Аллоҳ таоло жамики  махлуқотларни яратиб, бу дунё хаётида яшашликлари учун бир қанча неъматларини ато қилгандир. Бу неъматлари эвазига бандалардан ўзининг буйруқларига бўйсуниб, қайтарган ишларидан эса сақлашликларини амр этган. Агар бандалар Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида фикрлаб кўрсалар, уларнинг шукронаси, албатта, лозиму-лобуд эканлигини англайдилар. Аллоҳ таоло ўз неъмаматлари ҳақида “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасаларингиз унинг ҳисобига етолмайсизлар”, (Нажм сураси, 18-оят) деб марҳамат қилади.

Ушбу неъматлардан яна бири оила қуриб, фарзандли бўлиш неъмати ҳисобланади. Аллоҳ  таоло Одам алайҳис саломани яратгандан сўнг унинг чап қовурғасидан  Ҳавво онамизни яратиб, иккаласини бир муддат оила сифатида жаннатда бўлишини ирода қилди. Бундан маълум бўладики, оила қуриш (никоҳланиш) Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига берган катта  неъматларидан биридир.  Инсон  никоҳ воситасида Аллоҳ таолонинг  улуғ неъматларидан бири фарзанд неъматига эришади.

Инсон хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, ўз жамиятининг гўзал бўлишини, чиройли хулқ билан хулқланишини хоҳлайди. Ҳар қандай инсон ўзи ҳар қанча бад хулқ бўлмасин, одамлар бир-бирига чиройли муомала қилганларини, бир-бирларини ҳурмат-эҳтиром қилганларини кўрса унинг қалбида  беихтиёр бир хурсандлик  пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам жамиятни мўътадил ҳолатда сақлаш, унинг чиройини янада орттириш ҳар-бир тузумнинг, ҳар-бир партиянинг олдига қўйган асосий мақсади ҳисобланади.  Жамиятни яхшилаш  учун, унинг нималигини ва у нимадан ташкил топганлигига назар қиладиган бўлсак биринчи ўринда халқимизда машҳур бўлган “Ватан остонадан бошланади”, – деган мақол онгимизга келади. Жамият ҳар бир мўъмин-мусулмон кишини хурсанд қиладиган бўлиши учун аввало оила ва ундаги ҳар бир олиб борилаётган ишлар Аллоҳ таолонинг буйруқларига амал қилинган ва унинг қайтарган ишларидан сақланган ҳолда бўлиши лозим.

Агар оила яхши бўлса у оила жамиятнинг салоҳиятига таъсир қилибгина қолмай, балки у оилада барака, файз ва диний ривожланишга ҳам сабаб бўлади. Бу борада Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عن انس رضى الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم اذا  تزوج العبد فقد استكمل نصف الدين فليتق فى نصف الباقى

Яъни  Анас р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам :

“Агар банда уйланадиган бўлса ҳақиқатда динининг ярмини комил қилибди, бас, қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин”, – деб марҳамат қилганлар .

 Хулоса қилиб айтганда ҳар бир инсон оила қуришда ва оилада  иш юритишда Ислом таълимотларига  амал қилишлиги ҳам динимизнинг ҳам жамиятимизнинг талабидир.

Мукаммал дин – Ислом динида  никоҳнинг аҳамияти ўзига хосдир. Никоҳ сўзининг луғавий маъноси жамлаш, қўшмоқ деган маъноларни билдиради. Никоҳ сўзининг шариатдаги маносида Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ Никоҳ сўзи шариатда ҳақиқий маноси ватий, мажозий маъноси ақд (боғлаш) деб ижтиҳод қилдилар. Ва Никоҳланиш амалини ақди шаръийга (яъни ибодатлар жумласига) ҳукм қилдилар.

Никоҳ амали беш хил бўлади.

  1. Инсон ўзини ҳаромга воқеъ бўлишидан сақлай олмайдиган даражада шаҳвати кучайса, бундай инсонга никоҳ вожиб бўлади.   
  2. Инсон мўътадил бўлган ҳолатда никоҳланиш суннати муаккада бўлади.
  3. Агар инсон уйланса ўз аҳлига жабр қилиш эҳтимоли ва хавфи бўлса бундай инсонга оила қуриш макруҳдир.
  4. Агар никоҳланса ўз аҳлига жабр қилиши аниқ бўлса, бундай ҳолда никланиш ҳаром бўлади.
  5. Никоҳ ақди унга вожиб қилган нафақалардан ожиз қолишини хавф қилган вақтда ва яна никоҳдан фақатгина шаҳватни қондиришни мақсад қилса, бундай никоҳ мубоҳ бўлади.

