Инсонлар билан бўладиган муносабатларда мулойимлик муҳим ўрин тутади. Мулойимлик – ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб ҳам қолмайди.

    Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», деб марҳамат қилади (Оли Имрон сураси, 159 ояти).

    Аллоҳ таоло ушбу амр ила Пайғамбар алайҳиссаломни қалби кенгликда, мулойимликда – кишиларни атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айблар ўтган бўлса ҳам, мусулмонларни афв этишга буюрмоқда.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ўзларига юклатилган вазифани баркамол бажаришларида мулойимлик, кечиримлилик, ҳушмуомалалик қанчалик ўрин тутганини гувоҳ бўлишимиз мумкин.

    Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», дедилар.

   Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқдаки, юмшоқлик бўлмаса, одам яхшиликка ҳам эриша олмас экан. Шунинг учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари доимо мулойим, юмшоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак экан.
Абдуллоҳ ибн Муғоффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўради. Мулойимлик учун қўполликка бермаган нарсани беради», дедилар».
   

   Демак, Аллоҳ таоло мулойимликка алоҳида ажр-савоб ва даражотлар берар экан. Шунинг учун мўмин банда мулойим, юмшоқ, ниҳоятда хушмуомала инсон бўлиши керак экан.

  Бу ҳақиқатни кундалик ҳаётимиз давомида зинҳор унутмаслигимиз керак. Афсуски, воқеъликда бундан йироқлигимиз бор. Қўполлик ва дағаллик кўпроқ мулойимликдан устун келиб қолади.

   Ислом динининг фазийлатини қарангки, ўзимизнинг бугунги кунда ҳаётимиз учун ўта зарур бўлган сифатни шахсимизда мужассам қилганимиз учун бизга ажр ва савоб ваъда қилинмоқда. Бас, ушбу марҳаматдан унумли фойдаланиш пайидан бўлишимиз керак.

Отабек домла Хусанов

Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби