ХУШ КЕЛДИНГИЗ!

837

Робиъул аввал.

Ҳижрий учинчи ой.

          Бу ой мусулмонлар қалбидан алоҳида ўрин олган ойдир. Чунки бу ой уларнинг суюкли Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой. Ҳатто бу ойга, у зотга бўлган муҳаббатлари ўлароқ, “мавлид” ойи номини берганлар.

            Мавлид ойида мусулмон уммати ўз пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, суннати санияларини янада мукаммал ўрганиб ҳаётларига татбиқ қилишга зўр берадилар.

        “Сен: “ Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир”, деб айт”.  (“Оли Имрон” сураси, 31 – оят)

         Бу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Каъб ибн Ашроф ва унга тобеъ бўлган яҳудийларни иймонга чақирганларида

        “Биз Аллоҳнинг болалари ва дўстларимиз”, – деганларида  нозил бўлган.

         Зуннун ал–Мисрий қоддасаллоҳу сирроҳу ояти каримани қуйидагича тафсир қилган:

          “Аллоҳ азза ва жаллага бўлган муҳаббатнинг аломати, Унинг Ҳабибига, у Зотнинг ахлоқига, ишларига, буйруқларига ва суннатларига эргашмоқликдир.”

                   Баъзи сийрат китобларида кўрдим: аксар зикр аҳллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли салавот айтишни кундалик вирдларига қўшиб олганлар.

         Баъзи бирлари эса кўп вақтини у зотга саловот айтиш билан ўтказганлар. Муҳаббат уларнинг бутун вужудини чулғаб олган. Омма уларга “шайхус солаҳ”– саловот шайхи лақабини берганлар. Вафот топганларидан бир неча йиллар ўтганидан сўнг қабрлари очилганда, жасадлари чиримаганлигига гувоҳ бўлганлар.Чунки ким нима нарсани яхши кўрса, ўшани кўп зикр қилади–да. Киши яхши кўргани билан жаннатда бирга бўлади.

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби

Равшанбек домла Ўринбоев