ТАРИҚАТ

740

Аслида тасаввуф-тариқат – руҳий, маънавий покланишга даъват этувчи, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи йўналиш бўлиб, тарихда ислом дини кенг тарқалишида муҳим ўрин тутган.

“Тасаввуф” атамасининг келиб чиқиши тўғрисида бир неча қарашлар мавжуд. Уларнинг аксариятида мазкур атаманинг арабча “суф” – “жун” сўзидан келиб чиққани қайд этилади. Аввало, бу атама луғавий маъно жиҳатидан тўғри. Негаки, кўп ибодат билан машғул кишилар кийимни жуда содда кийишган. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган. Зеро, тасаввуфга эргашган шахслар таналарини риёзатга чиниқтириш учун ҳамда дунёнинг моддий бойликлари дабдабасидан юз ўгирганликларининг исботи сифатида қаттиқ жундан тўқилган либос кийиб юрганлар.

Имом Сухравордий фикрича, тасаввуф таърифининг мазмуни – икки минг атрофида. Яна бошқалари тасаввуф таърифининг зиёда бўлиши ёки хилма-хиллиги бу йўналишнинг кенглигини билдиради, деб таърифлашган.
Зеро, тасаввуф таълимоти вужудга келган даврда халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган.
Унинг намоёндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Саодат асри ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ҳам Ақоид, Фиқҳ, Ислом тарихи ва бошқа диний илмлар қатори Тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиқмаган эди.

Саҳобалар (р.а) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада У зотнинг ўзига эргашар эдилар.

Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар ўзлари учун керакли оят ва ҳадислардан далил топиб, мазкур ишларни ўз ҳаётларига тадбиқ қилдилар.

Бу борада саҳобаи киромлар ичида тўрт рошид ҳалифа,
Абу Зарр ал-Ғифорий, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон Форсий, Асҳоби суффа розиёллоҳу анҳумлар ва бошқалар кўзга кўринган эдилар.

Тобеинлар авлоди эса бошқа барча илмлар қатори руҳий тарбия ва нафсни жиловлаш илмини ҳам саҳобалардан қабул қилиб олдилар. Улар орасидан тасаввуф йўналишини белгилашда ва унинг исм сифатида шаклланишида катта ҳисса қўшган зотлар етишиб чиқди.

Булардан Увайс ал-Қароний, Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Мусаййиб, Жаъфар Содиқ ва бошқаларни барча эътироф этиб зикр қиладилар. Уларнинг тутган тасаввуфи энг тўғри тасаввуф эканига ҳеч ким хилоф қила олмаган. Тасаввуф тобеинлар даврида илм сифатида шаклланиб, ҳижрий V-VI асрларда ўзининг авж палласига чиқди. Исломнинг кенг тарқалишида ҳам тасаввуфнинг ўрни беқиёс. Хусусан, юртимиздан етишиб чиққан тасаввуф намоёндалари ва тариқат асосчилари ислом динини кенг ёйишда буюк хизматлар қилганлар.

Хусусан, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий каби улуғ тариқат пешволарининг юрт равнақи, мусулмонларнинг бирдамлиги, дин йўлидаги хизматлари ҳам беқиёсдир. Мўғуллар Хоразмга бостириб келганларида Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубронинг шаҳарни ҳимоя қилишга бошчилик қилиши ва шу йўлда шаҳид бўлиши ватанпарварликнинг юксак намунасидир.

Ҳозирги вақтда ўзини тасаввуфга мансубман, деб ҳисоблайдиган айрим кимсалар “Тариқат ҳақиқатдир, шариатни ўрганиш шарт эмас” десалар, баъзилари шариат илмлари ва бошқа илмлар билан машғул бўлганларни адашиб юрганлар деб атаб, уларга паст назар билан қарашади.

Ваҳоланки, Сўфи Аллоҳёр бобомиз:

“Шариатсиз киши учса ҳавога,
Кўнгил берма анингдек худнамога”, – деганлар.

Хожа Аҳмад Яссавий бобомиз: “Шариатсиз тариқатга кирганларни шайтони лаъин имонини олар эмиш”, – деганлар.

Биз бугунги кунда тасаввуф борасида содир этилаётган хатоларни тан олган ҳолда, ундан тегишли хулоса чиқариб, уларни тезда тўғрилаб олмоғлигимиз керак бўлади. Акс ҳолда, мўмин-мусулмонларнинг маънавияти ва бирдамлиги учун улкан хизматлар қилган тасаввуфнинг шаънига доғ тушириб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Абу Ҳомид Ғаззолий (р.а) ҳақиқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”.

