўпланадилар. Улар янги йилда ўзлари ва яқинларига тинчлик, эсон-омонлик тилаб ибодат қиладилар. Германияда янги йилнинг асосий рамзи арча ҳисобланади. Бунга сабаб қадимги олмонликлар ақидасига кўра улар арчани муқаддас дарахт деб ҳисоблаганлар ва арчада ўрмон руҳлари табиат ҳимоячилари яшашига ишонганлар. Янги йил куни Колумбия кўчаларида эски йилнинг рамзи сифатида узун ёғоч оёқли қўғирчоқ одамларни учратиш мумкин. Хитойда янги йил икки марта: 1 январ куни ва янги ой чиққан пайтда нишонланади. Ушбу мамлакатда янги йил “баҳор байрами” деб номланиб, кўп асрлик тарихга эга. Хитойлар қадимдан янги ой чиққан кундан бошлаб, 15 кун давомида байрам қилишган. Одатда бу январ-феврал ойларига тўғри келган. Вьетнамда янги йил ой календари бўйича 20 январь ва 20 феврал оралиғида нишонланади ва у “Тет” деб номланади. Мамлакат шимолидаги хонадонларда байрам арафасида гуллаётган шафтоли шохчаси ўрнатилади ёки кичкина мандарин дарахти ясатилади.

Кўчалар эса гуллаётган новда ва гулдастлар билан безатилади. Жанубдаги уйларда беш дона ўрик гули бор бўлган шохчалар “арча” вазифасини ўтайди. Туркий халқлар ва Ўрта Осиё халқларида аввалда йил боши, янги йил сифатида Наврўз нишонланган бўлиб бу 21-мартга тўғри келган. Янги йил қадимги Римда Юлий Цезар томонидан жорий этилган. 1947 йилда СССР олий совети қарори билан байрам куни сифатида эълон қилингач собиқ иттифоқ мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам бу байрам сифатида нишонлана бошлаган.
Ушбу маълумотлардан кўриниб турибтики, янги йил бу-санани алмашиши, йил боши белгиланадиган байрам ҳисобланади. Янги йилни қайси эътиқод ва ёндашув асосида нишонлаш бу мавзудаги энг муҳим нуқта ҳисобланади, яъни янги йилни нишонлашдан кўра, балки уни қай тарзда нишонлаш аҳамиятлироқдир. Кимдир буни арчада ўрмон руҳлари мавжуд, уни муқаддас деб билиш керак деган эьтиқод билан нишонласа албатта бу нотўғри бўлади. Шунингдек, турли туман гуноҳ ишлар, ичкиликбозлик ёки исрофгарчилик билан бўлиши ҳам нотўғри бўлади. Шуни унутмайликки, бу байрамни динга алоқаси йўқ. Бу байрам динимизда қилиш керак бўлган ибодат ва бу ажрли савоб иш ҳам эмас, шунингдек бу байрамни қилган инсонни куфрга ҳам хукм қилинмайди. Таъкидлаб ўтиш керакки, бу байрамни насронийликка боғлаб бу байрам насронийликнинг диний байрами деб талқин этиш ҳам нотўғри, чунки насронийликда янги йил деган диний байрам мавжуд эмас. Шу сабаб кўплаб черков ходимлари ҳам янги йилни ўзларининг диний байрами сифатида нишонламайди. Янги йилни нишонлашлик ёки нишонламасликка келсак, кўпчилик даъво қилаётганидек, янги йилни нишонлаш диний мазмунга эга бўлган байрам эмас. нишонлаш керак деган гап йўқ. Хўп, нишонласа нима бўлади? Нишонлаётган одамга диндан чиқишлик, куфр амалини содир қилишлик айбларини қўйишлик нотўғри бўлади. Чунки, янги йил айримлар иддао қилаётгандек, христианлар байрам қиладиган рождество байрами эмас. Христианлар ўз дини анъанасидан келиб чиқиб рождество ббайрамини 24-25 декабрь ёки 6-7 январ кунлари нишонлайдилар. Бугунги кунда бутун ер курраси аҳолисининг аксарият қисми 1 январ кунини ўз юртида амал қилиб келинаётган календар йилнинг тугаши ва янги йилни бошланиши сифатида нишонлайдилар. Янги йилни байрам қилиб нишонлаш савоб бўладими? деган масалага келсак, савоб ёки гуноҳ бўлиш ҳолати диний нуқтаи назардан эътиборга олинади. Янги йил ҳақида китобларимизда муайян маълумотлар учрамайди, шунингдек, янги йилни нишонлаган одамни куфрга ҳукм қилиш масаласи ҳеч қайси уламо ёзган китобида ўз аксини топмаган.
Демак бу байрам ва унинг келиб чиқиши, уни нишонлашдаги хилма-хиллик, нишонлашдаги турли миллат ва элатларнинг урф-одатлари турлича экани бу байрам диний нуқтаи назарга эга бўлган байрам эмаслигини кўрсатади. Агар бу байрам насроний динига оид диний байрам бўлганида Европа мамлакатлари ёки ер юзида эътиқод қилувчилари энг кўп ҳисобланган насронийликка мансуб халқлар томонидан муайян шакл ва бир хил қолип асосида нишонланган бўлар эди. Интернетда тарқатилаётган сохта ғоялардан “илҳомланган” бир қанча шахслар томонидан юртимизда кўзга кўринган расмий уламоларни янги йил байрами ҳақидаги баёнотлари мазмун –моҳияти айнан ҳозирда биз юқорида зикр қилган маълумотларни ўз ичига олади.

