Оила қўрғони

935

Инсон зотини Аллоҳ таоло жуфт-жуфт қилиб яратиб, турли жойда, турли шароитда, турфа хил кўринишда, турли халқ, миллат ва элатлар шаклида яратиб қўйди. Инсониятнинг аввали бир оила, яъни, Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво оналаримизнинг ўзаро турмушларидан башарият вужудга кела бошлади. Замонлар ўтиши мобайнида оилалар қабилаларга, қабилалар эса ҳудудларга, ҳудудлар эса давлатларга айланди.
Бутун бир бошли давлатлар ҳам аслида бир оила вакилларининг зурриёти ҳисоблар экан ҳар биримиз ўз оиламизни ҳар томонлама мустаҳкамлаб боришимиз зарур. Оиланинг мустаҳкам бўлиши, унинг тарқалиб кетмаслиги, ўзгалар раҳна солмасликлари учун ҳар бир оила аъзоси ўзининг ҳадди чегарасини билмоғи лозим. Кундалик ҳаётда ҳар биримиз ўзимизнинг ҳақ-ҳуқуқларимиз ва мажбуриятларимиз тўла-тўкис адо эта олсак, оиламиз қўрғони албатта, мустаҳкам бўлади.
Бу хусусида “Инсон бурчи” номли китобимизда ҳам алоҳида боблар ажратиб, керакли маълумотлар жамлаган эдик.
Эрнинг хотини олдидаги бурчлари:

Асосан қуйдагилардан иборат: маҳр бериш, нафақа қилиш, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой ва рўзғор анжомлари билан таъминлаш, яхши муомалада бўлиш, озор бермаслик ва сабр-қаноатли бўлиш.
Мазкур мавзуларни мухтарам устозларимиз ўз асарларида муфассал изоҳлаб ўтган бўлсаларда ўрни келгани учун такроран ва табаррукан эслатиб ўтмоқдамиз.
Никоҳ ҳақида Шайх Муҳаммад Абу Заҳра айтадилар, «Никоҳ эркак ва аёл орасидаги яқинликни, иккаловининг ўзаро ҳамжиҳатлигини ифода қилувчи ҳамда уларнинг хуқуқ ва мажбуриятларини чегараловчи онтдир».
Никоҳнинг шариат қонунларига киритилишини ҳикматлари қуйдагилардан иборат:
1. Никоҳланган шахс ва унинг жуфти ҳалолини ҳаром ишлардан сақлаш;
2. Инсон сулоласини инқирозга учраб, йўқ бўлиб кетишидан ҳимоя қилиш;
3. Насл-насабни шаръий қонун асосида давомийлигини таъминлаш ва мухофаза қилиш;
4. Жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оилани мустаҳкамлаш;
5. Оила ва жамият аъзолари орасида ўзаро алоқаларни ривожлантириш;
Аллоҳ азза ва жалла никоҳда эрларнинг зиммасига маҳр беришни фарз қилишининг ўзига хос ҳикматлари бор.
Ислом шариати оилани мустаҳкам сақлаб, муқаддас никоҳни ҳар қандай вазиятда авайлаб-асрашни, эру-хотиннинг ўз нафсониятидан ҳам, юқори даражага қўйиб, уларнинг феъл-атворидаги хато ва камчиликлар асло ажралишларига сабаб бўлмаслигини уқтиради.
Ўз жуфти ҳалолини муборакбод қилиб, уни шарафига зиёфат уюштириб тўй қилиш ҳам эрнинг хотини олдидаги бурчидир.

Хотиннинг эри олдидаги бурчлари:

Оилада аёлларнинг ҳам ўз эрлари олдида шариат белгилаган бурчлари бор. Улар Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатлари асосида баён қилинган.
Эрнинг хотини олдидаги масъулиятлари бўлганидек, аёлнинг ҳам эрига нисбатан бир қанча вазифалари мавжуд.
Оиладаги ҳузур-ҳаловат ва бахту саодат кўп жиҳатдан аёлларга дахлдор бўлиб, унинг хулқи-одоби, яхши феъл-атвори, ширинсўзлиги ва ўз эрига бўлган меҳр-муҳаббати, эрининг уруғ-аймоғларига нисбатан хуш муомиласи, келинни ҳар жиҳатдан оила қуришга тайёр эканлигини кўрсатувчи асосий фазилатлардандир.
Эрининг топганига сабр қилиб, фарзандларига яхши таълим-тарбия бериб, ҳар қандай ҳолатда эрининг хурматини жойига қўйиб ва ҳар бир ишида унга итоатда яшаб ўтса, бундай солиҳа аёлни жойи жаннатда бўлиши ҳақида жаноби Сарвари оламнинг башоратлар бор.
Хотин кишининг ўз эрига қилган итоати, шариатга қилинган итоат деб баҳоланади.

