«Вақф» фонди Андижонда дилларга хушнудлик улашди

327

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан халқимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини бироз бўлсада аритиш, дилларига хушнудлик олиб кириш мақсадида кўплаб хайрия ишларини олиб бормоқда.

Шу мақсадда меҳрибонлик, саховат ва нуронийлар уйлари, шифохоналар, беморлар, ногиронлар, мактаб-интернатлари, моддий етишмовчилиги бор хонадонлар, боқувчисини йўқотган оилаларга беғараз ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Ана шундай хайрия ишларнинг давоми сифатида бугун, 26 январь куни «Вақф» фонди томонидан «Мурувват карвони» номли хайрия тадбирининг навбатдаги босқичи Андижон вилоятида ўтказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги мажлислар залида катта тадбир ўтказилиб, 220 нафардан зиёд киши иштирок этди. Унда кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ёшларга кийим-кечаклар, маърифий адабиётлар ва ногиронлар учун аравачалар тарқатилди.

Тадбирда сўзга чиққан Фонд раҳбари Искандар Халилов сўзга чиқиб, Ислом – меҳр-мурувват ва саховат дини экани, инсонларга моддий кўмак бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш, қалбларига хурсандчилик киритишга динимизда кўп тарғиб этилгани, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Модомики бир банда ўз биродарига ёрдам беришга уринар экан, Аллоҳ таоло ўша бандасига ёрдам беради», деган ҳадисларининг мазмун моҳиятини тушунтириб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназоров ҳақиқатан ҳам, бир инсонга яхшилик қилиб, унинг кўнглини кўтариш, руҳий тасалли бериш – динимизда ажри улуғ амал ҳисобланиши, мана шундай ҳикматни ўзига шиор қилиб олган «Вақф» фонди савобли ишлар қилишда давом этиб, Андижон вилоятидаги кўнгли ўксик қалбларга катта шодлик улашганини алоҳида таъкидлади.

– Шундай дориломон кунларга етдик, минг шукр. Бу кунларни неча одамлар орзу қилиб яшади. Биз каби меҳрга ташна кишиларни йўқлаб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келганларингиз ва совғалар улашганингиздан миннатдорман, дея ўз сўзларини изҳор қилди андижонлик отахон.

– Бугун ўғлимнинг юзларидаги қувончни кўриб, жуда хурсанд бўлдим, – дейди кўз ёшларини яширолмай ногирон фарзанднинг онаи меҳриборни. – Ўксик ва мурғак қалбларга шодлик улашган Президентимиздан жуда-жуда миннатдормиз.

[su_custom_gallery source=»media: 4645,4646,4647,4648,4649,4650,4651,4673,4652,4672,4668,4653,4670,4654,4671,4655,4656,4657,4658,4659,4660,4661,4667,4664″ limit=»19″ link=»lightbox» width=»200″ height=»150″ title=»never»]

Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Ибодатдан кейинги энг афзал амаллардан бири – мўминлар қалбига хурсандчилик улашиш», деб марҳамат қилганларида жуда ҳам улкан ҳикмат мужассамдир.

«Вақф» фонди хайрия тадбирларини давом эттиради, Сиз ҳам мана шундай савобли ишларга ҳиссангизни қўшиш билан кўнгилларни обод айланг!

«Вақф» хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати