Саҳарлик ва ифторлик фазилати

852

Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри ҳикматларга бойдир. «Аллоҳнинг раҳмати баҳона қидирур» деган машҳур мақол бор. Аллоҳ бу умматга раҳматини ёғдиришни ирода қилиб, Ўз Пайғамбари орқали саҳарлик ва ифторлик қилишни суннат қилди.

Мусулмон киши қорни тўқ бўлса ҳам, таомга эҳтиёжи бўлмаса ҳам саҳарликда бирорта хурмо ёки бир-икки қултум сув ичиб олса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига эргашган бўлади. Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу у зотнинг «Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор», деганларини айтган…

 Яна бир бошқа ҳадисда “Саҳарлик таомини лозим тутинглар. Чунки у муборак емакдир” дедилар.

Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзасидаги фарқ саҳарлик ейиш биландир яна бир ҳадисда Хурмо мўмин киши учун қандай ҳам яхши саҳарлик”, дедилар.

Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, саҳарлик қилишда барака бордир. Саҳарлик қилишда инсон сиҳат-саломатлиги учун манфаат бор. Иложи бўлганда саҳарликда хурмо ейилса, инсон саломатлиги учун фойдали экани ҳадисдан маълум бўлади. Саҳарлик қилишдан мақсад кундузи тутиладиган рўза учун бақувват бўлиб олишдир….

Ифторлик

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила суюнгай», деган».

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алйҳи ва саллам): Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар яхшиликда бўладилар”, дедилар.

Яна бошқа бир ҳадисда Одамлар модомики ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлади. Чунки яҳудий ва насронийлар ифторликни кечга сурадилар”, дедилар.

Ҳадиси қудсийда эса: Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир”, дейилган.

Ушбу ривоятларда вақт бўлиши билан дарҳол ифторлик қилиш тарғиб этилмоқда. Бу билан кишилар яхшиликда давомли бўлиши, Ислом дини устун бўлиши, Аллоҳ таолога маҳбуб бандалардан бўлиш ваъда қилинмоқда.

Салмон ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Қачон бирингиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин. Чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин. Чунки у покловчидир”, дедилар.

Кун бўйи рўза тутиб юрган инсон жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ифтор вақти бўлганда оғизни нима билан очиш ўта аҳамиятлидир. Чунки маълум муддат давом этган очликдан сўнг биринчи тановул қилинадиган нарсанинг таъсири каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ёки сув ўта мувофиқ нарсалардир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ифтор пайтида рўзадорнинг мустажоб дуоси бор».

Имом Табароний Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ифторлик вақтида Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар.

Аллоҳ таолодан бу йилги муборак Рамазон ойини азиз ва жанатмакон диёримиз учун хайрли, баракали қилишини, жонажон халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини сўраб қоламиз.

Манбалар асосида Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.