Умматнинг энг яхшиси Қуръонни ўрганган ва ўргатганидир.

951

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир.
Қуръон тиловати Исломнинг суннатларидан бири бўлиб, уни кўп тиловат қилиш мустаҳабдир, чунки тиловат Аллоҳнинг китобини фаҳмлашга, унга амал қилишга воситадир. Тиловатнинг фазилати Қуръони Каримда ва суннати мутаҳҳорада кўп марта зикр қилинган.
Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. У Зот уларнинг ажрларини тўлиқ қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир. Албатта, У Зот ғофурдир, шакурдир», деб марҳамат қилган (Фотир сураси, 29-30-оятлар).

Имом Муслим Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибларига шафоатчи бўлиб келади», дедилар».

Кунларнинг бирида Абу Зар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишларини
сўради. Пайғамбаримиз унга тақвони маҳкам ушлашни тайинладилар. Абу Зар Ғифорий Пайғамбаримиздан яна насиҳат сўраганди, У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръон ўқишни тавсия этдилар. Чунки Қуръон банда йўлини ёритади, қалбини чароғон этади. Қуръон қоронғи қабрда банда учун нур бўлади, гўрини нурга тўлдиради. Охиратда ҳаммаёқни зулмат қоплаган паллада Қуръон ҳақиқий мўмин банда учун нур
бағишлайди, унинг фойдасига ҳужжат бўлади.

Биз “захира” деганда, керак бўлганда фойдаланиш учун бир жойга тўплаб қўйилган нарсани тушунамиз. Умид қиламиз, бу дунёда Қуръон тиловати учун олган тоғдек улкан савобларимиз
охиратда бизга асқотади, захира бўлади иншааллоҳ!

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, савдогарлар жамоаси! Бозордан қайтиб келганда, ўнта оят ўқишга қодирмасмисизлар? (Агар шундай қилсангиз,) Аллоҳ ҳар бир оят учун битта ҳасана ёзади”, деб тужжорлар жамоасига мурожаат қилдилар.

Арабча “ҳасана” сўзи “эзгулик”, “ажр-савоб”, “садақа” маъноларини англатади. Маълумки, тижоратчилар кўпинча мол олди-бердиси, кирим-чиқимларни ҳисоблаш билан банд бўлади. Бироқ қалбида имони бор инсон тижоратчими, деҳқонми, косибми, ким бўлишидан қатъи назар, кундалик юмушларидан бўшаб, қўлига Қуръон олиб, ақалли бир-икки бет бўлса ҳам ўқийди. Мўмин киши тирикчилик деб Қуръон ўқишни ташлаб қўймайди. Дилидаги мустаҳкам имон Аллоҳнинг Каломини ўқишга ундайди.

Мўминлар амири Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Мен бирон кунни Аллоҳнинг Каломига назар солмай ўтказишдан уяламан”, деган. Бутун бошли давлат раҳбари айтяпти бу гапни. Биз-чи! Бизнинг бўш вақтимиз етарли. Баҳона излашдан фойда йўқ. Ҳаммаси ихлосга, бўш вақтдан
унумли фойдаланишга боғлиқ. Ҳаракат қилган одам бир иложини топади. “Китоб ўқишга вақтим йўқ”, деб баҳона қидирган киши эса файз-баракадан, ажр-савобдан қуруқ қолади.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган).
Қуръон ўқиш, уни тадаббур қилиш орқали банда юксак руҳий мақомга, улуғ мартабага чиқиб боради. Банда дунёдаги энг гўзал хулқларни айнан Қуръон ўқиш орқали билади ва уларни ўзига сингдиради. Шу сабаб Қуръон ўқувчи қори вазмин, босиқ бўлиши, агар бирон киши у билан жанжаллашса, у билан тенгма-тенг курашга киришиши ёки илмсизлиги сабаб ҳар хил гап-сўзлар билан жоҳиллик қиладиган кимсаларга қўшилиб урушиши маъқул эмас. Зеро, қори қалбида Қуръон карим жо бўла туриб бундай ишларни қилиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганингиздир».
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 103-оятида:

«Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони» (Қуръон) ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида тургангизда, сизларни ундан қутқарди Шояд, ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади», деб марҳамат қилинади.

Бирлик куч-қудрат демакдир. У саодат ва саломатлик келтиради. Фирқаларга бўлиниш эса инсонни заифлаштиради.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонларини тадқиқ этган олимлар мусулмонларнинг Қуръонни маҳкам тутиб, ҳамжиҳат бўлганлари боис катта зафарларга эришганликларини таъкидлайдилар. Юқоридаги оятнинг нозил бўлишига Мадинада яшайдиган Хазраж ва Авс қабилаларининг мунтазам адоватлари сабаб бўлган эди. Ушбу оятда Қуръони Карим нозик ўхшатиш билан мустаҳкам арқонга киёсланмоқда. Мана шу арқонни маҳкам тутган киши омон қолиши, яъни гуноҳ ва ёмонликлардан халос бўлиши мумкин.

Аллоҳим, барчаларимизни Қуъронни маҳкам ушлаб, ҳаётга тадбиқ этадиган, Қуръонга мувофиқ ҳаёт кечирадиган Ўзингни хос бандаларингдан қилгин!

Аллоҳга шукр, жаннатмакон юртимиз дунё хавас қиладиган ўлкалардан. Осмони ғуборсиз, сувлари мазали, тупроғи калтак суқсанг кўкарадиган унумдор. Энг асосийси, бу юрт дунёга донги кетган улуғ олим ва фозилларга бешик, илму маърифатга эшик бўлган. Юртимизда кеча-ю кундуз баралла ўқилаётган Каломинг ҳаққи ҳурмати Ўзингдан сўраймиз, юртимизни тинч, осмонимизни доимо мусаффо қилгин, дунёни ташвишга солиб туган ҳар-хил бало офатлардан сақлагин.
Халқ ғамида бўлган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилиаётган хайрли ишларида доимо Ўзинг ёрдамчи бўл.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.