Шайтонлар ”ДОД” деган ой бу

531

Аввалом бор рўза ҳақида тушунча олсак. Рўза араб тилида “сиём” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик” ни билдиради. Шариат истилоҳида эса,”тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқликдир”. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ  азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар.

Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламолар таъкидлашича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юришни рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юришни рўза дейилади. Уларнинг рўзаси муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турличадир.

Рамазон ойи ойлар ичида энг афзал ой ҳисобланади. Ким Рамазон ойига соғ-саломат етса, унинг янги ойининг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари етса, рўзасини тутсин.

Рамазон ойи фазилатлари:

У рўзадорни турли ёмон ишлардан, гуноҳлардан, касалликлардан, аҳлоқсизликлардан сақлайди.

У рўзадорни  фахш, уятсиз сўзларни гапириш мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайди. Мусулмон рўзадор бўлганида унинг обрў-эътибори яна ҳам ошади. Унинг рўза ила берк оғзидан ҳеч бир беҳуда, номаъқул сўз чиқмаслиги керак. Рўза рўзадорни тилини ёмон лабзлардан сақлайди.

Маълумки, овқат егандан сўнг маълум вақт ўтиб, таом ҳазми бўлиш жараёнида оғиздан ҳид чиқади. Одатда ўша ҳид мақтовга сазовор ҳид эмас. Аммо Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг оғзидан чиқадиган, арабчада “халуф” деб номланадиган ўша ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам афзал эканини қасам ила таъкитламоқдалар.

У қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай. Қачон Роббиси ила мулоқотга юзланганда, рўзасидан хурсанд бўлгай. Бундай хурсандлик, албатта, фақат рўза тутган кишигагина насиб этади. Охиратда эса, Аллоҳ ила мулоқот бўлганда тутган рўзаси учун жаннатга киритилгандан хурсанд бўлади.

У ойда Жаннат эшиклари очилур. Демак, Рамазон ойида рўзадор ҳолида вафот этганлар жаннати бўлурлар. Шу билан бирга, ўша ойда жаннатга кириш учун асқотадиган савоб амаллар кўп қилинур.

У ойда дўзахнинг эшиклари ёпилур. У эшиклардан бирортаси очилмас. Шунинг учун ҳам Рамазонда вафот этган осийларни дўзахга кириши ҳам Рамазон ичи сурилиб туради. Яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони Шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар.

У ойда ким иймон ила савоб умидида рўза тутса, фақат Аллоҳнинг ўзидан савоб умид қилган ҳолда бўлса, унинг  ўтган гуноҳлари мағфират қилинур.

У ойда шайтонлар кишанланур. Улар бирор кишига иғво ҳам қилмайди, озор ҳам бермайди. Бу ишларнинг ҳаммаси Рамазони Шариф ойининг ҳурматидан бўлади. Бир нидо қилгувчи: Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи , бас қил! деб нидо қилур.

Ушбу ойда Аллоҳ тарафидан берилган имкониятларни кўриб турган шайтон занжирда турган ҳолда “дод” деб юборар экан.

Барчамизга ушбу ойда берилган имкониятлардан фойдаланиб, гуноҳлардан покланиб  жаннати бўлиб олишлик насиб этсин.

Андижон туман

“Файзибой хожи” жоме масжиди

 имом-хатиби   Н.Бойматов.