Тинчлик қадри

1003

Ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир. Ислом таълимотидаги асосий дават инсонларни тинчликка чақириш бўлиб, инсонларни бир бирларига мехр – муруватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъи назар, ўзаро бир – бирларига хурмат кўрсатишга чорлайди. Қуръон каримда шундай баён қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашманггиз!…” (Бақара сураси, 208 – оят).
Ояти каримада “коффатан” яъни ёппасига сўзи тафсир китобларида келтирилишича, мана шу биргина сўз бир жихатдан барча инсонлар бирлашган холда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдиради ва бошқа жихатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса хам хисса қўшиш зарурлиги айтиб ўтилган. Пайғамбаримиз Расулуллох (с.а.в.) мусулмон кишиларга таъриф бериб шундай деган: “Мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан хам, қўли билан хам озор етказмаган кишидир”, шундай экан инсонлар ўзларига етарли хулоса чиқариб, Аллохнинг амру фармонига итоат этган холда ўзаро ахил ва иноқликда яшашлари даркор бўлади.
Тинчлик – бу Ислом шиоридир. Шунинг учун хам, мусулмонлар доимо бир – бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар.
Расулуллох (с.а.в.) нинг хадисларининг бирида: “Мен хаққа моил, бағрикенг бўлган дин билан юборилдим”, – деганлар. Кўнглида адовати бўлмаган хамда жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомилада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда хамкорлик қилиш, шунинг билан бирга тинчлик ишига рахна соладиган, Ислом дини равнақига зиён етказадиган кишилар билан муроса қилмаслик динимиз талабидир: “…Эзгулик ва тақво йўлида хамкорлик қилингиз, гунох ва адоват йўлида хамкорлик қилмангиз! Аллохдан қўрқингиз! Албатта, Аллох азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2 оят).
Аллох таоло юртимизни тинчлиги ва осойишталигини барқарор айлаб, халқимиз фаравонлигини бундан хам зиёда қилсин.

“Умар ибн Хаттоб”
масжиди имом-хатиби: Ж.Султонов