ОМОНАТ

1267

Ҳар бир давлат ва жамият ўз фуқароларининг яхши ҳаёт кечириши, яхши еб-ичиши, кийиниши, турар жойга эга бўлиши, шарт-шароитларини яхшилаш ва хавфсизлиги таъминлаш йўлида тинмай изланади, заҳмат чекади ва қайғуради. Дунёда иқтисодий инқироз ўз ҳукмини ўтказаётган таҳликали даврда бундай юксак масъулиятни амалга ошириш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунга қанчадан-қанча куч-ғайрат ва шижоат талаб этилади, албатта. Бу шарафли ишга ўзини шу юртнинг фарзандиман деб билган ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши лозим бўлади. Лекин баъзи  инсонлар буни тўғри англаб етмасликлари туфайли, қанча меҳнатлар эвазига вужудга келаётган неъматлардан кўр-кўрона фойдаланиш оқибатида исрофгарчиликка йўл қўймоқдалар. Исрофгарчиликни ҳар жабҳада еб-ичишда, тўй-ҳашамларда, газ, электр қуввати, ичимлик сувидан фойдаланишда кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло ўзининг каломида:

яъни: “…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”. деган. (Аъроф сураси 31-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида “Ҳар қандай исроф ҳаромдир” (ал-жоме ал-кабир имом Суютий) деб, исроф қилишдан қатъий қайтарганлар.

“Банда қиёмат кунида барча қилган амалларига жавоб берганидек, ҳар бир қилинган исрофи учун ҳам жавоб беради”, деб огоҳлантирилмоқда. Тўқликка шўҳлик қилиб, беписандлик билан исрофарчиликка йўл қўяётган инсонларга нисбатан Алллоҳ таоло айтадики:

яъни: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”. (Исро сураси 26-27 оятлари)

деб қиёматда ким билан бирга бўлишликка ишора қилинган. Шунинг учун, беҳисоб нарсанинг ўзи йўқлигини англаб, “Нимани хор қилсанг  шунга зор бўласан”-деган нақлга амал қилган ҳолда, бу неъматларга зор бўлмасдан туриб, барча исрофгарчиликларга чек қўйишимиз лозим бўлади. Шунингдек, халқимиз ичида учрайдиган яна бир иллат – газ, электр, сув ва ҳоказолардан ҳар хил эгри йўллар билан ўғирлаш ва ҳақини тўламаслик ҳолатидир.

Ўғирлик қандай ҳолатда нимани ўғирлашдан қатъий назар – фуқаронинг мулкими ёки давлатнинг мулкими ўз номи билан ўғирликдир. Ислом динида ўғирлик ширкдан кейинги улкан гуноҳ саналиб, пасткашликка етакловчи иллатдир. “Нурул-яқин” китобида Пайғамбаримизнинг “Аллоҳга ширк келтирмайман, ўғирлик ва зино қилмайман, деб менга байъат (қасамёд) қилинглар”, деган ҳадислари келтирилган.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ўғрилик қилаётганда имондан ажрайди…….”, (Имом Муслим ривояти) дейилган.

Шунингдек, истеъмол қилган нарсаларнинг ҳаққини тўламаслик ҳам ўғирлик саналади. Қолаверса, зулм ва омонатга хиёнатдир. Бу тўловларни тўламаганлиги учун мамлакат иқтисодиётига ва уни ишлаб чиқарувчиларга моддий зарар етказганлиги учун зулмдир. Қуръон каримда:

“Албатта Аллоҳ зулм қилувчиларни ҳидоятга йўлламайди”, деган. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқликнинг бир белгисидир. Қолаверса, ўзганинг ҳаққини ноҳақ ейиш саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

яъни: “…Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз…” (Нисо сураси 29 оят) деб амр қилинган.

Азизлар кўриб турганингиздек, сиз билан бизга арзимас саналган нарсаларнинг орқасида шунча гуноҳ мавжуд экан. Ҳаммамиз жаноза намозларида бу нарсага кўп марта гувоҳ бўлганмиз, имом жаноза намозидан аввал унинг қарзлари бор ёки йўқлигини сўрайди, унинг қилган ибодатларини сўрамайди. Чунки ҳадисда “Маййитнинг қарзи узилмагунча қабрда кишанланган ҳолатда ётади”, (ал-жоме ал-кабир имом Суютий) дейилган. Шунинг учун вақтни ғанимат билиб, қарзларимизни ўз вақтида адо этишлик ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Мақсудали домла Қосимов,

Хўжаобод тумани бош имом-хатиби