ОТА-ОНАНИНГ БОЛАЛАРИ ОЛДИДАГИ БУРЧЛАРИ

Ҳар бир ота-она кўзининг қувончи ва ҳаётининг давомчиси бўлган фарзандларини, жонидан азиз кўриб, қалб қўри ва меҳрини ҳамда бутун борлиғини уларга бағишлайди.
Ёруғ дунёдаги ҳамма жониворлар, ҳаттоки, йиртқич, вахший хайвонлар ўз ўлжаларини тириклайин ғажиб, еб ютишга ўрганган бўлсаларда ўз болаларини ялаб-юлқаб меҳр билан парвариш қиладилар.
Инсон зоти эса ўз авлодларини, тамомила ўзгача бир муҳаббат билан, беқиёс раҳм-шафқат ва алоҳида эътибор билан тарбия қилади.
Фарзанд туғилгач эса унга муносиб ва маъноли исм қўйиш ҳам ота-онанинг бурчидир. Қиёмат кунида барча инсонлар ўз исмлари билан чақириладилар.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَ أَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَائَكُمْ. (رواه أبو داود)

Абу Довуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Албатта, Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исми ила чақирилурсиз. Бас исмларингизни чиройли қилинглар»
Демак, болага маъносиз, одамлар орасида эшитилса, хижолат чекадиган ноқулай исм қўймаслик керак.
Ота-оналар зиммасидаги боланинг ҳақларидан яна бири, қулоғига азон ва такбир айтишлик бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Кимнинг боласи туғилсаю унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас» деганлар.
Сахобаи киромлардан бирлари Абу Рофеъ розияллоҳуанҳу:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Фотима розияллоҳу анҳо, Ҳасан ибн Алини туққан вақтиларида, унинг қулоғига намозни азонини айтаётганларини кўрдим» деб Пайғамбаримиз ўз севикли набираларининг қулоғига азон айтганларини тасдиққиладилар.
Янги туғилган чақалоқ учун ақиқа қилиш Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабларига кўра мустаҳабдир.
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ақиқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур» деганлар. Мазкур ҳадисга биноан янги туғилган гўдакка исм қўйилиб, сочи олдирилади, юқорида айтилган ўша кунларнинг бирида қўй сўйилиб, хайр-эҳсон қилиниши «Ақиқа» деб аталади.

عن سمرة رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: كُلُّ غُلَامٍ رَهِينَةٌ بِعَقِيقَتِهِ، تُذْبَحُ عَنْهُ يَوْمَ سَابِعِهِ وَ يُخْلَقُ وَ يُسَمَّى. (رواه أصحاب السنن)

