Рамазон хайри саховат ойи

499

Дунёда қилинган ҳар бир яхшиликнинг мукофоти бор. Айниқса, – бу яхшилик Рамазон ойида қилинса. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ

яъни: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир”.

Динимизда ойларнинг ўзига яраша фазилатлари зикр қилинган бўлиб, Рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради.
Рамазони шариф саховат, меҳр-мурувват ойидир. Бу ойчалик мўминлар томонидан саховат қилинадиган ой йўқ. Закот, фидя, фитр садақалари берилади, қўшимча хайр-саховатлар қилинади. Нима учун айнан бу ойда?. Чунки, бу ойда қилинган саховатга бошқа ойда қилинган саховатга қараганда етмиш хисса ажр бор.
Шу сабабдан мўмин-мусулмонларимиз ҳам берадиган закотларини айнан мана шу ойда беришади.
Рамазон ойи тўла маънода фазилат ойидир.
Қуйидаги ҳадиси шарифда шу фазилатларга ишора қилинади:
Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба ўқидилар: “Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, дедилар. Шунда: “Эй, Расулуллоҳ, ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, – дейилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ва ибн Хузайма ривоят қилган). Бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, янада ҳамжиҳат, ҳусну муомалада бўлишга интилайлик. Бирор сабабга кўра аразлашган, ўрталарига совуқчилик тушган таниш-билишлар ҳам шарофатли ой туфайли бир-бирларига қучоқ очсинлар. Ушбу муборак кунларда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш айни савобли амалдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар", деб марҳамат қилади. Аллоҳ таоло барчамизнинг хонадонларимизга, жонажон юртимиз Ўзбекистонга тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ато қилсин!. Барча юртимиз беморларига Ўзи шифо берсин. Бу ойда қилаётган дуоларимизни Ўзи ижобат айласин!.

Шохимардон Орипов
Улуғнор тумани
“Овулмат” жоме масжиди
имом хатиби