Инсон борки, бахтли яшашни ҳохлайди. Бу йўлда жонини-молини сарфлайди. Мўмин-мусулмонлар эса қадимдан ўз динларидаги таълимотларни ўрганиб Пайғамбар алайҳис саломнинг суннатларини оилаларида тадбиқ этиб осонгина бахтли-саодатли гўзал оила бино қилиб яшаганлар. Бугунги кунда шарт-шароитлар зиёда бўлгани сари ёшларимиз тўқликка шўҳлик қилиб турли келошмовчиликлар келтириб чиқармоқдалар. Фарзандларимиз оила муқаддаслигини англаб етмаяптилар. Никоҳдек улуғ неъматни қадрламаяптилар. Динимизда бир қатор таълимотлар борки, уларни фарзандлар онг-шуурига сингдириб оилага тайёрламоғимиз зарур.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аёлларингиз билан хушмуомала бӯлиб, тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин», деган.
(Нисо сураси 19-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар»
(Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз, аҳли аёлига яхшилик қиладиганларингиздир. Мен сизларнинг орангизда аҳли аёлига яхшилик қилишда энг яхшингизман», дедилар»
(Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши (эгри) қовурғадан яратилган. У ҳеч қачон тўғри бўлмайди. Ундан шундайлигича; эгрилигича фойдалансанг, фойдаландинг. Уни тўғрилашга уринсанг синдириб қўясан. Уни синдиришинг эса, талоғини беришингдир», дедилар»
(Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни шишага ӯхшатиб, ҳамиша улар билан мулойим муносабатда бӯлишимизга амр этганлар.
Аллоҳ оилаларимизни ислоҳ этсин. Бизларни ўз динларига амал қилиб саодат топган оилалардан бўлмоғимизни насиб этсин.
АБДУРАХМОН ДОМЛА АРТИҚОВ
Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжиди имом-хатиби