Уламолар: «Тана аъзолар овқатдан озиқланади. Руҳлар эса маърифат билан озиқланади», дейдилар.

Ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўладиган амаллардан бири намоздир. Бунга қуйидаги оят далил қилиб келтирилган:

 وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا ۖ لَا نَسْأَلُكَ رِزْقًا ۖ نَّحْنُ نَرْزُقُكَ ۗ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَىٰ

«Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз, балки сенга Ўзимиз ризқ берурмиз. Хайрли оқибат эса тақводадир» (Тоҳа сураси, 132 оят).

Бу «Ризқим кенг бўлсин десанг, намоз ўқигин», дегани эмас, чунки, алҳамдулиллаҳ, мўмин-мусулмонлар бусиз ҳам намоз ўқийдилар. Бу «Намозингни хузуъ ва хушуъ билан, мукаммал адо қил» деганидир. Хушуъ намознинг асосий қисмларидандир. Аллоҳ таоло мўминларни «Намозларида (кўрқув ва умид билан) хушуъ қилувчи мўминлар нажот топдилар», деб мақтаган (Мўминун сураси, 1 2 оят).

Убудиятнинг одобларидан бири банданинг Роббидан барча истаган нарсаларини сўрашидир. Сўраётган нарсаси хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, фарқи йўқ. Пойафзалининг ипи узиладими, уйининг калити йўқоладими, Аллоҳ таоло банданинг кўзига арзимасдек кўринган шу нарсаларни ҳам фақат Ўзидан сўралишини ёқтиради. Масалан, Мусо алайҳиссалом эришиш қийин бўлган улкан нарсани ҳам сўраганлар, «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сени кўрайин», деганлар, «Роббим, менга нозил қиладиган ҳар бир яхшиликка муҳтожман», деганлар (Аъроф сураси, 143 оят ҳамда Қасос сураси, 24 оят).

Ушбу икки оят банда барча нарсани фақат Роббидан сўраши кераклигига далилдир.

Али розияллоҳу анҳу: «Сендан ризқ сўраш талаб қилинмаган, сенга жаннат сўраш амр қилинган», деб айтганлар. Биз эса сўраш буюрилган нарсанинг ташвишини қилиб,  ташвишини қилмаслик буюрилган нарсани сўраймиз. Инсоннинг энг катта муаммоси ана шудир. Аллоҳ таоло Қуръоннинг кўп жойида Ўзининг ризқга кафил экани ҳақида далиллар келтирган:

«Фақирликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Уларни ўлдириш катта хатодир» (Зарият сураси, 31 оят).

«Аллоҳнинг Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатли Зотдир» (Зарият сураси, 58 оят).

Демак, Роббимиз ризқимизни Ўз кафолатига олганини айтиб, бизни хотиржам қилмоқда. Шундай бўлса ҳам кўпчилик одамлар динларини дунёнинг арзимас матоҳига сотиб юбормоқда.

Аллоҳ бизга ризқнинг кафолатини бериб, охират диёрига тайёргарлик кўришимизни буюрмоқда:

«Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ» (Нажм сураси, 39 оят).

Бир кишининг акаси вафот қилиб, ортида бешта фарзанди қолди. Укаси кўзида ёш билан устозининг олдига борди. Устози: «Сенга нима бўлди, болам?» деди. У: «Акам вафот қилди, бешта боласи етим қолди», деди. Устози: «Ундан бирон нарса қолдими?» деган эди, у: «Бир йилга етадиган нарса қолди, холос», деди. Устози: «Яхши. Унда аввал ўша жамғарма тугасин, кейин йиғлайсан», деди. Тақдирни қарангки, укаси ўша жамғарма тугашидан уч ой олдин вафот топди.

Бир шаҳарда йўллар кенгайтирилиб, натижада бир кишининг ҳовлиси бузиладиган бўлиб қолди. У киши айюҳаннос солиб, кийимларини йиртиб, дод вой қилди. Унга энг яхши жойдан уй қуриб берамиз деб кафолат берилса ҳам, бесабрлик қилиб, изтиробга тушаверди. Оқибатда ҳовлиси ҳали бузилмасидан ўлиб қолди. Инсон керагидан ортиқ қайғуриши дуруст эмас.

Раззоқ сифатли Зот бойларни ризқ бериб хосласа, камбағалларни эса Раззоқ сифатли Зотга шоҳид бўлиш билан хослайди. Демак, Аллоҳ таоло синов учун бир одамга егулик, ичимлик, ҳовли-жой, катта маблағ, улов ато қилса, бу ҳам Раззоқ сифати экан. Камбағалга эса Ўзининг ризқ берувчилик сифати намоён бўлишини ато этади. Бунинг маъноси шуки, бадавлат киши ўзига ато қилинган ҳамма нарсани тўпласа ҳамда камбағал киши Аллоҳга етишишдаги барча роҳатни жамласа, йиғинди бир хил чиқади. Зеро, Аллоҳ таоло камбағалдан фаровон ҳаёт неъматини олиб, бунинг эвазига Ўзига тажаллий қилиш, Ўзига яқинлашиш неъматини ато қилади. Баъзи туғёнга кетган, ҳақ йўлдан оғган бадавлат кишига моддий неъмат ато қилиб, Ўзига яқинлик неъматидан маҳрум қилади.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан хоҳлаганингча, ундаги ғам-ташвиш миқдорича олгин. Ким кифоя қилгудек мол-дунёдан ортиғини олса, ўзи билмаган ҳолда ҳалокатини олибди», деганлар (Имом Баззор ривояти).

