Поклик ҳар жабҳада зарур. Маънавий поклик ҳам, моддий поклик ҳам Исломнинг зийнатларидандир. Инчунун, ҳар бир инсоннинг қалби ҳам, либоси ҳам, уйи ҳам, кўчаси ҳам, ичу-таши ҳам пок бўлиши лозим. Қалб инсон танасининг подшоҳи, қолган аъзолар унга эргашувчидир. Инсоннинг маънавий олами пок бўлиши, унинг ташқи оламини поклашига бевосита боғлиқдир.

     Имом Ғаззолий айтади:

     “Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки, ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!

    Бир вақтлар Оврупода масиҳий дини ҳукмронлик қилган пайтда поклик гуноҳ ҳисобланган. Кишилар ўзига, кийим-бошига узоқ вақт сув теккизмаганлари билан фахрланганлар. Ҳозирда ҳам кўпчилик назарида поклик тиббий ёхуд шахсий озодалик иши ҳисобланади.

    Исломда эса бу имон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак.

    Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Ана шундоқ покликка эга бўлмаган банда Аллоҳга ибодат қила олмайди. Яъни, намоз ҳам ўқий олмайди, Қуръон ҳам ушлай олмайди.

      Маълумки, Ислом шариатида поклик муҳим ўрин тутиб, у инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишига гаров,  десак  муболаға  бўлмайди.  Шунинг  билан  бирга  жамият  фуқароларининг маънавиятини шакллантиришда асосий омил дея эътироф этиш мумкин.

     Поклик бу инсон  табиатидаги  энг  гўзал  туйғу  бўлиб,  айнан  мана  шу туйғу  орқали  у ўзгаларнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Шунингдек, ибодатларнинг қабул бўлиши ҳам поклик асосида адо этилишига боғлиқ. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

         فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

    Яъни: “Унда  покланишни  хуш  кўрадиган  кишилар  бор.  Аллоҳ  эса покланувчиларни севар”. (Тавба сураси 108-оят)

    Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

     “Поклик  кишини  имонга  чақиради.  Имон  эса,  ўз  эгаси  билан  жаннатда биргадир”. 

    Мўмин киши уй-ҳовлисини ҳам, ишхонасини ҳам. Кўчасини ҳам покиза тутади. Мусулмонлар покликда барчага ибрат ва намуна бўлишлари керак. Тановул қилган нарсасининг пўстлоқ ва чиқитларини тўғри келган жойга ташлаб кетиш, уйдан чиққан ахлатни тўғри келган жойга ташлаб кетиш ва ариққа ахлат ёки чиқинди ташлаш мусулмоннинг иши эмас.

Умархон домла Сайдумаров

Шаҳрихон тумани Вахим жоме масжиди имом хатиби