Ота-она ҳақлари битмас

18

Жамият аъзолари аро ота ва она бизнинг зиммамизда энг кўп ҳақи бўлган зотлардир. Биз неки маррага етган бўлсак, уларнинг ҳиссаси бор. Ҳатто ҳар бир олажак нафасларимизда уларнинг ҳақларини ҳис қилишимиз мумкин. Ахир шулар эмасми, дунёга келишимиз сабабчилари?

Барча тафаккур аҳли бу ҳақиқатни эътироф этади. Ақл ҳам шуни тақозо қилади. Қуръони карим кўрсатмаларида ҳам ота-онага яхшилик қилиш Парвардигорнинг Ўзига ибодат қилишнинг ортиданоқ зикр қилинади. Бу маънода оятлар бисёр.

وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيماً * وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيراً

Яъни: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Эй Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт” (Исро, 23-24)

قُلْ تَعَالَوْاْ أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلاَّ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً

Яъни: “Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг. Ота-онангизга яхшилик қилинг(Анъом, 151)

وَوَصَّيْنَا الْإِنسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْناً عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ

Яъни: “Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир». (Луқмон, 14)

وَوَصَّيْنَا الْإِنسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَاناً حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهاً وَوَضَعَتْهُ كُرْهاً وَحَمْلُهُ وَفِصَالُهُ ثَلَاثُونَ شَهْراً حَتَّى إِذَا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَبَلَغَ أَرْبَعِينَ سَنَةً قَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحاً تَرْضَاهُ وَأَصْلِحْ لِي فِي ذُرِّيَّتِي إِنِّي تُبْتُ إِلَيْكَ وَإِنِّي مِنَ الْمُسْلِمِينَ

Яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийланиб ҳомиладор бўлди ва уни қийланиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ ишларни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман, деди”. (Аҳқоф, 15)

Дарҳақиқат, отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъйи-ҳаракатлари, ибрати, рўзғор юритиши билан фаол иштирок этади. Бизнинг камолга эришувимиздаги онанинг беқиёс хизматларини таърифлашга эса тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис.

Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир» деганлар ва умматларидан бу дунёда жаннат излаганларни онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Динордан ривоят қилинади:

Ибн Умар қачон Маккага чиқса эшаги бўлар эди. Туяга минишдан малолланиб қолса ўшани минар эди. Яна бошига ўраб юрадиган салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагида кетаётган эди бир аъробий ўтиб қолди.

–          Сен фалончининг ўғли фалончи эмасмисан? – сўради ибн Умар.

–          Шундоқ, — деди аъробий.

Ибн Умар разияллоҳу анҳумо эшагини бериб:

–          Мана буни миниб ол! – деди ва салласини ҳам бериб. Буни бошингга ўраб ол, — деди. Шунда у кишининг баъзи ҳамроҳлари айтдилар:

–          Аллоҳ Сизни мағфират қилсин! Бу аъробийга ўзингиз миниб турган эшагингизни ва ўзингиз бошингизга ўраб юрган саллангизни бериб юбордингиз. У киши эса:

–          Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг эзгуроғи кишининг oтаси вафoт этганидан кейин унинг дўстлари билан алoқаларни боғлашликдур”, деб айтганларини эшитганман. Унинг oтаси менинг oтам Умар (разияллоҳу анҳу)нинг дўсти эди, – дедилар.  (Имoм Муслим ривoяти)

Муҳаммадқудратбек домла Дадабоев,

Асака тумани «Ҳолмадодхоҳ»

жоме масжиди имом-хатиби