“Вақф” меҳмонхоналари барпо этилади

796

“Вақф” хайрия жамоат фонди зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва сайёҳларга қулай шарт-шароитлар ташкил этиш мақсадида, “Вақф” меҳмонхоналарини қуриш ишларини бошлади. Ушбу меҳмонхоналарда хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар хайрия ишларига сарфланади.

Ҳақиқатан, мусулмон сайёҳлар талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар уюштириш ва муносиб меҳмонхоналар қуриш масаласи долзарб аҳамиятга эга. Маълумки, бутун жаҳондаги мусулмонлар сони 1,8 миллиардга яқин. Шундан қарийб 150 миллиони ҳар йили саёҳат қилади.

Ўзбекистон диёридан жаҳон тамаддунига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган буюк олимлар етишиб чиққанки, улар қўним топган муборак жойлар, улар барпо эттирган муҳташам бинолар ва маънавий меросларни кўпчилик ўз кўзи билан кўришни орзу қилади.

Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармон ва қарорлари мавжуд имкониятларни рўёбга чиқариш сари ташланган муҳим қадамлар бўлди. Мазкур қарорларга мувофиқ, диёримизга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳларга қулай шарт-шароитлар яратиш, сервис хизматлар сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу мақсадда мамлакатимизда Ислом динига эътиқод қилувчи сайёҳларга ҳам зарур қулайликлар ҳозирланди. Жумладан, юртимиз меҳмонхоналаридаги хоналарнинг жиҳозлари сафидан Қуръони карим, жойнамоз ҳамда қибла кўрсаткичи ҳам ўрин олди.

Мана шундай талабларга жавоб берадиган меҳмонхоналар қуриш мақсадида, “Вақф” фонди Сурхондарё вилоятидаги мавжуд бинони қайта таъмирлаб, меҳмонхона сифатида тасарруф этиш ишларини бошлади. Термиз туманидаги барпо этилаётган ушбу “Вақф” меҳмонхонаси мазкур ҳудуддаги Ҳаким ат-Термизий мажмуасига ташриф буюрадиган зиёратчилар учун жуда катта қулайлик бўлади.

 “Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати