Тасаввуфнинг таърифи

1655

Ҳалқимизда “тариқат” ва “тасаввуф” каби атамалар кенг тарқалган бўлиб, бу сўзлар замирида ҳам ҳар кимнинг ҳар-ҳил фикр ва қарашлари мавжуд. Собиқ шўролар даврида нашр этилган “Ислам справочник” каби қўлланмаларда ҳам бу ҳақда маълумотлар келтирилган. Лекин биз бу сўзларни маъносини чуқурроқ англаш учун ишонарлик манбаларга эътибор қаратдик. Жумладан, мустақиллик йилларида чоп этилган “Ислом энциклопедияси” китобида қуйидаги маълумотлар берилган: “Тариқат” араб тилида “йўл” “усул” маъноларини ифодалайди. Тариқат сўфийликка хос тушунча бўлиб у асосан уч маънода ишлатилади. 1) Умумий сўфийлик йўли. 2) Сўфийликни муайян тармоғи. 3) Сўфийлик босқичларидан бири. Ҳозиргача айрим шарқ мамлакатларида сақланиб келаётган Қадария (Эрон ва Афғонистонда), Рифоия (Эрон), Тайфурия (Араб мамлакатлари), Мавлавия (Туркия), Чиштия (Ҳиндистон ва Покистон), Бектошия (Туркия), Сафавия (Эрон) ва бошқалар шулар жумласидандир. Ўрта Осиёда эса, аввалдан Нақшбандийлик, Кубровийлик, Яссавийлик тариқатлари кенг тарқалган. Шу ўринда тасаввуфдан кўзда тутилган асосий мақсад нима? Тасаввуф сўзи нимани англатади?  Унинг тарихий илдизлари қандай? Ва тасаввуфнинг тарихи ҳақида ҳам ушбу китобда бир мунча зарурий маълумотлар берилган. “Тасаввуф” сўзининг маъно-моҳияти, мазмуни ҳақида шундай маълумот берилган: “Тасаввуф, сўфийлик – Исломда инсоннинг руҳий дунёси тўғрисидаги қарашдир. Бу атама ва ундан ясалган “мутасаввиф” (сўфий, сўфийлик қилувчи) ва “Сўфий” (тасаввуф изидан борувчи) сўзларининг келиб чиқиши ҳақида турли тахминлар бор. Лекин ҳозирда умумий қабул қилинган нуқтаи назарга кўра, тасаввуф – сувф “жун”, “пўстин” сўзларидан олинган. Илгари замонда таркидунё қилган зохид, “ўзини худога бағишлаган одам” одатда дағал жундан тўқилган кийим – пўстин кийиб юрган. Тасаввуфга асос солган таркидунёчилик тасаввуфий кайфиятлар Ислом дини билан деярли бир вақтда пайдо бўлган. Бироқ Исломдаги зоҳидлик оқими тахминан 8-асрнинг ўрталари ва 9-асрнинг бошларида шакллана бошлаган дейиш тўғридир” (“Ислом Энциклопедияси” 223-бет.)  Демак, кўриниб турибдики тасаввуф, тариқат, сўфийлик ва ҳатто таркидунёчилик ва зохидлик, зуҳд каби сўзлар бир-бирини тўлдирадиган, бир-бирига маъно жиҳатидан яқин сўзлардир. Албатта бу маънолар Ислом оламида умумий қабул қилинган маънолардан бирларидир холос. Лекин бир мунча бошқачароқ фикрлар ҳам мавжуд. Баъзилар бу сўз “саф” сўзидан келиб чиққан дейдилар, чункий, “сўфий”  Аллоҳ йўлига кирганларнинг биринчи сафида турувчи  кишидир. Баъзи олимлар эса уни “суффа” сўзидан ҳосил бўлган деб айтадилар. “Асҳоби суффа” яъни “Суффа аҳли” ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тириклик даврларидаёқ тарки дунё қилган тақводор кишилар бўлиб, сўфийлар шуларга тақлид қиладилар, деб тушинтирадилар. Яна бир гуруҳ олимлар “сўфий” сўзи “сафо” сўзидан келиб чиққан, чунки бу тоифанинг қалби сидқу сафо офтобидай порлаб туради” деган фикрни билдирганлар. Яна баъзилар  “сўфий” сўзи “суфух” сўзидан ясалган. “Суфух” – бу бирор бир нарсанинг хулосасидир, бу жамоа халқнинг хулосаси бўлганлиги сабаблик уларни “сўфий” деганлар, деб ёзадилар. Сўфи сўзи “соф” сўзидан чиққан дегувчилар ҳам бор. Абу Райҳон Беруний ҳам “Осорул бақия…” асарида ушбу сўзни юнонча “суф” яъни файласуф сўзини охирги қисмидан ясалган деб кўрсатади. Аммо кўпчилик “сўфий” сўзи арабча “суф” сўзидан ҳосил бўлган, деган фикрни билдирадилар. “Суф” сўзининг луғавий маъноси “жун” ва “жундан тўқилган матодир”. Сўфийлар кўп холларда жун чакмон ёки қўй терисидан тикилган пўстин кийиб юришни одат қилганлари учун уларни “жун кийимлилар” яъни “сўфийлар” деб юритганлар.

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари М.Мўминов