Бир одамдан: «Сиз қаердан ризқланасиз?» деб сўрашди. У: «Аллоҳнинг хазиналаридан ризқланаман. У ерга на ўғри, на қурт-қумурсқа кира олади. Аллоҳнинг хазиналари очиқ, Аллоҳнинг хазиналари тўла, Унинг хазиналарида ҳамма нарса бор», деб жавоб берди.

«(Ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг хазиналари Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни (сизларга) аниқ ўлчов билан тақсимлаб туширурмиз» (Ҳижр сураси, 21 оят).

«Ер захиралари тугаб бормоқда», «Курраи замин очлик бўсағасида турибди», «Аҳолининг кўпайиб кетиши қаҳатчилик келтириб чиқаради» каби сўзлар энг разил назариялардан биридир. Бундай сўзларни Аллоҳ таолони танимайдиган кимсалар айтади, холос. Аллоҳ таоло ризқни камайтириб, меъёрга солиши адаб бериш юзасидандир. Инсоннинг бундан саросимага тушиши эса ожизликдан юзага келади.

Аллоҳни яхши танийдиган бир ориф зотнинг аёлидан: «Эрингиз сизларни қандай ризқлантиради?» деб сўрашибди. Аёл: «Эрим ризқлантирувчи эмас. У ўлчаб, тортиб берувчи, холос», деб жавоб берибди.

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло бойларни ризқ ато қилиш билан хослаган. Камбағалларни эса Розиқ сифатли Зотга шоҳид қилиш билан хослаган. Ким Розиққа шоҳид бўлса, унга насиб қилмаган ризқлардан ғам чекмайди, бу синовлар унга зарар бермайди. Мўминнинг аломати шуки, у Аллоҳни танийди, Унга боғланади ва дунёда бой берган нарсасига парво қилмайди. Дунёда қўлга кирита олмаган нарсаларинг учун қайғуга ботаётган бўлсак, демак, ҳали Аллоҳни яхши танимабмиз. Ҳозирги кунимиздаги юрак-қон томир, ошқозон ва асаб касалликларининг аксари ўткинчи нарсаларга қайғуришдан келиб чиқмоқда. Инсон ризқ берувчи Зотга шоҳид бўлгандагина бу ўткинчи дунёга қайғурмайди.

Баъзи уламолар «Яратишда, Холиқликда Аллоҳ таолонинг шериги бўлмаганидек, Раззоқликда, ризқ улашишда ҳам шериги йўқдир. Зеро, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир», дейишган.

Баъзи зукко инсонларни кўрамизки, ризқи жуда оз бўлади. Аммо баъзи соддадил, оддий одамларни кўрамизки, уларнинг ризқи мўл кўл бўлади. Бунинг сабаби шуки, ризқнинг кўп ёки кам бўлишига зукколик ва ҳаракатчанликнинг алоқаси йўқ. Аксинча, тўғри йўлда юришнинг ризқ мўл кўллигига алоқаси бордир.

«Агар (инсонлар ва жинлар Тўғри) Йўлда устувор турганларида, Биз уларни имтиҳон қилиш учун мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик)» (Жин сураси, 16 оят).

«Қишлоқлар аҳли иймон келтириб, тақво қилганларида эди, Биз уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар (ҳақни) ёлғонга чиқардилар, шунинг учун уларни қилган қилмишлари туфайли (азобга) тутдик» (Аъроф сураси, 96 оят).

Ҳадиси шарифда: «Гоҳида киши гуноҳ ва маъсият сабабли баъзи ризқидан маҳрум бўлади….», дейилган.

Ушбу ҳақиқатни ойдинлаштириш учун бир мисол келтирамиз. Масалан, бир фарзандингиз мол мулкни ишлатишга лаёқатли бўлмаса, сиз унга зарурий ҳожатларига етадиган озгина маблағ берасиз. Аммо фарзандингиз салоҳиятли, тақводор, ҳикматли, парҳезкор бўлса, барча маблағни ишониб бераверасиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқу рўзини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Зеро, У – бандаларидан Огоҳ, Кўриб тургувчи Зотдир», деган (Шўро сураси, 27 оят).

Баъзи китобларда ривоят қилинадики, Мусо алайҳиссалом ўз муножотларида: «Роббим! Гоҳида кичик ҳожатларни ҳам сўрашимга тўғри келиб қолади. Мен уни Сендан сўрайми ёки бошқаданми?» деганларида У Зот: «Мендан бошқадан сўрамагин», деб ваҳий қилган.

Раззоқ ва Холиқимиз шу вақтгача ризқимизни етказиб беряптими? Демак бизни эсдан чиқармади, биз ҳам Роббимизни эсдан чиқармайлик.

Анваржон домла Ибайдуллаев

Олтинкўл тумани «Уйшин» жоме масжиди имом хатиби