ҚУРЪОН ВА АСАЛ – ҲАР ҚАНДАЙ ДАРДНИНГ ДАВОСИ

2680

Аллоҳ таоло бандаларига жуда кўп неъматлар берган. Ана шундай неъматлардан бири асалдир.

Асаларининг хаёт тарзи инсонлар учун беқиёс ибрат намунасидир. Асаларининг тириклиги чаманзорлар, яйловлар ичида ўтади. Гул ширалари бу мўъжаз жониворнинг таомидир. Маълум бўлишича, асалари камида 3000 хил ўсимлик гулидан шира (нектар) йиғади. Бир килограмм асал йиғиш учун 10 миллион дона гулга қўнади. Бу вақт ичида ҳар бир асалари уясига 120-150 марта қатнайди, 450 минг чақирим йўлни босиб ўтади.

Яна бир ҳайратланарли жиҳати шунда, асалари ўз жуссасидан 20 баравар оғирликдаги юкни ерда судраб юра олади.

Асаларининг бешта кўзи бўлади. Ҳид билиш, сезиш туйғуси одамникига қараганда 25 марта кучлироқ. Шунинг учун асалари бир неча чақирим масофадан ҳидни сеза олади.

Асаларилар ўз уясидан 14 километргача масофага учиб боради. Учиш тезлиги соатига 65 километргача етади. Шира олиб қайтишида бу тезлик 35 километрни ташкил этади. Энг қизиғи,

асалари ўзи йиғган асалнинг юздан бир қисминигина истеъмол қилади, қолгани инсонларга туҳфа этилади. Асалари буни, шубҳасиз, Аллоҳнинг илҳоми билан қилади.

Ҳадиси шарифларда Қуръон ҳамда асал билан даволанишга чақирилган. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ўзингизга икки шифони – Қуръонни, асални

лозим тутинглар”, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръонда икки шифо бор: Қуръон ва асал. Қуръон қалблардаги касалликларга шифо, асал ҳар бир дардга даводир”.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам ширинлик билан асални яхши кўрардилар.

Пайғамбаримиз асални яхши кўрар, бошқаларни ҳам бу тотли неъматдан ейишга, у билан даволанишга чақирардилар.

Бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб:

– Биродарим қорни оғрияпти, – деди. Расулуллоҳ унга:

– Биродарингга асал ичир, – деб тавсия қилдилар.

Ҳалиги одам унга асал ичирди. Кейин келиб айтди:

– Мен унга асал ичирдим. Аммо баттар ичини кеткизиб юборди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Аллоҳнинг гапи рост, биродарингни қорни алдаган! – дедилар.

Мутахассислар илиқ сувда эритилган асалга Қуръон оятларини ўқиб дам солиб ичишни тавсия этишган. Айниқса, эрта тонгда ичилса, натижаси яхши бўлади.

Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимда-ким ҳар ойда уч марта, наҳорда (оч қоринга) асал яласа, касалликнинг каттаси унга яқин йўламайди”.

Халқ табобатида асалнинг қуйидаги фойдалари зикр этилган:

– Асал турли касалликларни даволайди, одамни бардам-бақувват қилади;

– мижозни тозалайди, қоннинг томирларда юришини равонлаштиради, гўштни бузилишдан сақлайди;

– кўз хиралигидан халос этади;

– қонга жуда тез сўрилади, уни тозалайди;

– микробларни ўлдиради;

– асал суви меъдани кучли қилади, иштахани очади, овқат ҳазмини яхшилайди;

– шамоллаш, холсизлик, асаб тўқималари касалликларини даволайди;

– танасида модда алмашинуви бузилган кишиларга асал жуда фойдали;

– ошқозон-ичак яралари касалликларини даволайди, мияни озиқлантиради;

– юқори нафас йўллари, ўпка касалликлари, юрак, жигар, буйрак, асаб тўқималари, тери, кўз касалликлари ҳам асал ёрдамида муолажа қилинади;

– камқонликда асални малина билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади;

– ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди;

– ревматизмга қарши энг яхши дори;

– қон босимини туширади;

– терига суртилса, терининг ҳолатини яхшилайди;

– хотирани, ақлий қобилиятни кучайтиради;

– юракка қувват беради;

– овқат ҳазм бўлишини яхшилайди;

– грипп касаллиги олдини олишда, уни даволашда ҳам асал тенги йўқ малҳамдир;

– асал шарбати кишини тетик қилади, мия фаолиятини яхшилайди.    

Манбалар асосида Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.