Устозга эҳтиром

3181

Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди, қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хушодобу хушхулқ, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган.
Муаллим – оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсоли. Пайғамбар алайҳиссалом: “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илму маърифат – жоҳилликнинг зидди. Устоз бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт – қуёши порлаган мамлакатдир. Юртимизда “Устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади. Устозни ҳурмат қилиш сизу бизнинг бурчимиздир. Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-она ҳаққидан кам турмаслиги айтилган. Сабаби ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлса, устозимиз бизга илм ўргатган. Шундай экан, устозни ҳурмат қилиш, унга миннатдорчилик изҳор қилишимиз лозим.
Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар.
Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг азизлар, қандай ибратли воқеа?! Демак, устоз узоқда бўлса ҳам ҳузурида тургандек ҳурмат бажо келтириш, уни доим эъзозлаш лозим экан. Илмнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк “Хамса” асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Ҳирот кўчаларини айлантирган. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, ана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Уларга энг яхши таърифни эса қалам аҳли берган:
Муаллим ҳақида сўзим ушбудир,
Муаллим камолот ичра кўзгудир.
Азиз устозлар, барчангизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлаймиз.

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси