ВАТАН ҲИМОЯСИ МУҚАДДАС БУРЧ

1060

Биз инсон зоти ҳамиша улуғланадиган шундай гўзал заминда истиқомат қилаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар келтириб, шу ватан учун астойдил хизмат қилмоғимиз, унинг тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асрашга камарбаста бўлишимиз сизу бизнинг инсонийлик бурчимиздир. Юртни ҳар томонлама асраб-авайлаш, обод қилиш унга бўлган муҳаббат билан бошланади. Ватанга муҳаббат, бу – баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат – бахт топган остонамиз – оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар – миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир.

Бугунги кунда мустақил Она-Ватанимизнинг осойишталигини, тинчлигини ва сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга ҳарбий малака, тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Халқимиз шаҳдам қадам ташлаб бораётган имон-эътиқодли, ўз ҳарбий  бурчига содиқ аскарларимизга боқиб фахрга тўлади, улар ҳаққига самимий дуолар қиладилар.

Мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонланади. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимизни асраб-авйлашда қуролли кучларимиз ҳимоя қилмоқда. Ана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган ҳамюртларимиз шаънига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигининг бир қисмидир. Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни  ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу  ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз? деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб):

яъни: “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман” дедилар”. (Имом Табароний).

Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу – инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”.  Инсоннинг ўз халқига  бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.  Пайғамбаримиз саллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси (нафл) ибодат қилганлик савоби ёзилади”-деганлар.(Насаи ривояти).

Яна бошқа бир ҳадисда: “Икки кўз борки улар дўзахда куймайди. Бири Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган бўлса, иккинчиси Аллоҳни йўлида (Ватан ҳимоясида) пойлаб  мижжа қоқмай чиққан бўлса” .(Термизий ривояти)..

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, олимми ёки оддий ишчими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодга ватанпарварлик руҳида тарбия бериш билан ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.

       Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлиги ва осойишталигини сабабчилари бўлмиш, харбий аскар ва зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва ёвуз кучлардан ҳамда барча офатлардан асрасин!

ЎМИнинг Андижон вилоятидаги вакили,

вилоят бош имом-хатиби

Нуриддин ҳожи Холиқназаров