Никоҳланиш бу дунё неъматларининг энг катта ва лаззатлиси бўлиши билан бир қаторда у ибодат ҳам бўлгандан сўнг никоҳ маросимига кетадиган сарф ҳаражатлар ва ундаги ноз-у неъматлар ҳаром шубҳотлардан  бўлмаслиги шарт. Никоҳ маросида тортиқ этиладиган нематлар жуда кўп бўлишлиги муҳим нарса эмас. Бу ҳақида Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадис ворид бўлган.       

عن انس رضى الله عنه قال ما اولم رسول الله صلى الله عليه و سلم على احد من نسائه ما اولم على زينب اولم بشاة     (متفق عليه)

  Яъни: Анас орзияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларидан биронтасига Зайнаб (онамизга) қилган валима сингари валима қилмадилар. Зайнаб (онамизга) 1 дона қўй билан валима қилганлар”, – деб марҳамат қилганлар. (Муттафақун алайҳ.)

Ҳадисдаги валима сўзи – “келинни отасининг  уйидан никоҳлаб олиб келингандан сўнг  қилинадиган маросим” маъносини ифодалайди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари ичида энг катта маросим билан  никоҳланган Зайнаб онамиз бўлиб, унга атига бир қўй билан маросим ўтказган эканлар.  Бугунги ҳаётимизда учраб турадиган ортиқча исрофгарчиликлар бу жуда ачинарли ҳолатдир. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  София онамизга никоҳланганларида толқон ва хурмо билан маросим ўтказганликлари баён қилинган. Бу маросимлардан шариатда кўзда тутилган мақсад эълон (никоҳни одамларга билдириб қўйиш)дир. Чунки маросим жумҳур уламоларининг мазҳабида суннати муаккададир. Баъзи аҳли зоҳир уламолар вожибга ҳукм қилганлар.

Бу марорсим ҳақида Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган  яна бир ҳадис билан танишиб чиқамиз.

عن ابي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه و سلم شر الطعام طعام الوليمة يدعى لها الاغنياء و يترك الفقراء من ترك الدعوة فقد عصي الله و رسوله متفق عليه

Яъни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомларнинг энг ёмонроғи унга бойлар чақирилиб, фақирлар тарк қилинган валиманинг таомидир. Кимки (валимага бўлган) чақириқни тарк қилса ҳақиқатда Аллоҳ таоло ва унинг Росулулига осий бўлибди”,- деб марҳамат қилганлар.   (Муттафақун алайҳ)

Келин келиш маросими бу таъкидланган суннат бўлган бир эҳсон бўлиб унга фақир кишиларни чақириб едириш бу мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳадиснинг иккинчи қисмида бирор бир чақириқга чақирилган инсон унга ижобат қилиб боришлиги зарур эканлиги уқтирилмоқда. Даъватга ижобат қилиш ҳар бир инсоннинг зиммасидаги мўъмин биродарининг ҳаққидир.

Бундай маросимлардан асосий мақсад  никоҳни инсонларга билдириш бўлиб уни улуғ кунларда ва улуғ жойларда қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зероки Оиша онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан никоҳ ақдлари ҳам, яна ўрталаридаги алоқалари ҳам ойларнинг улуғи, Шаввол ойида бўлганлиги ҳадиси шарифда зикр қилинган.

Бугунги кунда одамлар орасида турли миш-мишлар ҳам учраб туради. Масалан Икки ҳайит орасида, мавлуд ойида, сафар ойида тўй қилиб бўлмайди дея, асоссиз гаплар учрайди. Бу асоссиз гапларга ишонмасдан, тўйларни дабдабасиз, шариатга мувофиқ, камтаминланган оилалар, боқувчисини йўқотган оилаларни таклиф қилиб, чиройли ўтказишликка эътибор берсак мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта бу ишимиз шариатимизга ҳамда бугунги кундаги Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббусларига ҳам мувофиқ амалга оширилган бўлади.

Аҳмадали домла Худайбердиев,

Олтинкўл тумани “Кўтармачек” жоме масжиди имом-хатиби