Дунёдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган. Шунинг учун тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза тутиш ва уларни ифлослантирувчи ва зарар берувчи нарсалардан сақлаш динимизнинг амридир. Ҳозирги баҳор кунларимизни ғанимат билиб ҳар биримиз атроф-муҳитни обод қилишга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар экиб, Ватанимизни янада кўкаламзор қилиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Биз  ўтқазган кўчатлар ва ўсимликлар доимо Аллоҳга тасбеҳ айтиб туради. Бунга Қурьони каримдаги жуда кўп оятлар далолат қилади.Жумладан: “Осмонлару ердаги барча нарсалар Малик, Қуддус, Азийз ва Хакийм бўлган Аллоҳга тасбеҳ айтадир”. (Жумьа сураси, 1- оят) Уларнинг айтган тасбеҳ ва зикрлари уларни эккан ва парвариш қилган кишиларнинг номаи аьмолига ёзилади.Расулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам сўзимизни қувватлайди. Пайғамбаримиз алайҳис салом шундай мархамат қилдилар: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлур”.

       Ислом дини ҳар нарсадан аввал инсонни руҳий-маьнавий ҳам жисмоний покликка даьват этади. Аллоҳ субханаҳу ва Таоло Қурьони каримнинг бир неча ўринларида пок кишиларни хуш кўришлигини айтиб ўтган. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларида:

      “Пок бўлинглар, зеро ислом покликдир”,-деганлар.Бошқа бир ҳадисда эса:

    “Поклик кишини имонга чақиради, имон эса ўз сохиби билан жаннатда биргадир”, – деб мархамат қилганлар.Дарҳақиқат, Аллоҳ ўзи пок зот, покликни севади. . Ҳадиси шарифда шундай мархамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ пок зот, пок нарсани севади, озода зот озодаликни севади”. Шунинг учун  Исломда  ҳар бир ҳолатда пок бўлишликка эьтибор қаратилади. Жумладан намоз ўқиш учун инсон таҳорат қилиб жисмини поклашлиги, яна кийим-бош,намоз ўқиладиган жой ҳам пок бўлишлиги керак.Булардан ташқари асосий инсоннинг қалби пок бўлиши лозим.Чунки қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аьзолар унга тобедир. Агар қалб пок бўлса бошқа аьзолар ҳам покликка интилади, агар у нопок бўлса бошқа аьзолардан нопок амаллар содир бўлади, дейилади ҳадисларда. Қалб поклиги борасида Аллома Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи шундай мархамат қилганлар: “Киши зоҳирий нажосатлардан сақланиши,ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки,  улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир.Чунки, ботиний ифлосликлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён,фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб, мараз каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди. Фаришталар қандай қилиб бундай маконда қўним топсинлар?!”

      Бу борада Пайғамбаримиз алайҳис салом шундай мархамат қилдилар:     “Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир.Қачон у солих бўлса, жасаднинг ҳаммаси солих бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир,   – дедилар”.

      Қурьони карим оятларида Аллоҳ  мархамат қилади: “…Албатта Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади.”               Бу оятда моддий ва маьнавий кирлардан покланувчилар Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари эканлиги уқтирилмоқда. Гуноҳлар маьнавий кирлар ҳисобланади. Ундан тавба ва истиғфор билан покланиш мумкин. Моддий кирлардан эса таҳорат ва ғусл билан тозаланилади. Худди шунингдек атроф-муҳитимизни тоза сақлашимиз ҳам шу оятдаги мақталган тозалик қаторига киради. Расулуллоҳ  (с.а.в.)  ҳадисларида шундай деганлар: “Учта жойга: сув ўзанларига, йўлларнинг кесишган жойларига, соя-салқин ерларга ахлат ташлашдан сақланинглар (чунки, бундай жойларга ахлат ташлаган киши одамларнинг лаьнатига мустаҳиқ бўлади)”.                          Бундан ташқари Расулуллоҳ  (с.а.в.)  сувларни ифлослантиришни ҳам мань қилганлар. Жобир (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) оқмайдиган кўлмак сувга бавл қилишдан қайтарганлар”. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сувга бавл қилишни таьқиқлашдан мақсадлари, сувни ифлослантиришнинг олдини олиш эди. Шунинг учун сувни ифлослантирувчи бошқа сабаблар ҳам (масалан,сувга ахлат ташлаш, супуриндиларни ташлаш, ёғлама, мағзаваларни ариқларга оқизиш) ҳам шу ҳадисга мувофиқ таьқиқланади. Аллоҳ таоло ҳар бирларимизни қалбларимиз, жисмларимизни пок қилишликка, ҳамда юртимизни покиза сақлашликка муваффақ айласин.

 

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имоми-хатиби