Тасаввуфнинг тарихи

1285

Ҳазрати пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ақоид, фиқҳ ва бошқа исломий илмлар сингари тасаввуф ҳам алоҳида йўналиш  бўлиб чиққан эмас эди. Лекин, сахобаи киромлар ҳар бир оят ва ҳадисга алоҳида эътибор қаратар, ёд олар ва албатта ўз ҳаётларига татбиқ этар эдилар. Бундай зотлар ичида тўрт саҳобаи киром ўз тақво, парҳезкорлик ва художўйликлари билан бошқалардан алоҳида ажралиб турар эдилар. Булардан кейин Абу Зарр ал-ғифорий, Абдуллоҳ  ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллох ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон форсий ва асхоби суффалар розияллоҳу таъала анҳумлар турар эди.  Тобеъинлар бўлмиш ислом аҳлининг иккинчи авлод вакиллари барча дину-диёнат илмлари қатори руҳий тарбия, камолот ва ахлоқ илмларини мазкур сахобаи киромлардан гўзал қабулият билан қабул қилиб олдилар. Ушбу тобеъинлар ичидан эса тасаввуф йўналишини белгилаш ва уни илм сифатида шаклланишига катта ҳисса қўшган зотлар етишиб чиқди. Улар ичидан энг машҳурлари қаторида Увайс ал-Қароний, Ҳасан ал-Басрий, Саъийд ибн Мусайяб, Жаъфар ас-Содиқ розияллоҳу таъала анҳумларни санаб ўтиш мумкин. Ислом тарихи ва маданияти, аҳлоқи ёзилган манбалар ичида алоҳида тасаввуфий йўналишда ёзилган китоблар ва тасаввуфий йўналишда ёзилган тафсир ва турли шарх, ҳошия китоблари мавжуд. Ҳусусан тасаввуф уламолари валий зотлар ва уларнинг ҳаёт йўллари ёзилган китоблар ёзилиши ҳам ўзига хос анъанага айланган. Бундай асарлар туркумига аввалда ва ҳозирда ёзилаётган бир мунча китобларни келтириб ўтишимиз мумкин. “Тазкиратул Авлиё”, “Ҳулятул-Авлиё”, “Қавоидут-тасаввуф”, “Нақшбандия тариқати недур?”, “Нафсни поклашликда хулоса”, “Руҳий тарбиямиз”, “Руҳий тарбия”, “Нафс одоблари”, “Тасаввуф”, “Ал-ҳикам Ал-Атоийя”, “Ахлоқ китоби”, “Рашахот Айнил-хаёт”, “Мактубот”, “Ислом ва тасаввуф” каби китоблар шундай асарлар туркумидан ҳисобланади. Алишер Навоий асарларини катта қисми, ҳусусан  “Лисонут тойр”, “Мантиқут тойр”, “Насаимул муҳаббат” асарлари ва “Маназилус-саирин”, “Футухоти Маккия”, “Танбеҳул- Муғторрийн”, “Ҳидоятут-Толибийн”, “Ал- ажвибатул- марзийях  фи умматил-фуқаҳои вас-сўфиях”, “Ал-Анворул Қудсиях фи маърифати одоби убудиях”, “Мадорик-ус-соликийн ила русуми ториқил орифийн” ва булардан ташқари  яна юзлаб китобларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

  Ушбу асарлар тариқат, тасаввуф ва бу дунё хою – хавасларига алданмаслик, дунё  ҳаёти ўткинчи эканлиги, умрни ғанимат билиш инсонийлик сифатларини авайлаб асраш , охиратни  унитмаслик, банданинг бу дунёда қилган хеч бир иши жавобсиз қолмаслиги, умрни фақат яхши амалларга, боқий ва абадий хаётга сафарбар этиш ва бу хусусда ўтган улуғ зотлар   ҳаётидан  ибратли воқеа ва ҳодисалар, шунингдек, уларнинг ҳаёт йўллари ва насиҳатлари, ҳикматли панд ва насихатларига бағишланган. Абу Нуъайм рахматуллохи алайҳ ўзининг “Хулятул авлиё” номли машхур китобларида, тасаввуф билан машҳур бўлган тобеъинларни ўзидан икки юз кишини таржимаи ҳолини келтириб ўтади.Лекин мутасаввиф уламолар фақатгина тобеъинлар давридагина бўлган эмас.Улардан кейин табаъ тобеъинлардан ҳам буюк тасаввуф уламолари тасаввуф оламида катта из қолдирганлар. Бу зотлар ичида Фузал ибн Иёз, Иброҳим ибни Адҳам рахматуллохи алайҳларни алоҳида тилга олмай иложимиз йўқ. Булардан ташқари Абдураҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари ҳам тасаввуфга оид кўплаб асарлар ёзган бўлиб, биргина “Нафаҳот –ул –унс  минал хазаротил қудс” номли китобида 664та шайх ва сўфийларнинг номларини зикр этганлар. (Н.Комилов.“Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи” китоби.17-бет.) 

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари М.Мўминов