Абу Язид Бистомий ( р.а) “Агар бир кишига кароматлар берилиб, ҳаттоки у осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то унинг aмр (Аллоҳнинг буйруғи) ва наҳийни (Аллоҳнинг қайтариғи) маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча, ундай кимсага алданиб қолманг”, деганлар. Уламолар бу зотни шариатда имом, тариқатда қаҳрамон, суннатда тобеъ ва ҳимматда нодир деб васф қиладилар.

Тасаввуф тарихига назар соладиган бўлсак, бу йўлда юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг барчалари шариат илмларининг ҳам устозлари бўлиб, баъзи бир тариқатга ўтмоқчи бўлганларни аввал шаръий илмларни эгаллашга ундаганларига гувоҳ бўламиз. Қолаверса, шаръий илмларни мукаммал ўрганиб олмаган, ибодатлардаги фарз, вожиб, суннат, ҳаром, макруҳ, муфсид каби амалларни мукаммал билмаган киши ибодатларни нуқсонсиз, ўринлатиб адо этиши мумкин эмас. Зотан ҳадиси шарифда:

“Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзал”, дейилган. Ҳозирги вақтда ўзини маълум бир тариқатга мансуб деб ҳисоблайдиган баъзи қўштирноқ ичидаги кимсаларнинг “Таълим зарур эмас”, деб иддао қилишлари ўта ачинарли ҳолдир. Ҳеч бир мусулмоннинг бундай сўзни айтишга ҳаққи йўқ. Аллоҳ таоло каломида: “Албатта Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир сураси 28-оят) ва яна бошқа бир оятда “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси 9-оят) деб марҳамат қилади. Икки олам сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларида: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини егиллаштиради”, – деганлар.

Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Имоми Раббоний каби улуғ тасаввуф пешволари доимо илм эгаллашга даъват қилиб, китоблар ёзганлар.

Илмсизлик бандани бидъатга, жамиятни эса таназзул сари етаклайди. Бугунги кунда илмсизлик оқибатида айтилаётган гаплардан бири пирга байъат қилинганда, қазо намозларининг соқит бўлиши хусусидаги бидъатдир. Тарихга назар соладиган бўлсак, аслида бундай ҳукмни аҳли илм уламоларидан ҳеч ким айтмаган. Аксинча, ҳадисларда қазо намозни ўқишга етарлича далиллар мавжуд.

Айни пайтда баъзи пирлар ўз муридларига қатор вазифаларни беришда асосан эшитган, қайсидир “пир” таъсирида бўлган даврларидаги таассуротларига таянмоқдалар. Муридлар ҳам бу вазифаларни адо этишни вожиб ўринда кўрмоқдалар.
Бинобарин, баъзи бир пирларнинг ўзлари билмаган ҳолда шариат қоидалари бузилишига олиб борувчи айрим кўрсатмалари бўйича халқимиз ўртасида эътирозлар пайдо бўлмоқда. Мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:
– кечаси таҳажжуд намозини ўқиш фарз (ёки вожиб) деб таъкидлаш;
– шукри вузуъ намозини қай вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур деб билиш;
– пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари, шунингдек, қолдирилган ибодатлари ҳам кечирилади, дейиш;
– муридидан бошқа кишининг тўй-маъракасига бормаслик;
– расмий имомларнинг амри маъруфларини менсимаслик;
– қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди дейиш;
– намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва тиловат қилишни макруҳ деб билиш;
– Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидъат (янгилик), деб билиш ва инкор этиш.
Булардан ташқари, айрим тариқатчилар томонидан турли мутаассибона хатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани таажжублидир.

Бугунги кунда аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адашмаслигимиз ҳамда амалларимизнинг ҳабата бўлишлигидан асрашлигимиз учун тасаввуф ҳақида етарли илм ва маълумотга эгa бўлишликка интилмоқлигимиз ва бу борада юртимиздаги уламоларимизга эргашмоқлигимиз жуда зарурдир.

Сўфи Аллоҳёр бобомиз “Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал қилса елдур”, деб ақиданинг начоғлик зарур эканлигини таъкидлаб ўтганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин!

Улуғнор тумани бош имом-хатиб

Б.Сайдалиев