Тўйларимиз ҳакида ўйларимиз

109

Аллоҳ таоло инсонларни исрофнинг барча кўринишидан қайтаради ва унинг ёмон оқибатини ҳам баён этиб беради. Бунга кўплаб оят ва ҳадисларни мисол қилиб келтириш мумкин. Жумладан:
“Ва енглар ва ичинглар, аммо исроф қилмангизлар, чунки У исрофгарларни яхши кўрмайди.” (Аъроф 31) Абдуллох ибн Аббос (розияллоху анҳумо) бундай дейди: “ Оятда исроф ва шубҳадан холи еб-ичиш ҳалол экани баён килинган.” Яна у зот айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”. Юқоридаги оят ва хадисда айтилганидек, еб-ичиш гуноҳ эмас, исрофгарчилик ва манманлик қилиш гуноҳ ва харомдир.
Ислом ҳам, ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек , хайр-эхсон , тўй-маърака қилиш масаласида хам мўътадил бўлишни талаб қилади. Халқимиз тўй, ва турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёридан, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак. Ҳозирги кунда тўй ва маърака-маросимларда хаддан ташқари исрофгарчиликлар бўлаётгани ниҳоятда ачинарли. Тўйдан сўнг эса ортиб қолаётган нон бўлаклари ва ортиб қолаётган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ва Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани айниқса ачинарли ҳолат. “Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди”, дейишади. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этайлик. Айниқса, тўйдан кейинги дабдабабозликлар ниҳоятда авжига чиққан. Қирқ кунгача келинникидан куёвникига тошиладиган маъзар номлик бемаьни одатлар динимизга асло тўғри келмайди. Чунки куёв “қабул қилдим” деганда уй-жойини, емоқ-ичмогини, эҳтиёжига қараб кийинтирмоғлигини, касал бўлган ҳолатда даволатмоглигини қабул қилган ҳисобланади. Келинникидан ҳафтада бир ёки икки марта таом билан хаддан ошмаган холда хабар олишликни эьтиборга олмаганда, ёши катталаримиз айттишсин, қирқ кунгача маъзар тошишлик ҳолатига улар асло гувох бўлишмаган. Шу билан оилалар тинч-тотув бўлиб кетса-ку майли-я, қанчадан-қанча оилалар арзимаган “қилди-қилмади” деган гап сўзлар билан бузилиб кетаяпти. Ўткинчи орзу-ҳавасни деб, ҳаётимизни машаққатга тўлдириб, охиратда ҳам бўйнимизга оғир жавобгарликни илиб олмайлик.
Саҳобаи киромлардан Абдурохмаон ибн Авф р.а. уйланганларини билиб Расулуллоҳ алайҳис салом тўйни қандай қилиш ҳақида кўрсатма бериб, “Битта қўй сўйиб тўй қилиб бергин”- деганлар. Вахоланки у зот минглаб қўйлар сўйишга, бир неча кунлар зиёфатлар беришга қодир Мадинанинг энг катта бойларидан эди. Хозирги кунга қайтиб фикр қилсак, бизларга Росулуллоҳ с.а.в.нинг гўё муборак сўзларининг замирида “Эй молинга Аллоҳ барака бергур, битта қўй сўйиб тўй қилгин, эртасига юзта қўй сўйиб эҳсон қилаверасан. Тўй қиламан деб бошқаларга қийин қилиб қўймагин” -деган сўзлари ётган бўлса не ажаб. Хар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотимай заҳро р.а. онамизни турмушга чиқараётганларида сеп қилиб теридан бўлган ёпқич, ичига хурмо фатийласи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиш ва иккита мешча юборганларини мулохаза қилиб, сеп қилишда ва киёв томон ҳам талаб килишда хаддан ошмаслиги мақсадга мувофиқир. Ваҳолбуки келин тарафдан ушбуларни талаб килишлик динимиз курсатмаларига зиддир.
Шариатимизда жорий бўлган никоҳ ҳамда ақиқа тўйларини қариндош ва яқин қўшнилар доирасида дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, никоҳ тўйидан мақсад шарьий никоҳни эълон қилиш бўлса, ақиқадан мурод жонлиғ сўйиб бир қисмини муҳтожларга тарқатишдир. Бу икки мақсад озчилик доирасида ҳосил бўлаверади. Суннат ва мучал тўйларини ўтказиш шариатимизда буюрилмаган амаллардир.

Катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган никоҳ тўй ва бошка маросимлар ихчам ва исрофларга йўл қўймасдан ўтказиб, ўша харажатларнинг баъзи кисмини мухтож оилаларга, меҳрибонлик уйларига, ногиронлар ва қариялар уйларига ёки ободончилик ишларига сарфланса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқатадиган зарур ишларга сарфланса айни савобли иш бўлар эди.
Шундай экан ҳар бир мўмин мусулмон ҳаёти мобайнида турли хил исрофларга йўл қўймасдан, ўзига ҳам бошқаларга ҳам машаққат қилмасдан, юқорида зикр қилинган оят ва ҳадисларга мувофиқ яшамоғи лозим.

Бўз тумани «Юнусобод» жоме
масжиди имом-хатиби У.Усмонов