Оила – муқаддас

1460

Яқинда Ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамаси қошидаги «Оила» илмий маркази мутахассислари юртдошларимиз ўртасида оилалар бузилиб кетишининг асл сабаблари мавзусида сўровномалар ўтказишди.
Шу сўровномалар натижаларига асосан оилаларнинг 22, 5 фоизи бир-бирини тушунмаслик ёки тушунишни хоҳламаслик, фарзандсизлик оқибатида бузиларкан. 15, 6 фоизи оилага ўзгалар аралашуви, 15 фоизи ўзаро жанжаллар, 11 фоизи сурункали пиёнисталик туфайли бузиларкан.
Ажрашиш бўйича энг юқори даража Сирдарё вилоятига тегишли. 2017 йили бу вилоятда жами 1095 та ажрашиш ҳодисаси кузатилган. Бу 2016 йилга нисбатан 21 фоиз кўп демакдир. (zamin.uz)
Бу маълумот ота-бобоси покиза ақидада ўтган, оилани муқаддас даргоҳ ҳисоблаб эъзозлаган инсонларнинг авлодлари учун қаттиқ иснод.
Ҳаммамизга маълумки, юртимизда оилаларни сақлаб қолишга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқарилмоқда. Бир томондан қараганда бу жуда яхши тадбир. Бу – бизларга ҳукуматизнинг кўрсатган ғамхўрлиги.
Лекин иккинчи томондан қараганда бу – бизнинг ўта лоқайдлигимиз. Аслида қариндош-уруғлар машварат қилиб тиклаб қўйиши керак бўлган оилаларга қанча-қанча ходимлар – маҳалла фуқаролари ходимлар, ҳокимият, телевидение, ҳатто ИИБ ходимларигача ўз ишларидан қолиб, оилалар билан шуғулланмоқдалар.
Биз эса токайгача овқатимизни тайёр қилиб берса ҳам оғзимизга солиб қўйишларини кутиб ўтирамиз?!
Камига оғзига солиб қўйган овқатни ҳам туфлаб юборишмоқда.
Юқоридаги маълумотда ажрашишлар сабаблари умумий берилган. Яна бошқа томондан қараганда оила қураётган эр ва хотин оилада эр-хотинлик вазифалар ва ҳақ ҳуқуқларини яхши ўрганмаган. Натижада ҳар ким ўзини ҳақ санаб, бир-биридан ҳуқуқ жиҳатидан устун келиш ҳаракатида бўлади.
Эр-хотинларнинг вазифалари ҳақидаги энг яхши кўрсатмалар шариатимиз кўрсатмаларида белгиланган. Шу кўрсатмаларга амал қилинса, иншооллоҳ, оилалар ажримларига анчагина барҳам берилади, деб ўйлаймиз.
Аввало эрнинг вазифаларидан айримларини айтамиз.
Ҳаким ибн Муовия ал-Қушайрий разияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади:
“Эй Аллоҳнинг Расули, биронтамизнинг хотинининг унда (эрнинг зимасида) нима ҳақи бор?” – деб сўрадим. Жаноб:
“Қачон овқатлансанг унга ҳам едиришинг, қачон кийинсанг уни ҳам кийинтиришингдур. Юзга урмагин, ҳақорат қилмагин ва уйдан бошқа жойда айро қилма!” – дедилар. (Абу Довуд айтади: « وَلاَ تُقَبِّحْ » − “ҳақорат қилмагин” дегани “Аллоҳ сени қабиҳ қилсин” деб айтмагин демакдур)
Амр ибн Аҳвас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул Вадоъдадаги машҳур хутбаларида жумладан эркакларга қарата шундай деганлар:
“Огоҳ бўлингларки, уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари – уларга кийим-кечак ва озиқ-овқатни чиройли қилиб қўймоқларингиздур!”
Эркак хотинга нисбатан ҳар томонлама эътиборли бўлиши керак. Бир умрлик турмуш ўртоғи сифатида ҳаёт йўлида аёлидан маъқул кўрган ҳолатини ўзи ҳам аёлига раво кўриши керак. Чунки шаратимиз кундалик ишларга ҳам, шахсий ҳолатларга ҳам беэътибор бўлмаган.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо “Хотиним мен учун қандай зийнатланса, мен ҳам хотиним учун шундай зийнатланаман” деганлар. (“Мадорикут-танзил..”. Нисопурий тафсири)
Хотинга бепарволик катта жамият муаммоларига сабаб бўлиши мумкин. Оиладаги жанжалларнинг сабабларидан бири. Чунки аёлнинг эркакда моддий ҳақи бўлгани каби шахсий ҳақлари ҳам мавжуд.
Албатта, бу сўзларимиз жуда ҳам қисқа, бироқ барча вазифалар турлари шулар атрофида жамланган.

Мухторжон Шарофуддинов. Марҳамат туман бош имом хатиб