Шукр қилиш фазилати

1071

Дунёнинг турли мамлкатларида юз бераётган нотинчликлар, иқтисодий-сиёсий низолар, хунрезликлар ва миллатлараро келишмовчиликлар оқибатида инсонларнинг бир бурда нонга зор бўлаётганини кўрганда Ўзбекистондаги тинч-осуда ҳаёт ва тўкин дастурхонимиз учун Аллоҳ таолога чексиз шукрлар айтишимиз лозимлиги янада яққолроқ намоён бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато қилди. Шу билан бирга берган неъматларига шукр айтишга ҳам буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилиш ваъда қилди:
“Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.
Демак, Парвардигоримиз биз бандаларга берган тансиҳатлик, фаровонлик, бахту саодат, тинчлик ва осойишталик каби улуғ неъматларга шукр айтсак, қадрига етсак – Аллоҳ биздан рози бўлар экан.
Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража экани алоҳида қайд қилинган.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларининг янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилган.
Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтиришича, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.
Яратган бизларга ато этган беҳисоб неъматларни ёдда тутиш, уни қадрлай олиш ўша неъматларнинг давомийлигига сабаб бўлади. Шайх Саъдий (р.а) айтганлар: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожиб”. Зеро, нафас кирса-ю қайтиб чиқмаса ёки чиқса-ю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлади. Шуни билган инсон тансиҳатлиги ва тинч-хотиржам ҳаёти учун Яратганга нега шукр айтмасин!
Тинч-хотиржам ҳаётимиз, фаровон ўтаётган кунларимизга шукр қилиб, энг аввало, ҳушёр бўлмоғимиз, ана шу неъматлардан айирмоқчи бўлаётган ғаразли кучлар, нопок тоифаларнинг найрангларидан огоҳ бўлиб, уларга муносиб жавоб қайтаришимиз керак. Манфур кимсаларнинг ҳийлаларига алданиб, пировардида оиласидан, яқинларидан, тинчлигидан ажралиб қолган кишилар қисматига назар солсак, бу кунларимизга қанчалар шукр келтиришимиз лозимлигини янада теранроқ ҳис қиламиз.
Қаранг, Юртимиз тинч. Ўқишга, ишга кетаётган одамнинг ота-онаси нима дейди? «Болам, яхши ўқиб келгин», «Ўғлим, ишинг бароридан келсин» ёки «Яхши бориб келгин» дейишади.
Бугун бошида уруш кечаётган диёрлардаги ота-оналар эса “Болам, дийдор қиёматга қолмаган бўлса, кўришамиз” деб фарзандларини кузатишади.
Инсон қўлидаги неъматларга шукур қилар экан, неъматлар зиёда бўлишига гувоҳ бўлади. Нолиш, инкор қилиш ила қўлидаги неъмат ҳам йўқ бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига мислсиз неъматларни ином этди. Фақатгина бир талаб, ана шу неъматларга шукр қилишни талаб этди.
Аллоҳ таоло азиз юртимизни тинч
ҳаётимизни янада фаровон айлаб,
барчамизнинг Ўзига шукр қилувчи
солиҳ бандаларидан бўлишимизни
насиб айласин!

Шохимардон Орипов

Улуғнор тумани
«Овулмат»

жоме масжиди (в.б)имоми