Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола ота-онасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. Фақат, уни қул ҳолида топса-ю, сотиб олиб, озод қилса, бундан мустасно», дедилар».
Шарҳ: Ота-онанинг фарзанд учун қилган меҳнатларини мукофотлаш, уларнинг ҳаққини адо қилиш жуда қийин ишлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Фарзанд бу дунёда ҳар қанча уринса ҳам, бу ишни бажариб охирига етказа олиши қийин. Мабодо, ота ёки она бировнинг қўлида қул ёки чўри бўлиб турган бўлса-ю, фарзанд уларни эгасидан сотиб олиб қулликдан озод қилсагина, мазкур ҳаққни адо қилди, дейилса, жоиз экан. Бироқ, ҳозирги кунимизда қулчилик йўқлигини инобатга оладиган бўлсак, фарзанд малолланмай ҳар доим ота-онасининг кўнглини хушнуд қилиши лозимдир.
Абу Бурда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим, у киши Ибн Умар розияллоҳу анҳуни кўрган эканлар. Яманлик бир одам орқасига онасини кўтариб олиб, Байтуллоҳни тавоф қилаётган экан. У: «Мен онамнинг минган ювош туясиман. Уловлари чарчаса ҳам, мен чарчамасман», деган шеърни айтар эди. Сўнгра у: «Эй, Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?», деди. «Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам», деди. Кейин Ибн Умар тавоф қилди. Мақомга бориб, икки ракъат намоз ўқиди-да, сўнгра: «Эй, Ибн Абу Мусо! Ҳар икки ракъат ўзидан олдин ўтганнинг каффороти бўлади», дедилар».
Шарҳ: Ўйлаб кўрадиган бўлсак, юра олмайдиган онани Ямандан Маккага олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Уни кўтариб олиб тавоф қилдириш ҳам осон эмас. Ушбу ривоят қаҳрамони бўлмиш фарзанд онасини Ямандан олиб келиб, орқасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдириш билан онасининг ундаги ҳаққини адо этган деб ўйлаган эди. У ўз фикрини катта олим саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга тасдиқлатиб олиш учун у кишига: «Эй, Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деб савол берди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу гапни айлантириб ўтирмай, лўндасини айтиб қўя қолди: «Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам», деди.
Онанинг бир марта эмизиши шунчалар қимматга эга бўлса, ҳамма эмизишларининг қиммати ва қадри, ҳаққи ва ҳурмати қанчалар бўлишини ҳар киши ўзи билиб олаверса бўлади. Онанинг эмизишдан бошқа хизматлари ҳам кўплигини ҳамма билади. Демак, фарзанд онанинг ҳаққини тўла адо этиши амримаҳол. Шунинг учун, хаёлни турли ҳисобларга бурмасдан, она розилиги учун бутун борлиғини ишга солсин.
Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Унинг уйи Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб:
«Ассалому алайкум, онажон! Ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди. Онаси ҳам:
«Ва алайка, ўғилгинам! Ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди.
«Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди.
«Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди онаси.
Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди».
Шарҳ: Мадийнанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳакам деган амир бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қўйиб кетар эди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Ислом оламида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб туради. Энди ўша улуғ саҳобий, катта обрў соҳиби, амирлар унинг олдида таъзим қиладиган зот онасининг олдида ўзини қандай тутишини кўриб қўйинг! Уйидан ҳар чиқишида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди. Уйига ҳар киришида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб кўчадан келганининг хабарини берар эди.
Аллоҳ таоло барчамизни оналарини ҳурматлайдиган, хизматларини қилиб, меҳрибончиликлар кўрсатиб дуоларини оладиган ва шу билан ўзимизга жаннатни вожиб қилиб оладиган солиҳ бандаларидан қилсин.

Отабек домла Хусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби