Ўзингизни ва оилангизни эҳтиёт қилинг!

853

Синовли кунларда уч кишидан ортиқ киши кўчаларда ёки бошқа жойларда тўпланиши мумкин эмас. Чунки ҳеч бир инсон ким вирус юқтирувчи эканини билмайди. Ҳатто юқтираётган киши ҳам.

Бугун келинлар ҳам ота-онасини кўргани бормасин. Бироз сабр қилсинлар, ота-онасини яхши кўрганлар меҳрибонлик қиламан, деб касаллик юқтириб қўймасин. Сир эмас, бу касалликдан вафот этганлар ҳам бор ва бу маълумотлар ҳар куни бир неча бор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда.

Қариндошлар ҳам бир-бирларидан телефон орқали ҳол-аҳвол сўрасалар, силаи раҳм ўрнига ўтади. Тўй-ҳашам ва бошқа маросимлар ҳам тўхтатилди. Жанозалар ҳам фақат хонадонларда марҳумнинг яқин қариндошлари билан ўтказилади. У ҳам бўлса, коронавирусдан сақланиш даврида жанозага қатнашганлар қабристондан тарқалиб кетади. Бундай кунларда “Мени жанозага айтмади” ёки “Фалончи жанозага келмади ёки мендан хабар олмади” каби ноўрин ўпка-гиналар қилмаслик керак.

Ҳамма ўз уйида ўтириши, зарурий озиқ овқат ёки дори дармон учунгина чиқиши мумкин. Ўзингизни ва оилангизни эҳтиёт қилинг. Бундай кунларда озгина бепарво бўлиш катта кўнгилсизликларни, ҳатто ўлимни ҳам келтириши мумкин. Огоҳ бўлинг, кўзга кўринадиган душмандан ўзингизни эҳтиёт қилганингиз каби кўзга кўринмайдиган даҳшатли душмандан ҳам ўзингизни, оилангизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг!

Отабек Хусанов

Олтинкўл туман

“Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби