Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида «Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди», (Моида,7) деб марҳамат қилади.

— Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга саноқсиз неъматларни, туганмас яхшиликларни ато қилди, бу неъмат ва яхшиликлари билан уни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёд қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳадя ва инъомлари биз учун кўриниб турган очиқ ва зоҳирий ёки биз кўра олмайдиган ботиний ва яшириндир, улар бизга маълум ва ёки ҳали номаълумдир. Аллоҳ таолонинг Одам боласига кўрсатган энг аввалги икроми бу уни гўзал хилқатда, аъзоларини мутаносибликда ва чиройли кўринишда яратгани, унга ҳалол ва ҳаромни, яхши ва ёмонни, ҳидоят ва залолатни, фойда ва зарарни ўргатгани, бунинг учун кўз, қулоқ ва ақл билан фазл кўрсатганидир.
Баъзи неъматлар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хабар берганлар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат  мавжуд бўлиб кўпчилик  одамлар  уни қўлдан бой берадирларБутансиҳатлик бирлан бўш вақтдир», – дер эрдилар».

Яна бир бошқа ҳадиси шарифда Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар дейилади.
Баъзан биз англаб етмаган, эътибор ҳам бермаган неъматларимиз ҳақида Раббимиз ўзи эслатиб туради. Ҳадиси қудсийда келади: Эй Одам фарзанди! Сен икки неъмат орасида тонг оттирдинг. Улардан қай бири сенга зарарлироқ эканини билмайсан: одамлардан беркитилган  гуноҳларингми  ёки  сен  ҳақли бўлмаган ҳолда эшитган мақтовларингми? Агар одамлар сен ҳақингда Менинг билганларимни билганларида, сенга салом ҳам беришмас эди. Ўша берганларимдан ҳам улуғроғи офият, одамларнинг ҳожати сенга тушиб турганида сенинг одамлардан беҳожат бўлишинг, уларнинг озоридан ҳимоя қилинишингдир. Менга ҳамд айт, неъматимнинг қадрига ет, амалингни риёдан халос эт”.

Демак, бандаларига бу турли хил икром ва неъматлар берилишининг ҳикмати, инсонларнинг Аллоҳ таолога шукр қилишлари, У зотга таслим бўлиб, ҳамд айтишлари ва У зотга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қилишлари учундир.
        Аллоҳ таоло бизларга ато этган неъматларнинг шукри қандай амалга оширилади? Қандай қилсак шукр қилгувчилардан бўламиз?

Неъматларнинг шукри ушбу уч иш билан амалга ошади:

  1. Неъмат берувчи − мунъим зотни эътироф этиш;
  2. Қалб билан Аллоҳ таолога муҳаббат қўйиш;
  3. Неъматларни Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларга, рози бўладиган ишларга сарфлашдир;

Шукрнинг яна бир ифодаси неъматларни тил билан гапиришдир. “Раббинг неъмати ҳақида сўзла” оятига биноан, Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш шаръан матлубдир. Раббингиз неъматларини эсланг оятидан уни шукрини адо қилинг, уни таъсирини кўрсатинг дейилгани ҳолда, буюк бир одоб таълим берилмоқда. У ҳам бўлса неъмат ҳақида гапириш ва уни кўрсатиш, олийжаноблик, саҳийлик каби гўзал аҳлоқлар билан хулқланишга қизиқтирилмоқда. Шунинг учун банда ўзига берилган неъматларни эслатма ва ибрат учун гапириб туриши маъқул саналган.

Карамли зотлар Аллоҳ таоло уларга ўз фазлидан ато қилган нарсаларни сарфлайдилар, уларга бу нарсаларни етказган Зотга ҳамд айтадилар. Имом Қуртубий бу оят тафсирида шукр ва сано билан Аллоҳ таолонинг неъматларини ёйинг, гапиринг, шукр билан уни эътироф қилинг деганлар. Нўъмон ибн Баширдан Имом Шаъбий ривоят қилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмабди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога шукр қилмабди. Неъматларни гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш эса куфрдир” дедилар.

Молик ибн Назла ал-Хушамий: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида йиртиқ кийим билан ўтирган эдим, молинг борми дедилар. Ҳа, Ё Расулуллоҳ! дедим. Модомики, Аллоҳ сенга мол ато қилган бўлса, унинг асарини сенинг устингда кўринсин дедилар”. Бу ҳақида Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради ва бандасида ўз неъматларининг асарини кўрмоқликни яхши кўради”,  – дедилар.

Инсон ўз етуклигига эришиши, турмушининг фаровон бўлиши, умрининг мазмунли ўтиши, ҳаётнинг маъносини чуқурроқ билиши учун ҳам бу хислатлардан насибадор бўлиши керак.  Шунинг учун шукр ва сабр киши маънавияти хазинасининг асоси бўлиб,  бунга эришиш иззат ва шараф йўли саналади.

Аллоҳнинг неъматларига доимо шукр қилишимиз керак ва зарурдир. Чунки биз бандалар қанчалик шукрни зиёда қилсак Аллоҳ таоло ҳам биз учун неъматлариини зиёда қилар экан. Аллоҳим бизларни шукр қилрувчи бандларингдан қилгин. Аллоҳумма амин!

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани “Жўрабой” жоме масжиди имомхатиби Сотволдиев Саидбурхон