Рамазон ҳайити муборак бўлсин

1132

«Биз бугун узоқ давом этган ғафлат уйқусидан уйғондик.

Тарихимизни, маънавиятимизни, маданиятимизни,

ўзлигимизни танидик ва тиклай бошладик»

И.А.Каримов.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аввало барчаларимизни йўқдан бор қилиб яратган Роббимиз Аллоҳга – беадад шукрлар бўлсинки У зот барчаларимизга беҳисоб неъматлар берди. Мана бугун биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг 1992 йил 27 мартдадаги ПФ 368-сонли қарорига мувофиқ Диний байрамларимиз бўлмиш Рамазон ва Қурбон ҳайитлари қонуний дам олиш куни қилиб белгилаб берилганига ҳам чорак аср бўлибди. Шу кундан бошлаб кўплаб диний қадриятларимиз тикланди, икки ҳайит намозлари бугунги кунда вилоятимизда фаолият олиб бораётган масжидларида эмин эркин ўқилмоқда.

Мамлакатимиз Мустақил деб эълон қилинганидан бери ўтган давр мобайнида юртимиз фуқаролари ҳаётида жуда кўп янги ўзгаришлар содир бўлди. Шу жумладан энг каттаси ва шукру-таҳсинга сазовори мўмин-мусулмонларнинг диний эркинликка эришишларидир. Дарҳақиқат, йиллар давомида ўтган ота-боболаримизнинг эришаолмай келган орзу-умидларини кўриш сизу биз авлодларга насиб этди. Ўтган давр мобайнида минглаб янги масжидлар, ўнлаб мадраса ва олий диний таълим муассасалари очилди. Юртимиз фуқароларидан ҳар йили минглаб мусулмонлар Ҳаж ва Умра зиёратига ҳеч қандай тўсиқларсиз бориб келмоқдалар.

Мусулмонларимизнинг диний ва маънавий эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ҳанафий мазҳабига хос ва мос турли мавзудаги диний адабиётлар беҳисоб чоп этилмоқда. Айниқса юртимизни, диёримизни, шаҳару-қишлоқларимизни кўркам ва обод бўлиб бораётганини, гўзал водийни мамлакатимиз пойтаҳти ва бошқа вилоятлар билан боғловчи темир йўлни қуриб тугалланишини таърифлаб, сифатлаб баён қилишга тиллар ожиз.

Бу йил ҳам Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 26 июнь Рамазон ҳайитининг биринчи куни ва шу кунни дам олиш куни деб эълон қилинди.

Мўмин-мусулмонлар Рамазон ойида ҳар доимгиданда кўпроқ ҳайрия ишларига бел боғлаганлар. Ушбу ойда қилинган амалларга бошқа ойларга қарагнда бир неча баробар савоблар кўпроқ берилишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2017 йилги закот, фитр садаси ва фидя миқдори бўйича қарори эълон қилинди. Унган кўра закот нисоби 15725000 (ўн беш миллион етти юз йигирма беш минг) сўм эканлиги ва мазкур сумманинг қирқдан бир ҳиссаси, яъни 393125 (уч юз тўқсон уч минг бир юз йиғирма беш) сўм закот чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фитр садақасининг миқдори вилоятимиздаги 2 кг. буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда 4000 сўм этиб белгиланди.

Фидя миқдори доимий узр билан рўза тутаолмайдиган кишилар учун бир одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12000 (ўн икки минг) сўм деб белгиланди.

Вилоятимизда жами 171 та масжидларда Рамазон ҳайити намози 2017 йил 26 июн куни 05.00да ўқилиши режалаштирилган бўлиб, барча масжидларда ҳайит намозига ва байрамига тайёргарлик ишлари тўлиқ амалга оширилди ҳамда намозхонлар учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоят вакиллиги ва барча масжидлар имом-хатиблари номидан жонажон халқимизни муборак Рамазон ҳайити байрами билан муборакбод этамиз.

Юртдошларимизга Аллоҳ таъолодан узоқ умр, сиҳат саломатлик, оилавий бахту-саодат ва улкан муваффақиятлар тилайман.

Аллоҳу таоло бу улуғ байрамни барчаларимизга муборак қилсин, ушбу байрам баракотидан юртимизни тинч янада обод айласин. Бундай улуғ байрамларга сабаб бўлган истиқлолимиз абадий бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Андижон вилояти вакили,

вилоят бош имом-хатиби

Нуриддин ҳожи Холиқназаров