Ризқларингизни чиройли суратда изланглар!

1064

Аллоҳ таолонинг қудрати ва илми бутун борлиқни қамраб олганидек, еру осмонда, сув тубию ер остида қимирлаган жонзот борки, Аллоҳ уларнинг ризқини яратишдан ташқари етказиб беришни ҳам Ўз зиммасига олган. У Зот ўзи яратган маҳлуқотларнинг қаерга бориб, қаерга қайтишлари, қай гўшани макон тутиб, қай тариқа озуқа топишларидан ҳам хабардор. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг ҳузуридаги Китоб – Лавҳул Маҳфузда илгаридан тақдир қилиниб, ёзиб қўйилган.

Хусусан, жонзотлар ризқи, миқдори ва унинг қанча бўлиши ҳам ўша Китобда битилган.

Ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссаломга ваҳий нозил қилинаётганида қалби аҳли-оиласига чалғиганида Аллоҳ таоло унга қўлидаги асо билан бир харсангни уришни буюради. Мусо алайҳиссалом буйруқни бажарганида харсанг ичидан иккинчи бир харсанг чиқади. Унисини ҳам асо билан урганида учинчи харсанг, учинчи харсангни ҳам урганида уни ичидан митти қурт чиқади. Ана шу қурт оғзида озуқаси бор эди. Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг изни ва қудрати билан қуртнинг:
“Мени унутиб юбормай эслаб турган Зот ҳар қандай айбу нуқсондан покдир”, деб айтганини эшитади.

Аллоҳ таоло айтади:
“ Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқ беради. У Эшитувчи, Билгувчидир”.
(Анкабут, 60).
Анкабут сурасининг 59-оятида сабр қилиб, Аллоҳ таолога таваккул қиладиган зотлар зикр қилинган бўлса, ушбу оятда таваккулга ёрдам берадиган нарса – ризқ хусусида сўз боради.

Ибн Уйайна (р.а) айтади: “Инсон, чумоли ва сичқондан бошқа бирон жонзот ўз ризқини йиғиб, сақлаб қўймайди”.
Ҳасан Басрий(р.а) оятдаги “ризқини кўтара олмайдиган” иборасини “йиғиб, сақлаб қўя олмайдиган” деб тушунтирган.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, мушриклар Маккадаги оз сонли мусулмонларга азият етказганларида, Расулуллоҳ алайҳисаллом Мадинага ҳижрат қилишни буюрдилар. Аммо улар: “Бизлар учун у ерда уй-жой ҳам, ер-мулк ҳам йўқ”, деб унашмади. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилган экан.
Аллоҳ таолонинг ризқ бериши муайян ҳудуд ёки макон билан хосланмайди, балки қаерда бўлишидан қатъий назар,
ўз махлуқларига ризқларини етказиб туради. Кўпчилик жонзотлар заифлиги туфайли ўз ризқини топа олмайди ёки
йиғиб, тўплай олмайди, қанчадан-қанча жонзотлар егулиги йўқ ҳолда тонг оттиради. Аллоҳ ҳеч бирини ризқсиз қолдирмайди.

Чунки Аллоҳ таоло нафақат бандаларининг сўзлари, дуою илтижоларини эшитади, дунёдаги жамики махлуқларининг нимага муҳтож эканидан тўлиқ хабардор Зотдир.
– Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта ризқ бандани худди
ажали қидирганидек қидиради”, дедилар” (Ибн Ҳиббон, Баззор ривоят қилган).

Гўдак ҳали она қорнида эканида унга ризқ, ажал, умр ва шу каби нарсалар тақдир қилинади. Дунёга келгач эса, ёзилган ризқи хоҳласа-хоҳламаса, унга насиб этади. Умр паймонаси тўлганда ризқи узилиб, ажал қидириб топади. Худди шундай, ризқи ҳам бандани ажали излаганидек излаб топади. Бу Аллоҳ таоло томонидан азалда битиб қўйилган тақдирдир.
– Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али отасидан ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазоти куни минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ
буюрган нарсагагина буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман. (Ризқларингизни) чиройли суратда изланглар!
Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради.
Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!” дедилар”

(Имом Табароний ривояти).

Ушбу ҳадис мусулмонлар учун жуда оғир кечган Табук ғазотида айтилган. Ўшанда мусулмонлар ҳаво ниҳоятда иссиқ, шароит оғирлигидан озуқа, сув ва бошқа масалаларда қийналиб қолишди.
Расулуллоҳ алайҳиссаллам сўзлари аввалида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, кейин: “Эй одамлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларни фақат Аллоҳ буюрган нарсага буюриб, Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтараман”, дедилар. Бундан
мақсад шуки, Аллоҳнинг амрига кўра яхши амалларга буюриб, ёмон ишлар, яъни ҳаром амаллардан қайтардилар.

“(Ризқларингизни) чиройли суратда изланглар!”, дейишдан мақсад эса ризқни чиройли тарзда, шариат аҳкомларига амал қилган ҳолда, ҳалол йўл билан топишдир. “Абулқосимнинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ризқи ажали уни қидирганидек қидиради”. Бу ерда Набий алайҳисаллом Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичиб айтмоқдаларки, ҳар бир бандани ризқи худди ажали каби ортидан таъқиб қилиб юрар экан. Бу нарсани Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтилиши бунинг нақадар муҳим ва айни вақтда шак-шубҳасиз эканини билдиради.

“Агар ундан бирон нарса сизларга кечикса, уни Аллоҳ азза ва жалланинг тоати билан талаб қилинглар!”
Агар Аллоҳ тақдир қилган ризқ бирон сабабга кўра кечикса, шошқалоқлик, сабрсизлик қилиб, уни ҳар хил гуноҳ ва ношаръий йўллар билан эмас, балки Аллоҳ амрига итоат этиш ва ҳалол воситалар орқали излаш лозимлиги билдирилмоқда. Ризқда танглик юз бериши ҳаром йўлларга ундамасин!

Аллоҳ барчамизга ҳалолдан ризқ топиб ҳалолга сарфлашликни насиб этсин!

Шаҳрихон тумани
“Гул-тепа” масжиди имоми
Ш Орипов.