Устоз ва муаллимга эҳтиром

1092

Муқаддас ислом дини илму-маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Муаллимлик эса буюк мақомдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш Пайғамбарлар ҳам муаллим қилиб юборилганлар. Муаллим сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, яхшиликка ўргатганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.

Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга «пайғамбарларнинг меросхўрлари» деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

“….Аллоҳ Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба) ларга кўтарур”.(Мужодала сураси, 11-оят).

Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал бўлиб, бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиздир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва хаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).

Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўзи билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади.

Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас.

Инсон учун устозининг фазли отасининг фазлидан устун эканлигида ҳеч қандай муболаға йўқ. Зеро, ота фарзандини юқори оламдан ерга тушишига сабаб бўлган бўлса, устоз унинг ердан юқорига қараб кўтарилишига хизмат қилади. Шу боис ҳам мусулмон халқи қадим-қадимдан устоз ва мураббийларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келган. Чунки фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканлигини яхши англаган.

Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам бизда шогирдларига илм – ҳикматни танитувчи устозлар ҳурмат қилинган. Бу ҳақида қуйидаги ривоятларни келтириб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмас:

Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Халқимизда «устоз отангдан улуғ», деган яхши гап бор. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар намозларининг сўнгида Пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловот айтганларидан кейин, ота-оналари қаторида устозларининг ҳакларига ҳам Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиладилар. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларни алоҳида эсга олиш, уларни иззат-икромларини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.

Олтинкул тумани Жалабек ота жоме масжиди имом хатиби Отабек Хусанов