МУАММОНИНГ БОШИ БИЛИМСИЗЛИКДИР

  Андижон вилояти бош имомининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, бош отинойи Шоирахон Қосимова билан суҳбат.

 — Муҳтарама Отинойи, одам савдоси, хусусан аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг камситилиши борасида фикр-мулоҳазаларингизни баён этсангиз.

  — Келинг, суҳбатимизни яқинда рўй берган бир воқеадан бошласам. Андижон шаҳрининг эски шаҳар мавзесида истиқомат қилувчи Нодира исмли аёлнинг турмуши бузилади. Сабаби анъанавий, яъни эри ичкиликка муккасидан кетган, боз устига нашавандликка йўлиққан. Гиёҳванд эркакни хотини, оиласи қизиқтирармиди. Аксинча, унга фақат пул, “дори” керак. Жазавага тушган пайтда аламини бегуноҳ жуфти ҳалолидан олиши одатга айланган. Мана шу зулм, қийноқлардан тўйган Нодира ота уйига қайтади. Аммо, бу даргоҳда ҳам унинг бошини силайдиган меҳрибон топилмайди. Боиси, ота-онаси Туркияга ишлагани кетган эди. Ҳаётдан рўшнолик кўрмаган, камситилган заифа учун бир оғиз ширин сўз худди халоскоридай туюлиши аниқ. У ана шундай кимсани интернетдан топади. Хитойлик уйғур йигит уни юпатиб,  чиройли муомаласи билан ишончига кириб, ўз юртига чақиради. “Сенга уйланаман, Туркияга олиб бориб ота-онангнинг ризолигини сўрайман”, дея ширин ваъдалар билан ҳаёлини ўғирлайди. Яқин орада ўзига нисбатан бундай ғамхўрлик, меҳрибонликни туймаган қиз узоқ ўйлаб ўтирмай ҳавойи таклифга розилик билдиради. Алал оқибат Туркия қолиб, Сурияга бориб қолади. Ўша ерда меҳр, иззат-икром, тўкин-сочинлик ўрнига, бошига аввалгидан ҳам кўпроқ ташвиш, қийноқ, азоб-уқубат тушади. Қамоқларда юриб, икки фарзанд орттиради. Ёшлар кўзини очиб олишлари учун бир аянчли ҳолатни айтиб ўтаман. Нодира ҳибсхонада ётганида “кўзи ёриб”, фарзанди киндигини консерва банкасининг қопқоғи билан ўзи кесади. Бу сўзлар айтишга осон, уни бошидан кечирган аёл аҳволини бир тасаввур қилиб кўринг.

  Яна ҳам Нодиранинг омади бор экан. Мухтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ташкил этилган “Меҳр-1” акцияси туфайли у она юртига қайтиб келди. Кеча у билан  суҳбатлашдим. Давлатимизга, Юртбошимизга раҳмат, унинг билиб-билмай қилган жинояти кечирилди, қўшимчасига икки фарзанди боғчага жойланди. Ўзи ислом асосларини ўргана бошлади. Уни ишга жойлаш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Афсуски бундай мисоллар оз эмас.

  — Чиндан ҳам Ватандан ўзга жойда бахт топиш мушкул. Аммо, айрим ёшлар бу ҳақиқатни англаб етмаётганлиги боиси нимада деб ўйлайсиз?

  — Сабаби тарбиядаги кемтиклик, илмдаги заифлик. Тахлиллар шуни кўрсатяптики, қайси оила нотинч ёки бахтни мол-дунё, бойликда деб билган бўлса, айнан ана шундай хонадонларда ўсган йигит-қизлар аср вабоси деб таърифланган одам савдосига дуч келмоқда. Илмли одам имом Ғаззолийнинг “Болонинг йўқлиги неъмат, неъматнинг йўқлиги бало” деган ҳикмати мағзини вақтида мулоҳаза қилади.

  Шу ўринда Хасан Басрийнинг бир гапи ёдимга тушди. Ул мухтарам зот: “Пулни илк бор шайтон чиқарди. Сўнгра уни пешонасига қўйди, ўпди ва шундай деди: “Кимки сени севса, у шубҳасиз менинг қулимдир”. Ахир бежиз бойлик имоннинг тузоғи, демайдиларку.

   Қаранг, Андижон шаҳрининг Бўстон даҳасида яшовчи Исмигул исмли қиз интернет орқали “қармоққа тушиб”, сал бўлмаса Сурияга кетмоқчи эди. Бахтига бу ҳуфя суҳбатлардан дарак топган яхши инсонлар яна бир фожеанинг олдини олдилар. Суҳбат давомида бу йигирма ёшли қизимизнинг исломдаги энг оддий қоидаларни ҳам билмаслиги, ҳатто аёл киши нега бошига рўмол ўрашидан бехабарлигини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушладим.  У азбаройи билимсизлиги, тафаккури саёзлиги оқибатида ҳаётини барбод қилиши мумкин эди.

  — Кейинги пайтларда одам савдосининг энг жирканч тури — фарзандини сотиш жинояти ҳам тез-тез учраётганига нима дейсиз?

  — Афсуски шундай. Бу каби инсонга хос бўлмаган уятли ҳодисалар ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабарлар кўпайиб бораётгани рост. Узоққа бормайлик, яқинда Асака туманида яшовчи она янги туғилган чақалоғини сотиб юбораётганида қўлга тушди. Маълум бўлишича у аввалги боласини ҳам “нақдлаштиришга” улгурган экан. Илгари бундай воқеалар жамоатчиликнинг кескин муҳокамасига сабаб бўлар эди. Энди эса фақат жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотларигина бу ҳақда қайғураётгандай. Ахир, қўни-қўшни, маҳалла кўй ҳамкорлигисиз бу каби ноҳуш ҳолатларга бутунлай барҳам бериш қийин кўчмайдими?

  — Одам савдоси исломда қаттиқ қораланган. Шундай экан, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги, хусусан отинойиларимиз бу борада қандай тадбирларни рўёбга чиқармоқдалар?

  — Исломнинг устуни насиҳат. Вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманларда бош отинойилар ишлаб турибдилар. Бундан ташқари 373 нафар расмий отинойилар бор. Биз фаолиятимизни бундан ўн икки йил илгари қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва Одам савдосига қарши курашиш идоралараро республика комиссияси қарорлари асосида олиб борамиз. Бундан ташқари мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосининг ҳавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қанча шартнома ва келишувлар имзоланган бўлиб, маҳалла, ташкилот ва муассасаларда ташкил этилаётган учрашувлар, “давра суҳбат”лари ҳамда маърузаларимизда ана шу халқаро ҳужжатларда баён этилган маълумотлардан кенг фойдаланамиз.

  — Қайси давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган?

  — Энг аввало маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси, шунингдек, “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказининг вилоятдаги минтақавий бўлими билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. “Истиқболли авлод” ИАМнинг асосий мақсад ва вазифаси ҳам одам савдоси ҳамда зўравонликнинг барча турларига қарши курашишдан иборат эканлиги ўзаро алоқаларимизда бизга қўл келаяпти. Улар доимо маънавият тарғиботчиларини энг тезкор, зарур ва қизиқарли ахборотлар билан таъминлаб турибдилар. Бир сўз билан айтганда бу аср вабосига қарши қўлни қўлга бериб биргаликда қурашяпмиз.

  — Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

  Суҳбатдош: Одам савдосига қарши идоралараро курашиш Андижон вилояти комиссияси аъзоси.

                                                                                                 А.АБДУЛЛАЕВ