Намозда Қуръонга қараб қироат қилиш

893

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Намозда Қуръонга қараб қироат қилиш

Баъзан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадан тўғридан тўғри олиб кўрсатилаётган таровеҳ намозларига гувоҳ бўламиз. Шунда баъзи бировларнинг Қуръонни кўтариб турганларини, имомнинг қироатини намозда туриб, Қуръонга қараб кузатиб боришаётганини кўриб қоламиз. Бу амал Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида намозни бузади: Имомнинг қироатини ёки ўзининг қироатини Қуръонга қараб кузатиб бораётган одамнинг намози бузилади. Агар имомга шу ҳолатида луқма берса, ундан луқма олган имомнинг ҳам ва унга иқтидо қилаётганларнинг ҳам намози бузилади. Чунки, имом ташқаридан таълим олган бўлади. Бу масъала мазҳабимизнинг энг мўътабар асарларида атрофлича ёритилган.
Шунингдек, уламоларимиз Қуръонни намозда кўтариб туриш, уни варақлаш, унга назар солиб туриш амали касир, дейдилар. Амали касир эса намозни бузади. Амали касир бу – уни қилаётган одамни ташқаридан қараган одам намоз ўқимаяпти, деб ўйлашидир. Демак, бу ерда Қуръонни бир қўлда кўтариб турса ҳам намоз бузилади, деганидир. Қуръонни кўтариб туриб, унга қараб қироат қилишда, бошқа суннатлар ҳам тарк қилинади. Масалан, иккала қўлни намозда такбири таҳримада кўтариш, қироат пайтида қўлларни қовуштириб туриш, рукуъда тиззаларни ушлаш кабиларни тарк қилишга тўғри келиб қолади.
Таровеҳни тез-шошилиб ўқиш
Баъзи ўринларда таровеҳни жуда тез ўқилишини кузатамиз. Қироатлари ҳам жуда тез, сажда ва рукуъларини ҳам тез-тез адо қилиб ўқилади. Имомга иқтидо қилганлар тасбиҳларни баъзан ҳатто уч мартадан ҳам айтиб улгура олишмайди, “аттаҳийёт”ни ўқишса ҳам, саловатларни айтиб улгура олмайдилар.
Таровеҳни бундай қилиб ўқиш макруҳи таҳримий эканлигига шак-шубҳа йўқ. Зеро, таъдили аркон, яъни, рукуъ ва саждаларда ҳамда уларнинг орасида аъзолар бир тин олгунча туриш мазҳабимизда вожибдир. Буни фиқҳ китобларимизда “тумонина” ҳам дейилади. Бошқа мазҳаблар наздида таъдили арконни бажармаслик намознинг фасод бўлишига олиб келади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъдили аркон, тумонина қилмасдан намоз ўқиётган кимсани уч марта намозини қайта ўқишига мажбур қилганлар.
Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Бир киши масжидга кириб намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид бурчагида эдилар. Ўша киши келиб Расулуллоҳга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ва алайка ассалом” деб алик олдиларда: “Қайтиб бориб намозингни ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг” дедилар. Ўша киши қайтиб бориб намоз ўқиди, сўнг келиб салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ва алайка ассалом” деб алик олдиларда: “Қайтиб борб намозингни ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг” дедилар. Учинчи маротаба ўша кимса “Менга ўргатинг” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
“Қачон намозга турсанг, бас, таҳоратни комил қил, сўнг қиблага юзлангин-да, такбир айт ва Қуръонда сенга осон бўлганича ўқигин. Сўнг рукуъ ҳолатда қарор топгунча, хотиржам бўлгунча рукуъ қил. Сўнг тикка ҳолатда адл тургунча бошингни кўтаргин. Сўнг сажда ҳолатда хотиржам бўлгунча сажда қил. Сўнг баробар ва хотиржам ўтириб олгунча кўтарил. Сўнг сажда ҳолатда хотиржам бўлгунча сажда қил. Сўнг тикка ҳолатда баробар тургунча кўтарил. Сўнг намозингни ҳаммасини шундай адо қил”.
Сажда ва рукуъда ақалли уч марта тасбиҳ айтиш суннатдир. Тасбиҳларни уч мартадан айтилиши, рукуъ ва саждада ва улар орасида тумонина қилиш ҳамма намозларга – фарзу вожибу суннату нафлларга тегишлидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ўғрилар ичида энг ёмони намоз ўғриси деганлар. “Намозини қандай ўғирлайди?” деган саволга ул зоти шариф: “Рукуъ ва саждасини тўла-тўкис бажармайди”, деб жавоб берганлар.

Шунингдек, Қуръон оятларини тафаккур ва тадаббур билан ўқиш лозим. Намозни тез тугатиб олай, деб ўйлаб туриб қироат қилинмайди.
Шуларни эътиборга олиб “Фатовойи Сирожиййа”да таровеҳларда қироатни шошилиб ўқиш, рукнларни шошилиб адо этиш макруҳ, деб фатво берилган.
Юқорида ўтган баёнотларга кўра, имомларимиз таровеҳларни шошилмасдан, қисқа суралар ҳисобига енгил қироат билан ўқиб беришлари афзалдир.

 Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Абдуғафур Ниёзқулов тайёрлади.