Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳридаги вакиллиги ўз фаолиятини янги бинода давом эттиради

2011

Бугун, 27 август куни пойтахтимиздаги «Сузук ота» мажмуасида ЎМИнинг Тошкент шаҳридаги вакиллиги фаолият бошлади. Ушбу мажмуа Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилиб, рамазон ойида фойдаланишга топширилган эди. Маълумки, «Сузук ота» масжиди тарихий масканлардан бири бўлиб, ўтмиши бевосита Амир Темурга бориб тақалади. Вакиллик биносининг айни шу мажмуадан ўрин олиши қувонарли ва, иншааллоҳ, хайрлидир.

«Сузук ота» мажмуаси шаҳар марказида жойлашган бўлиб, вакиллик биносининг ушбу ерда бўлиши айнан мақсадга мувофиқдир. Вакиллик ўзига муносиб маскандан жой олди, десак хато қилмаган бўламиз.

Тошкент шаҳрига янги тайинланган бош имом-хатиб Нуриддин домла Холиқназаров бугундан ўз вазифасини бажаришга айни шу масканда киришдилар.

Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари, бўлим бошлиқлари ҳамда вакиллик ходимлари, нуроний отахонлар ва бошқа меҳмонлар иштирок этдилар. Анъаналаримизга мувофиқ қурбонлик маросими амалга оширилди, Қуръони Карим оятлари тиловат қилинди.

Тошкент шаҳрида масъул вазифага киришаётган Нуриддин домла Холиқназаровга ушбу машаққатли хизматда Аллоҳ таолодан куч-қувват, ҳиммат ва саломатлик сўраймиз.

Домланинг Андижон вилояти бош имом-хатиблик вазифасида қилган узоқ йиллик хизматларини, вилоятда маънавий-маърифий салоҳият ошишида қўшган улкан ҳиссаларини Ҳақ таоло қабул этсин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳридаги вакиллигининг янги биноси қуйидаги манзилда жойлашган:

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Сузук ота кўчаси 50-уй.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати