Ўзбекистон шундай фазилатли диёрки, халқи чин меҳнаткаш, тупроғи тирик жондек бағрида ҳамма нарса униб–ўсади. Боғбон ва деҳқонлар ерга меҳр қўйиб, уни парвариш қилиш керак. Чунки, юртимиз об-ҳавоси ҳам мўътадил, оқар сувлари бор, бу эса деҳқончилик учун жуда ҳам яхши ҳолатдир.
Юртимиз фаровонлиги кескин суръатларда ривожланмоқда. Хўжаликнинг барча сохаларида улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда. Айниқса қишлоқ хўжалигининг деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик сохалари ҳам шулар жумласидандир.
Бундан ташқари озиқ–овқат турларини кўпайтириш мақсадида деҳқон фермерларимиз қўшимча тарзда асаларичилик, паррандачилик, балиқчилик ишларини ташкил қилмоқдалар.
Дехқончилик касбини улуғлаб Аллоҳ таоло Қурони каримда шундай марҳамат қилади.
Яъни: “Молларини Аллоҳ розилиги ва дилларнинг собитлиги учун сарф қиладиган кишилар адирдаги боққа ўхшайди: унга жала теккач, хосилни икки баробар етиштирар. Агар унга жала ёғмаган бўлса, томчилаб ёққан ёмғир ҳам (ўзига яраша ундирар). Аллоҳ қилаётган амалларини кўриб турувчидир.
(Бақара, 265)”
Ва яна бошқа ояти каримада:
Яъни: “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, ғуж–ғуж мевали, новдалари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик)” (Қоф, 9 — 11).
Бошқа бир ояти каримада шундай марҳамат қилинади.
Яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни гиёҳлар билан ёрдик.
Сўнгра Биз унда донларни ундирлик, узум ва кўкатларни зайтун ва хурмоларни, қалин дарахзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва хайвонларингиз учун манфаъатдир. (Абаса, 24-32).
Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида зоҳидлардан бири бўлсада, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу ваққос розияллоҳу анҳу деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар (ҳайвонларнинг тезаги) билан ишлов берар эди. Ерга вақтида ўғит ва сув бериш ҳосилни мўл-кўл бўлишига сабаб бўлади. Экинларга имкони бўлиб, вақтида сув бермаслик макруҳ бўлади.

Деҳқончилик ва зироат инсонларга энг кўп манфаъат етказадиган фазилатли касб экан. Бизлар бу соха вакиллари деҳқон фермерлар хаққида чиройли дуода бўлайлик. Ватанимиз саховатли инсонлар саиъй харакатлари билан обод бўлади, гуллаб яшнайди. Демак, Аллоҳ таоло бизга шундай шароитни бериб қўйган экан, биз бу нарсалардан унумли фойдаланишимиз керак. Деҳқончилик касбига фақат бойлик орттириш учун эмас, балки охиратимиз учун, савоблар ҳосил қилишимиз учун имконият эканлигини ҳис қилган холда ёндашувимиз керак. Шунда ҳам дунёмиз ва ҳам охиратимиз обод бўлади.

Анваржон домла Ибайдуллаев,
олтинкўл тумани «Уйшин»
жоме масжид имом-хатиби.