Саломлашиш одоблари

782

Аллоҳ таоло бандаларига буюрган, улар ўртасида мехр-муҳаббат уйғотадиган, яқинлик пайдо қиладиган амаллардан бири саломлашишдир. Расулуллоҳ (с.а.в) «Мўмин бўлмагунча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро мухаббатли бўлмагунингизча мўмин бўлмайсиз. Сизларга мухаббатли бўлишингизга савоб бўладиган амални айтайми? Орангизда саломни ёйинг» деганлар. (Имом Муслим). Пайғамбаримиз (с.а.в) салом бериш мусулмоннинг ўзаро хақларидан бири эканини таъкидлаганлар. Агар икки мусулмон учрашса, уларнинг яхшиси салом берилган кишига омонлик, раҳмат ва саломатлик сўраб дуо қиладур. Жамиятда тинчлик-омонлик, мехр-муҳаббат ҳукм суриши учун динимизда саломни ёш-у қари, таниш-у нотаниш ўртасида ёйишга тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилиб, келганларида одамларга буюрган илк амалларидан бири салом эди. Анас ибн Машк (р.а) айтади “Расулуллоҳ (с.а.в) менга “Ўғлим, оиланг ҳузурига кирсанг салом бер. Бу сенга ва оиланга барака бўлади” дедилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) бундай буюрганлар: «Биронтангиз биродарини учратса, унга салом берсин. Агар ўрталарини дарахт, девор, тош тўсиб яна учрашсалар яна салом берсин” (Абу Довуд). Кўп одамлар фақат танишларига салом беришади. Вахоланки, Расулуллох (с.а.в) танигану-танимаганга салом беришга буюрганлар. Жумладан уловдаги киши пиёдага, юриб кетаётган киши ўтирганга, озчилик кўпчиликка, кичик каттага салом бериши керак. “Ассалому алайкум ва рахматуллоҳи ва баракотуҳу” деб салом бериш “Ва алайкум ассалом ва рахматуллоҳи ва баракотуҳу” деб жавоб бериш саломнинг тўлиқ шаклидир. Қисқа қилиб “Ассалому алайкум” деб салом бериш “Ва алайкум ассалом” деб жавоб қилиш ҳам жоиздур.
Салом бермасдан қўл ёки бош билан ишора қилиб қўйишнинг ўзи етарли бўлмайди. Агар салом берилаётган киши узоқда ёки қулоғи оғир бўлса, оғзаки, салом бериш билан бирга ишора қилса, жоиз.

Холматов Дониёр,
Избоскани туман «Имоми Ҳусайн» жоме масжиди имом-хатиби