УЙДА ҚОЛИНГ!

809

Ислом оламига яна бир муборак Рамазон ойи эшик қоқмоқда. Қалбида имон ҳаловати бўлган мўминлар бу кунларни ўн бир ой мобайнида кутиб юрадилар. Кимки бу қутлуғ ойга соғ-омон етиб келса, Парвардигорнинг раҳмат ва мағфиратига етишишлик учун улкан имкониятлар дарвозасига етиб келибди. Барчамизга яқинлашиб келаётган Рамазон ойида ушбу имкониятларни насиб айласин.

Рамазон ойи яқинлашар экан қалбларда бир хил савол – коронавирус пандемияси глобаллашган ва карантин жорий қилинган ушбу йилда шу ой учун махсус бўлган ибодатлар қандай тарзда амалга оширилади?

Таровеҳ намозлари қандай ўқилади?

Ифторликлар қандай ташкил қилинади?

Бу ташвиш авом халқда бир карра бўлса, уламоларимизда минг каррадир. Бутун дунёда бу муаммолар ҳақида бош қотирилмоқда. Ниҳоятда яқинда шундай хулосага келиндики, бу чора-тадбирлар бугунги кундаги энг тўғри ва мақбул танлов бўлди. Шунга асосан Ўзбекистон мусулмонлари Уламолар кенгаши баёнот берди. Баёнотда шундай дейилади:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эълон қилинди.

Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиқан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради:

  1. Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар.
  2. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайнтарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин.
  3. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар.
  4. Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” 59-оятига ҳилоф эканини англашлари лозим”.

Бизларга ушбу фатвога амал қилиш лозим бўлади.

Худога шукрки, Рамазон ойининг рўзасини тутишга имконимиз бор. Таровеҳ намозларини масжидда бўлмаса-да, уйда ўқиш учун шароитларимиз бор. Шунингдек ифторликларда ҳам оиламиз бағрида, бола-чақа даврасида бўламиз. Жамоат бўлишнинг имконига вақтинча эга бўлмасак-да, Рамазон ойининг фазилатларидан маҳрум эмасмиз.

Эҳсон ва хайрияларимиз бўлса, бунга ҳам имкон бор. Қанча-қанча муҳтож инсонлар бор. йнан шуларнинг кўнглини олишда эмасми, Аллоҳнинг розилиги?

Иншооллоҳ, дуоларимиз ижобат бўлишидан умидвормиз. Шундай экан, саҳарлик вақтларида ва ифторлик вақтларида Аллоҳга ёлбориб дуолар қилсак, ажаб эмаски, тезроқ бу синовли кунлар бошимиздан кўтарилса.

Пандемия сабабли жорий қилинган карантин давом этар экан, ибодатларинигизда бардавом бўлинг ва биз кутаётган кунлар келгунича

УЙДА ҚОЛИНГ!

Муҳаммадсоли Иминов.

Марҳамат тумани

“Полвонтош”

жоме масжиди имом-хатиби