Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари: Масжид илму маърифат тарқатишга хизмат қилади

689

Аллоҳ таборака ва таолога шукрки, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-омонлик ва динимизга бўлган юксак эътибор сабаб, масжидларда бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Тошкент вилояти Зангиота тумани Иттифоқ маҳалласида жойлашган “Салмон Форсий” жоме масжиди дастлаб 1992-1994 йилларда ҳашар йўли билан қурилган. Ўтган давр мобайнида масжид биноси эскириб, ер тўла қисми, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Шу йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “Салмон Форсий” жоме масжидининг янги биносига биринчи ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Муфтий ҳазратлари қурилаётган масжид қиёматгача хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маросимда масжид аҳлини ушбу Аллоҳнинг уйи билан табрик қилиб, жумладан шундай сўзларни билдирдилар:
– Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди, кўпларида ўзимиз ҳам иштирок қиляпмиз.
Муҳтарам Юртбошимизнинг раҳнамоликларида мўмин-мусулмонларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, сўнгги йилларда 24 та янги жоме масжид очилди, 116 та масжид қайтадан барпо этилди ва 200 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Эндиликда мана шундай кўркам масжидларда имом-домлаларимиз халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарур. Шунингдек, бугунги мураккаб даврда айрим ғўр кимсаларнинг бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш долзарб вазифа бўлмоқда.
Муфтий ҳазратлари сўзларининг давомида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деган ҳадиси шарифларини келтириб, мазкур жомени барпо этишга ҳисса қўшган барчанинг ҳаққига дуолар қилдилар.
Тадбирда уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжидида якунига етаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни халқимизга муборак айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати