Нафс ўлсин-а, нафс ўлсин

883

Аллоҳ Таоло инсонга ёруғ оламни кўриши учун кўзларни, яхши ва ёмонни фарқлаши учун ақл-идрокни инъом қилган. Шундай бўлса-да, гоҳида яхши ёмонни фарқлашга ақлимизнинг ожизлиги билиниб қолади. Буни қалбнинг кўрлиги деса ҳам бўлади. Инсоннинг қалби кўрлиги унинг энг катта ожизлиги ҳисобланиб, бандани турли гуноҳлар сари бошлайди. Ҳалол меҳнат қилган кишининг ризқи, насибаси улуғ бўлади. Фирибгарлик, қаллоблик йўли билан орттирилган бойлик эвазига кун кўрувчиларнинг қисмати ҳам шунга яраша бўлади. Турли хил фириб йўли билан топилган маблағдан ризқланган фарзандлар ҳам ноқобил бўлиб вояга етадилар. Бундай фарзандлар нафақат ўз оиласи учун, балки жамият учун ҳам катта зарар келтирувчилардандир.
Шуни англашимиз керакки, ҳар қандай қаллоблик инсоннинг тақдирини аянчли якун топишига олиб келади. Фирибгарлик ва алдов йўли билан бойлик, уй-жой, мол-мулкларни ўзлаштириш жирканч ишларнинг энг олийсидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Бундай имкониятга эга бўлмасалар-чи?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ишласин, ўзига манфаат келтирсин ва садақа қилсин. Шунга ҳам қодир бўлмаса, ёмонликдан сақлансин, шу ҳам садақа ҳисобланади”, деб жавоб бердилар.
Инсонларга, нафақат ёмон амаллардан сақланиш, балки ёмонлик қилиш ниятидаги кимсаларни бу йўлдан қайтариш, уларнинг қалбида яхшилик ва эзгулик туйғуларини уйғотиш ҳар бир банданинг зиммасидаги инсонийлик бурчи ва жамият олдидаги масъулиятидир.
Ҳозирги кунда фирибгарлик шунчалик урчиб бормоқда-ки, унинг янги усулларига тез-тез гувох бўлишимиз мумкин. Улар турли хил образларда, турли хил сенарийлардан фойдаланиб, одамларни алдаш йўлини ўйлаб топишмоқда.
Аслида фирибгарларнинг найранги унчалик ҳам муваффақиятли эмас. Шундай бўлсада, содда дил халқимиз бундай “уддабурон” ларни қармоғига илиниб, чув тушаётганидан ичимиздан зил кетамиз. Фирибгарнинг ценарийсидан алдов иси келаётганини аввал-бошидан билади, ҳис қилади. Лекин… .
-Ўтган йили Муборак Рамазон ойида чув тушишимга бир баҳя қолди, – деди куни кеча бир танишим. Бир йигит дарвозамни таққиллатиб, чақириб қолди. “Лаббай” деб чиқиб бордим. Қарасам, бинойидек кийинган бир йигит эшигимиз тагида турибди.
“Келинг ука”, деб унга пешвоз чиқдим. У йигит ўзини таништирди-да, “Тўра буваникига ифторга ўн, ўн бешта одамни олиб бораркансиз” деди. Мен эса: “Ҳўп бўлади”, дея йигитни кузатиб қўйдим.
Орадан таҳминан йигирма дақиқалардан кейин яна кимдур чақирди. Чиқсам яна ўша йигит.
“Келинг, нима ҳизмат?” – сўрадим йигитдан.
“Отахон, шу десангиз танимаган одамдан пул сўрагани ҳижолат ҳам бўласан экан киши. Оғайним сафарда эди. Машинаси бузилиб, кечга қолар экан. Шунга, “бугунча ўзинг эплаб тур!”, деб ҳозиргина қўнғироқ қилди. Шу десез отахон сиздан ёрдам сўраб келдим. “Сиздан угина биздан бугина”, дейишади-ю, халқимиз. Агар сизда пластик бўлса ҳам майли, баҳонада сизнинг пластигингиз ҳам нақ пулга айланиб қоларди, менинг ҳам ишим битарди. Меҳмонларни кузатиб, пулни шу ерга олиб келиб берардим”, – деди ялиниб.
Шунчаям содда бўламанми? йигитга ўз қўлим билан пластикни қўшқўллаб топширибман. Ичида бир ойлик пенсиям ҳам бор эди…
Шу пайт ҳаллослаганча ўғлим кириб, мендан пластикни сўради. Ер солиғи, газ, сув ва светга ўтказмоқчи экан. Мен эса унга бўлган ходисани айтиб бердим.
“Эй ота, аттанг, чакки қилибсиз. Тез юринг, пластигингизни қулфлаб келамиз, фирибгарга учрабсиз”, деди-ю, машинасини юргизди.
Иккалашиб банкка бордик-да, пластикни қулфлатиб келдик. Мана шунақа гаплар…
Пайғамбримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши содда, карамли-марҳаматли бўлади. Фожир киши эса ҳийлакор, паст, хасис ва нокас бўлади”, – дедилар.
Ҳа, мўмин киши фаросатсиз эмас, аслида у алданмайди. У маккорликни ва айёрликни билмайди. Ўзи содда дил, ҳалол бўлгани учун бошқаларни ҳам ўзида билади.
Фирибгар кимса инсон қиёфасидаги шайтон ҳисобланади. Бундай кимсалар инсонлик туйғусидан маҳрумдирлар. Уларнинг танасида шайтоннинг туклари бор. Шайтон мўмини қобил инсонларни алдаш пайида бўлса, улар шундай инсонларни овлашга пайт пойлайдилар ва бу йўлда ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Чунки нафс, инсонни доимо ёмон йўлга етаклайди.
Ҳазрати Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари айтадилар:
Ямон нафсинг санинг ўтдек туташди,
Гуноҳинг бора-бора ҳаддин ошди.
Ҳа, нафсни рози қилиш йўлида қилинган ҳар бир ҳаракат инсонни фақат жаҳаннам сари етаклайди.

Андижон туман

“Аммор ибн Ёсир”

жоме масжиди имом-хатиби

Салимжон Матғозиев