Чуқур диний билимга эга бўлмаган, ҳаётий тажрибаси оз бўлган баъзи бир шахслар расмий юртимиздаги диний уламоларни янги йил ҳақидаги маълумотларини интернетга жойлаб, шу маълумот ёнига “Яндекс” программасидаги маълумотни таққослаб қўйиш билан кўплаб интернет кузатувчиларида “Ўзбекистондаги уламолар “Яндекс” программасидаги оддий маълумотни ҳам билмайди”, деган тасаввурни шакллантиришга уринишлари янги йил мавзуси ортида ва бу мавзу мисолида яна кўплаб мавзулар орқали халқимиз фикрини чалғитиш ва ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишда ислом софлигига раҳна солиш борасида бирмунча ўз олдларига қўйган муддаоларига эришганлигини кўрсатади. Бу ҳам бўлса юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталигимизни кўра олмаётган кучлар томонидан бўлаётган таҳдиднии бир кўриниши бўлиб, бу ҳаракатлар замирида оз бўлсада юртимиз тинчлиги ва халқимиз бирдамлигига дарз кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бир инсонни мусулмон бўлиши учун аввало, унинг ақидаси соғлом бўлиши шарт. Соғлом ақида шартларида иймон келтириш лозим бўлган рукнлар, Яратувчимиз бўлган Аллоҳни танишга оид бўлган эътиқодлар, илоҳиёт масалалари, бу дунё ва охиратга тааллуқли масалалар мукаммал тарзда ақида китобларида баён қилинган. Ислом дини таълимотлари, унинг шаръий ҳукмлари масалалари баён этилган ўринларда бирор санани нишонлаш ёки нишонламаслик масалаларига алоҳида тўхтам қилинмаган.Шунинг учун туғилган кун санаси, илк ваҳий нозил бўлган кун, макка фатҳ этилган кун ва ҳатто ислом оламида жорий этилган ҳижрий сана бошланиши, ҳижрий сана алмашиши, янги ҳижрий йил бошланиши хақида ҳам бу кунлар нишонлансин ёки нишонланмасин каби қатъий хукмлар мавжуд эмас.Пайғамбаримиз с.а.в. туғилганликларини Мавлиди шариф маросимларини ўтказиш орқали байрам қилиб нишонлаш бу бошқа масала, яъни мавлид маросимини жоизлиги хақидаги масала биз сўз юритаётган мавзудан мустасно, чунки мавлид жоизлигига уламоларнинг оят ва ҳадисдан истинбот қилган нақлий ва ақлий далиллари мавжуд.
Янги йил ҳақидаги мавзу ислом ақидасининг бирламчи масалаларидан ҳисобланмайди. Шундай экан янги йилни нишонласа бўладими? каби мавзулар хақида баҳс қилишдан кўра янги йилни сабаб қилиб уни турли гугоҳ ишлар сабабчиси ва манбаига айлантирмаслик, шунингдек, янги йил деган гапни ўртага чиқариш орқали мусулмонларни ўз уламоларига нисбатан совутиш ҳамда бу орқали имом домлалар, кўзга кўринган аҳли илмларимизни ҳурматсизлантириш, халқ ичида ўз раҳбарларига нисбатан қаршилик келтириб чиқариш ва шу каби бир мунча зарар ва таҳдидилар юзага келаётгани ва бу қайсидир қора кучларни асл мақсади эканлигини тушунишимиз муҳимроқ ҳисобланади. Янги йил мумкин эмас, мавлид бидъат, кўзмунчоқ ширк дегувчиларни мақсади асло дин ғами эмас, балки бу инсонлар дунё миқёсида олиб борилаётган катта фитналарнинг бир қисмини амалга оширувчи қўғирчоқлар холос.Шунинг учун бу ердаги мавзу янги йилни нишонлаш мумкин ёки мумкин эмаслигида эмас балки бу каби маълумотларни тарқатилиши биз учун катта бир нохушлик бошланганидан хабар берувчи бир сигнал бўлиши керак .

Нуруллоҳ Қодиров