«(Биз инсонга) тил ва икки лабни (бермадикми)?»           

(Балад сураси, 9-оят).

    Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 март куни қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 24 мартда маъқулланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 10 апрель куни имзоланган «Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонунга асосан 21-октябрь “Ўзбек тили байрам куни” хисобланади.

    Қонун 2та моддадан иборат.

   1-моддага асосан, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди

   2-моддага кўра, қонун расман эълон қилинган кун – бугундан бошлаб кучга киради.

   Тил-миллатнинг борлигини, унинг тарихи ҳақида маълумот берувчи восита ҳамдир. Айни дамда орзу умидларимиз, истиқлолимиз, қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шунинг учун, она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

   Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида “Эрдам боши тилдир”, яъни “Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади” дейилади. Тилимизнинг нафислиги, бойлиги ва маъно нозикликлари ҳазрат Алишер Навоий ижодида ўзининг юксак ифодасини топди. Улуғ мутафаккирнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида шеърият ва бадиият тилига номуносиб деб қаралган тилимизнинг кенг имкониятлари, жозибаси ўта назокат билан шарҳланган. «Лайли ва Мажнун»да сўз, демакки, тил айтган билан совумайдиган тарона, олган билан тугамайдиган хазина, деб таърифланади:

Айтиб совумас таронасен сен,

Олиб қурумас хизонасен сен.

   “Тилга эътибор, элга эътибор”деб бежиз айтмаган бобокалонимиз А.Навоий. Узоқ мозийдан бошланган тилга эътибор айни пайтларда ҳам ўз обрўсини йўқотмаган. Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг ўз тили бўлгани каби, жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳам ўзига мос ва хос бўлган тили бор бўлиб, юртимиз унга истиқлолдан ҳам илгари эришди. Мамлакатимиз ўзи давлат тилини қўлга киритиши, истиқлолнинг дараги эди.

      Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак бўлади. “Хорижий тилларни билиш инсоннинг маданиятидан, зиёлилигидан дарак беради. Она тилини билиш эса ҳар бир фуқаро олдидаги муқаддас бурч”, деганида донишмандлар минг марта ҳақ фикрни айтишган. Ўзбек адабий тили, ўзбек адабиётини ривожлантириш соҳасида ўз олдига қўйган вазифаларни юксак даражада адо этган Алишер Навоий ўзининг ажойиб назм дурдоналарини, юксак бадиий қимматга эга бўлган «Хазойин-ул маоний», «Хамса» каби асарларини она тилида ёзиш орқали ўзбек тилининг қудратини, унинг бой тасвирий восита ва имкониятларга эга эканлигини, тўлиқ маънода бадиий адабиёт тили эканлигини амалий тарзда исботлаб берди. Ўз халқи учун унинг маданияти учун ва умуман келгуси авлодлар учун катта шарафли ишларни амалга оширди, бу билан фахрланиб:

Турк назмида чу тортиб мен алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам.

ёки:

Мен ул менки, то турк бедодидур,

Бу тил бирла то назм бунёдидур.

Фалак кўрмади мен каби нодире,

Низомий кибн назм аро қодире.

деб ажойиб фахриялар ёзди.

     Аллоҳ таоло инсонни ер юзидаги маҳлуқотлари ичида энг афзали қилиб яратган. Ҳар бир берилган неъматларни агар санамоқчи бўлсак, батаҳқиқ унинг саноғига етолмаймиз. Аллоҳ таоло инсонни тўла-тўкис, мўътадил ва энг чиройли суратда яратганлигини ўз каломи Қуръони каримда очиқ-ойдин баён қилган. Инсонда бўлган буюк неъматлардан бири бу тилдир. Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича баён қилади.

   «(Биз инсонга) тил ва икки лабни (бермадикми)?» (Балад сураси, 9-оят).

    Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Аббос розияллоҳу анҳуга: «Гўзаллигингиз мени ажаблантиради» дедилар. У киши: «Инсоннинг гўзаллиги нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар. Пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг тили» дедилар.

     Демак, тил инсонга Оллох томонидан берилган неъмат экан. Кишининг гўзаллиги унинг тили экан. Бу гўзал неъматдан бу дунёдаги ҳаётимизда  чиройли тарзда фойдаланиб, гўзал амаллар қилишга ошиқайлик!

 

 

 Бахтиёржон домла Қодиров

 Андижон вилояти Бўстон туман бош имом-хатиби