Аллоҳ талога ҳамду-санолар бўлсинки, Ўзининг яратган махлуқотлари ичида инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратди. Бошқа хилқатлардан ақл-фаросат, иффату ҳаё, орияту-номус билан ажратиб қўйган. Бир бирига раҳмли бўлиш, ўзганинг молига, жонига, ҳақ-ҳуқуқига тажовуз қилмаслик дину покимизда алоҳида аҳамиятга молик жабҳалардан ҳисобланади. Ҳаром луқма истемол қилиш инсоннинг кўпгина салбий оқибатларга дуч келишига сабаб бўлади. Инчунун бир инсоннинг топган ёки топиши мумкин бўлган ҳақи унинг розилигисиз бошқа бир инсонга ҳаром эканлиги кўплаб манбаларда қайд этилган.
Зеро кишининг ҳалол меҳнат эвазига топган мол-мулки онанинг оқ сутидек ҳалол деб тарифланган ва шу меҳнат ҳисобидан фарзандларини едириб ичириш иқтисодини таъминлашни Аллоҳ таоло ибодат даражасида ҳисоблангандир.
Ҳаромдан ҳазар қилмаслик, нопок луқма тановул қилиб ўсиб келаётган ёш авлодларнинг онгу-шуурига, наслу-насабига, томирида оқаётган қонига жиддий зарофат етказиши ва охиратда ҳам шунга муносиб оқибат бўлиши манбаларда қайд этилган. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ جَسَدٌ غُذِيَ بِالْحَرام”
“Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Баззор, Абу Яъло ва бошқалар ривояти). Яна бир ривоятда келишича, Расули акрам шундай марҳамат қилганлар: “Ким қаердан мол топаётганига эътибор қилмаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”.
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради. Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, Унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканига шубҳа йўқ. Жумладан, ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади.
Бир куни ҳазрати Али Фотимани тушларида кўрсалар, у жаннат эшигида турганмиш. Ҳазрати Али:
- «Эй Фотима, нега жаннатга кирмай турибсан?»-деб сўрадилар.
Фотимаи Заҳро онамиз дедилар. - «Қандоқ кирай ҳали жаннатга рухсат йўқ: сабаби-бир кишининг ҳақи бўйнимда экан. Ё Али, қўшни хотиндан тикиш учун бир игнани сўраб олган эдим, қайтариб беришни унутибман. Ўша игнани тезда эгасига қайтариб беринг. Шундагина мен жаннатга кираман».
Яна бир туш кўрдилар. Қарасалар Фотима розияллоҳу анҳо онамиз жаннатда бир баланд тахт устида ўтирибдилар. Олдиларида ҳурлар саф-саф бўлиб, қўл қовуштириб турган эканлар.
Бир тасаввур қилайлик Фотима розияллоҳу анҳо онамиздай зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари бўла туриб битта игна учун қанчалик ташвишда эдилар. Бизларчи? Бир ўзимизнинг ҳолимизга эътибор берайлик, тез бойиб кетиш ёки мақсадларимизга осонгина эришишлик учун ёр-у биродарларимиздан, ака-укаларимиздан тоғаларимиздан ёки энг яқин дўстларимиздан бирор нарса олябмизу, лекин, қайтариб беришга келганда дунё кўзимизга кўриниб кетмоқда. Алал оқибат Аллоҳ боғлаган силаи раҳм арқонини узилишига сабаб бўлмоқда. Аллоҳ барчаларимизни бировнинг ҳақига ҳиёнат қилишдан сақласин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни оқибатларимизни хайрли қилсин, кетар чоғимизда иймонимизни ўзимизга ҳамроҳ айласин. Устиимздаги бу касалликдан барчаларимиз гўзал сабр, ибрат ва бардавом дуолар билан, сўнгида савоб ва мукофот билан чиқмоқликни насиб қилсин.
Манбалар асосида Хўжаобод туман
“Гулистон” жоме масжиди имом-хатиби
Абдумуттолиб домла Усмонов тайёрлади.