Ният – қалб амалидир.

1348

Исломда ҳар бир нарса ниятга боғлиқ экани маълум ва машҳур.
Инсон қандай иш қилмасин, албатта бирон бир мақсадни кўзлаб қилади. Шунинг учун ҳам қалбдаги ният Исломда муҳим ўрин тутади. Шу боис, қилинаётган ҳар бир амалда ният фақат Аллоҳнинг розилиги учун холис бўлиши лозим.
Ният – қалб амалидир. Агар қалбдан ният қилиб, уни тилда ҳам зикр этса, янада яхши. Мусулмон киши дунё ҳаётида қилаётган ҳар бир ишини ибодат даражасига кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
яъни: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят).
Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандаларини фақат эзгу ишлар қилишга чорлаб, бундай дейди:
яъни: “Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин”! (Каҳф сураси, 110-оят).
Шунинг учун ҳар бир банда чинакам маърифатга эришиш учун яхши ният орқали эзгу амалларни кўпайтириши лозим. Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз.
«Ният» сўзининг луғавий маъноси ҳақида, ниятнинг моҳияти ҳақида уламоларимиз жуда чиройли, шомил ва комил таъриф берганлар. Луғавий жиҳатдан олганда ният – бир ишга қалбнинг азму қарор қилиши, шу ишни ирода қилишидир. Шаръий истилоҳда эса ният – қалбнинг ҳозир ёки келажакда муайян манфаатни жалб қилиш ёки бирор зарарни даф қилишдан иборат бўлган, инсон ўзига мувофиқ кўрган бир ишни амалга оширишга нисбатан йўналмоғидир.
Ният ҳақида гапирар эканмиз, динимизнинг асоси деб ном олган машҳур ҳадислардан бири – ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни эслаймиз. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим» деб, қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар:
яъни: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади” (Муттафақун алайҳ).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ушбу ҳадис ҳақида: “Илмнинг учдан бири – шу ҳадисда”, – десалар, Имом Шофеъий “Илмнинг ярми – шу ҳадисда”, – деб айтганлар.
Имом Абу Довуд эса “Бу ҳадис – Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир”, – деганлар.
Уламолар ҳар бир ишда ва ибодатда ниятнинг шарт эканлигини таъкидлаганлар ва бажарилган амаллар ниятсиз шаръан эътиборли бўлмаслигига ҳамда савоб берилмаслигига иттифоқ қилганлар.
Ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилинган: яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай деганлар: “Албатта Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликларни ёзиб, уни баён қилиб қўйди: “Ким бир яхшиликни қасд қилсаю, амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида унга комил бир яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар қасд қилиб, бажарса, Аллоҳ таоло унга яхши амали учун ўнтадан етти юз баробар ва ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмонликни қасд қилсаю, уни амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида унга комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни қасд қилсаю, бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ўтган замонларда аёллар, момоларимиз аввал «басмала»ни айтиб, фарзандини келажакда буюк инсон, солиҳ банда бўлишини ният қилиб уларга оқ сут берганлар. Шунинг учун ҳам бизнинг аждодларимиз улуғ инсон бўлганлар!!!
Ҳозир эса, кўпчилик аёллар боласи тезроқ ухлаши ниятида оқ сут берадилар. Шунинг учун умматнинг аксари уйқучи бўлиб қолган.
Тасаввуф намоёндаларидан бўлган Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг тасаввуфга оид “Қоидаи куллия” – Умумий қоидалар китобида айтадилар:
“Овқат қай холатда, ёки қай тарзда истеъмол қилинса, унинг қуввати шу каби ишларга сарф қилинади” деганлар.
Узоқ йўлга отланган бир мусофир киши бепаён ялангликда кетар экан узоқдан бир дарахтга кўзи тушиб, отини ўша тарафга бурди. У дарахт тагига етганида отидан тушиб қўлига қозиқни олди ва уни дарахт сояси тушадиган ерга қоқиб унга отини боғлаб қўйди. Сояда овқатланиб бир оз ҳордиқ чиқаргандан сўнг отига минар экан “Мендан кейин келган йўловчилар ҳам уловларини шу қозиққа боғлаб, ундан фойдаланса савоби тегар”, дея қозиғини қоқилган жойида қолдирди ва отига миниб йўлида давом этди.
Бир қанча вақтдан кейин бошқа бир йўловчи ўша ердан ўтиб кетар экан, у ҳам дарахт сояси остида дам олиш учун уловини дарахтга боғлади. Вақт пешиндан бир оз ўтиб қолгани учун дарахт сояси ҳам ўзидан бир оз узоқлашган эди. Йўловчи дарахт тагидан соя тарафга юрар экан оёғи ногоҳ ўтлар орасида нимагадир тегиб қоқилиб тушди. Туриб қараса, ерга қоқиб қўйилган қозиқ турибди. Мендан кейин келган йўловчилар унга чалиниб йиқилиб тушмасин, деб уни суғуриб олиб улоқтирди.
Уларнинг бирининг иши тўғри, бошқасиники эса нотўғри бўлиши керак. Аммо, Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган “Амаллар ниятларга қараб бўлади”, деган машҳур ҳадисга кўра, бу йўловчиларнинг ҳар бири қилган иши учун мукофотланади ва уларга савоб ваъда қилинади. Чунки ҳар иккаласининг ҳам қалбида одамларга яхшилик қилиш ва эзгулик бор эди. Шунинг учун ҳам бу воқеада ҳар иккала ҳолат ҳам тўғри деб баҳоланади. Демак, ҳар қандай оддий ишни қилаётганимизда ниятимизни чиройли қилсак, амалларимиз савобли ва икки дунёда ҳам фойдали бўлар экан.
Ният қалб амалидир. У ҳар бир ишимизнинг боши, ҳам охири. Ахир амалларимиз ниятларимизга қараб баҳоланади. Шунинг учун ниятни яхши қилайлик азизлар!
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишимизда яхши ниятни ҳамроҳ айлаб, ҳаётимизни эзгу ва савобли ишлар билан ўтказишимизни насиб айласин!
Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаравон қилсин.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.