ВАТАН ҲИССИ – МУҚАДДАС ТУЙҒУ

894

Инсон қаерда туғилмасин, совуқ ўлка ёки гиёҳ унмайдиган саҳро бўлсин, барибир унинг учун энг қадрли маскан ҳисобланади. Туққан она битта бўлгани каби Ватан ҳам биттадир. “Ватан” сўзини “она” сўзи билан қўшиб айтиш бежиз эмас. Ҳар бир халқ ўз ватанига эгалик қилиши – энг улуғ саодатдир. Ватан равнақи ва тараққиёти йўлида беминнат меҳнат қилган инсон фидойи ҳисобланади. Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат инсон қалбининг туғма табиатидир. Бу нарса инсонни Ватанида бўлганда хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”, дейди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг “Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилди”, деган сўзлари машҳурдир. У киши яна шундай деганлар: “Агар ватан муҳаббати бўлмаганида, юртлар хароб бўлар эди”. Алҳамдулиллаҳ, бизлар – тўрт фасл мужассам, жаннатмонанд, йил сайин нуфузи ва тараққиёти юксалиб бораётган мустақил, озод Ватан фуқароларимиз. Албатта, келажакка ишонч ҳар бир фуқаронинг юзидаги табассум ва хотиржамликда акс этади. Тинчлик, хотиржамлик ўз-ўзидан келган ёки шундай давом этаверади, деган инсон қаттиқ адашади. Тинчлик ва барқарорлик таъминланишига маълум бир соҳа вакиллари эмас, балки барчамиз бирдек масъулмиз. Юртимизда бўлаётган ислоҳотлар, ижобий ўзрагишлар ҳақида бутун дунё гапирмоқда. “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган шиор бекорга айтилмаганига яна бир бор амин бўляпмиз. Албатта, ўтмиши буюк бўлган юртнинг келажаги ҳам буюкдир. Юртимиздан етишиб чиққан қанчадан-қанча етук олимлар, алломалар бунга исботдир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматлар берган. Мана шу неъматлар ичида энг улуғи – тинчлик ва осойишталикдир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Аллоҳ таоло юртимиз фуқароларини мана шу неъмат билан сийлаб, мамлакатимизни бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Аллоҳ таоло Ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.

Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов,

Олтинкўл туман бош имом-хатиби