Ватан нима ўзи? Ватан — она алласи таралган,бешигинг излари чизилган замин. Аждодларинг кўмилган қабристон, ота-онангнинг излари қолган кўчалар, сенинг лаҳжангда сўзлашадиган, қош-у кўзи худди сенинг кабилар яшайдиган қадрдон ер — Ватандир !

Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Демак, мусулмон киши ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Инсон “Ватан менга нима берди?” деб эмас, балки “мен Ватанимга нима қилдим?” деган олий туйғу билан яшамоғи лозим.

Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда ўзи туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Бунинг учун “Ватанни севмоқ иймондандир” деган ҳикматни эсга олиш кифоя. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун Ислом дини уни Иймоннинг бир бўлаги деб қарайди.

      Машҳур саҳобалардан Билол розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб, ўзларининг азиз ва муқаддас диёрларини эслаб шеърлар ўқирди. Бу ҳам албатта, ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанига, туғилиб ўсган диёрига муҳаббатли бўлиши табиий эканини англатади.

Ислом – инсонпарвар дин. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва кишиларни шунга ўргатади. Мана шундай туйғулардан бири меҳр-оқибат, соғинч ва муҳаббатдир. Улар, аввало, ота-она, ака-ука, ёру-биродарлар билан боғлик. Бошқача айтганда, уларнинг барчаси инсон туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, кишлоғи, яъни Ватан деган тушунчада мужассамлашган. “Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади. У кенг маънода бирор халк вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади.

       Ибн Ҳалдун: “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”,- деб таърифлаганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида орқаларига қараб: «Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени асло тарк этмас эдим”, — дея ноиложликдан кетаётганларини изҳор қилганлар.

       Имом Бухорий “Ал-жомеъ ас Саҳиҳ” китобида келтирилган бир ҳадисда шундай дейилади: “Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу бакр билан Билол иситмалаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: Эй, падари бузруквор, (яъни, Абу Бакр), эй Билол, ўзингни қандай ҳис қилмокдасиз? – деб сўрадим. Абу Бакр иситма зўриққанда,

Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал,

Пойабзал ипидин яқиндир ажал”,

— дерди. Билол эса иситма бироз пасайганда, йиғлаб:

Тақдиримда не эрур, билмасман, э воҳ,

Бошимга ажалдан келурми сипоҳ?

Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,

Қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ!

Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин,

Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ!

— дер эдилар. Мен бу ҳақда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб айтганимда, у Зот: Ё, Аллоҳ! Бизга Мадинани Макка сингари ёқимли, ундан ҳам ортиқроқ маҳбуб этғил! Ё Аллоҳ, унинг тошу-тарозусига барака ато этғил, уни (аҳлини) ҳамиша бардаму соғлом қил, мана буларнинг безгагини эса Жуҳфага кўчирғил!- дедилар.

 Кўриниб турибдики, икки улуғ саҳоба – ҳазрати Абу бакр ва Билол (р.а) ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаб, кундалик нозил бўлаётган ваҳийдан баҳраманд бўлишдек бахтга муяссар бўлсалар-да, ўз туғилиб ўсган Ватан соғинчида яшаганлар.

Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватанни қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик ва қудратли давлатларидан бири- Ҳиндистондек мамлакат ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи иси уфуриб туради.

Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган, туйғудир, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Мухамадали домла ЎСКАНОВ,

Бўстон тумани “Абдулазизхон”

масжиди имом — хатиби