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди.
«Пайғамбаримиз соллалаҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир гўдакнинг ақиқаси уни гаровидир. Унинг учун еттинси куни сўйилади, сочи олинади ва исм қўйилади» дедилар.
Сийрат китобларида ёзилишича Имом Ҳасан ва укаси Имоми Ҳусайн ораларидаги фарқ ўн бир ойдан иборат бўлиб, жаноб Сарвари олам севимли набираларига ўзлари ақиқа қилганликларини Ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагича ривоят қиладилар.
«Набий салоллоху алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар».
Халқ орасида «Ўғил болага иккита қўй, қиз болага битта қўй сўйиш» ҳақидаги ҳадиси шариф машҳурлигидан, унга амал қилинади. Лекин, имконияти, оилавий шароити ҳам эътиборга олинади. Қачон қодир бўлган вақтда битта қўй ёки эчки сўйса ҳам, кифоя қилади, аммо, ақиқа учун паранда сўйишлик жоиз эмас.
Отанинг фарзандига маъноли исм қўйиб, ақиқа қилгандан кейинги бурчи ўғил болаларни хатна қилдиришдир.
Хатна қилиш Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларига кўра вожиб бўлиб, Ҳанафий ва Моликийлар наздиларида эса суннатдир. Агар гўдак киндиги кесилган ёки хатна қилинган ҳолатда туғилса, у бир фазилат ва хайрли ҳисобланиб хатна қилинмайди. Чунки, Иброҳим Ҳалилуллоҳдан бошқа барча пайғамбарлар шундай сифат билан таваллуд топганлар. У Зот эса саксон ёшга етганларида ўзларини ўзи хатна қилганлар.
Агар қандайдир сабаблар билан ёшлигида хатна қилдирилмаганлар бўлса, шариат хукмларига хилоф бўлмаган ҳолда кейинроқ бўлса ҳам хатна қилдириш уламолар томонидан жоиз дейилган. Катта ёшдаги одам Ислом динига кириб мусулмон бўлса-ю, хатна қилиш унга зарар келтириш хавфи туғилса, тарк қилинади. Унинг гувоҳлиги инобатга олинади, узрсиз хатна қилинмаган одамнинг гувоҳлиги эса эътиборга олинмайди.
Ота фарзандини ҳалол пок йўлдан ризқлантириши, унга таълим бериши, касб-ҳунар ўргатиши, соғлом эътиқод билан тарбия қилиши лозим. Тўғри ва ҳақ йўлда ўсиши учун ғамхўрлик қилиб, балоғат ёшига етганда қиз бўлса, муносиб жойга узатиб, ўғил бўлса, солиҳа келин топишлиги ҳам ота-оналарнинг зиммаларидаги бурчлардандир.
Имом Термизий қилган ривоятда: жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ота-она томонидан фарзандга бериладиган нарсани энг муҳими ва афзали одоб” эканлиги баён қилинади:

عن سعيد بن العاس رضي الله عنه أن رسول الله صلي الله عليه و سلم قال: مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ. (رواه الترمذي)

«Хеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ нарса ҳадя қила олмайди».

عن أنس بن مالك رضي الله عنه عن رسول الله صلي الله عليه و سلم قال:
أَكْرِمُوا أَوْلَادَكُمْ وَ أَحْسِنُوا أَدَبَهُمْ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини чиройли қилинглар» деганлар.
Ота-оналар, мураббийлар ва ўқитувчиларнинг яна энг муҳим бурчларидан бири, ёшларимизни аввало таълим-тарбия олишига катта аҳамият бериб, уларни маънавий таҳдидлардан ва мафкуравий хуружлар ҳамда “оммавий маъданият” деб аталмиш «Таши ялтироқ ичи қалтироқ» ғарбона урф-одатлардан ҳамда асримиз вабоси бўлган гиёхвандлик каби бузғунчи иллатлардан ҳимоя қилишдир.
Ҳаётимиз давомчиси, истиқболимиз таянчи бўлган фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, ақлан етук ва маънан баркамол бўлиб тарбияланиши учун, биз ота-оналарга бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан катта ғамхўрликлар қилинмоқда.
Мактабгача тарбия ва таълим муассасаларида, спорт соғломлаштириш мажмуъаларида қулай шароитлар яратилган. Улар энг замонавий асбоб-ускуналар ва техник жиҳозлар билан таъминланган.
Муҳтарам юртбошимиз ҳамиша: «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт», дея таъкидлаб ўтканларидек, ушбу олийжаноб мақсадлар йўлида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига Аллоҳ таоло ўзи мададкор бўлсин.

ФАРЗАНДЛАР ЗИММАСИДАГИ ОТА-ОНАНИНГ ХАҚЛАРИ ВА ФАРЗАНДНИНГ БУРЧЛАРИ

Дунёда фарзанд учун энг азиз ва мўътабар инсон ота-она ҳисобланади. Шунинг учун ҳам самовий таълимотларда Аллоҳ таоло пайғамбарлар орқали уларни ҳақларини адо қилиш муҳимлигини таъкидлаган. Ота-онани иззату ҳурмат қилиш, хизматларини қилиб, дуоларини олиш, розиликларини топиб, ҳақ-ҳуқуқларига қатъий риоя қилиш тўғрисида Қуръони карим оятларида, Суннати набавийяда ҳамда бошқа бир қанча мўътабар китобларда алоҳида баён қилинган.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзига ибодат қилганидан кейин, ота-оналарига яхшилик қилишга амр қилади. Бу икки ҳукм Аллоҳга ибодат ва ота-онага яхшилик қилиш ёнма-ён зикр этилиши ҳам ислом динида ота-онанинг ҳаққи нақадар улуғ ва муҳимлигидан далолат беради.

وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا (۲۳) وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا (۲۴)
Исро сурасида зикр қилинганким. «Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-оналарга яхшилик қилишингизни амр этади. (Эй инсон). Агар уларни бири ёки хар иккиси хузурингизда кексалик ёшига етсалар. Уларга “уф” деманг ва уларни жеркиманг! Уларга(доимо) ёқимли сўз айтинг. Уларга меҳрбонлик билан хорлик қанотини паст тутинг ва (дуода) айтингким «Эй, Роббим мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, сен ҳам уларга раҳм қилгин.
(“Исро” 23-24оятлар).
“Луқмон” сураси 14-оятида ҳам парвардигори олам ушбу оятларни нозил қилдиким:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ (۱۴)

«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик (устига) заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкрагидан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). Биз инсонга буюрдикки «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик менинг ҳузуримгадир».
Ота-онани ҳурматини жойига қўйиб, чин дилдан хизматини қилиб, розилигини топиш гўё Худонинг ризолиги билан баробар, уларга нисбатан беодоблик, итоатсизлик қилиб, ғазабларини қўзғаш ва назаридан қолиш, Худонинг қахрига учраш билан баробар.

عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: رِضَا الرَّبِّ فِي رِضَا الْوَالِدِ سَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ. (رواه الترمذي)

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинди.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Парвардигорнинг ризилиги ота-онанинг розилигида, Парвардигорнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир» дедилар.
Мўътабар китобларда баён қилинишича ота-онанинг фарзандига нисбатан саксонта хаққи бор, уларнинг қирқтаси тириклик вақтида ва қолган қирқтаси эса вафотларидан сўнг амалга оширилади. Улардан баъзи бирларини эслатиб ўтамиз:
Ота-онага сидқи дилдан хизмат қилиш, уларни розилиги ва маслаҳати билан иш қўриб, буйруқлари гуноҳ бўлмаган ишларда бўлса, уни сўзсиз бажариш, раҳм-шафқат билан ҳушмуомалада бўлиш, доимо тавозеъ билан уларга яхшилик қилишлик, шодлик ва қайғули кунларида ҳамиша ҳамдарду ҳамнафас бўлишлик, ортиқча гапини малол олмай, танбех берсалар қабул қилиш. Овозини кўтариб дилларига озор бермаслик, хизматларини миннат қилиб, жеркиб, уф деб юракларини эзиб, асабларини бузмаслик, озиқ-овқатларини, кийим-кечакларини, ётоқ жойларини ўзиникидан яхшироқ қилиб бериш. Моддий эхтиёжларини қондириш, бошқа жойда яшаса тез-тез зиёратларига келиб туриш, ҳаётлик чоғларида ёки вафотларидан кейин ота-онанинг дўстларини ҳурмат қилиш, қариндошларига силаи рахм қилиш, вафот қилганларидан сўнг ҳам ҳақларига дуолар қилиб, истиғфорлар айтиб, хайри садақотларни уларнинг номидан адо этиб туриш, фарзандлик бурчидир.
Қуръони каримда учта нарса доим уч нарса билан бирга зикр қилингани боис, бирини бажариб, бошқасини бажармаса Аллоҳ таоло бу амални қабул қилмайди.
قَوْلُهُ تَعَالَي: ” أَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَ أَتُوا الزَّكَاةَ. “

«Номозни ўқинглар ва закотни беринглар»
Кимки намоз ўқисаю, закот бермаса, Аллоҳ таоло ундан намозни қабул қилмайди.
قَوْلُهُ تَعَالَي: ”أَطِيعُوا اللهَ وَ أَطِيعُوا الرَّسُولَ“

«Аллоҳга таолога ва унинг Расулига итоат қилинглар»
Кимки Аллоҳга итоат қилиб, унинг Пайғамбарига итоат қилмаса, Аллоҳга қилган итоати қабул бўлмайди.
قَوْلُهُ تَعَالَي: ”أَنْ أَشْكُرْ لِي و لِوَالِدَيْكَ“

«Менга ва ота-оналаринга шукр қилинглар»
Кимки Аллоҳ таолога шукр қилиб, ота-онасига шукр қилмаса Аллоҳ уни шукрини қабул қилмайди.
Ота-оналаримиздан миннатдор бўлиб, хизматларини қилиб, дуоларини олмоқлик бизларга шараф келтирувчи муқаддас бурчдир.

Шахрихон туман бош имом-хатиби

И. Турғунов